"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8039 +176.83
  • 1 EUR = 9347.75 +265.41
  • 1 RUB = 118.05 +5.41

Қурбон ҳайити муборак бўлсин!

Истиқлол туфайли жаннатмакон мамлакатимизда ислом дини равнақи йўлида кенг имкониятлар очилди. Эътиқод эркинлиги қонуний равишда кафолатлаб қўйилди. Барча миллий ва диний қадриятлар тикланди, масжид ва мадрасаларнинг бинолари, нодир тарихий манбалар, осори атиқалар мусулмонларга қайтариб берилди. Уларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари, диний таълим  олишлари, диний адабиётларни нашр этишлари ва оммавий ахборот воситаларидан баҳраманд бўлишлари учун барча шароитлар яратилди. Pамазон ҳайити ва Қурбон ҳайитларининг биринчи кунлари дам олиш кунлари деб белгиланиб, байрам сифатида нишонланмоқда.

Ҳайит байрамлари қадимдан юртимизда ўзгача, халқимизга хос меҳр-мурувват, бағрикенглик ва саховат ифодаси бўлиб келган. 9 сентябрь куни Президентимизнинг "Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди. Бу давлатимиз томонидан юртимиз мусулмонларига кўрсатилаётган эътибор намунасидир.

Қурбонлик қилиш – закот, фитр садақаси каби молиявий ибодат бўлиб, у  Қуръони карим, ҳадиси шариф билан собитдир. Қурбонлик қилиш бошқа ибодатлар каби Аллоҳ учун дейилса-да, аслида фойдани инсон кўради. Қурбонлик қилинган ҳайвоннинг гўштидан сўйган одамнинг ўзи ва фақир-фуқаролар манфаатдор бўлади. Аллоҳ таоло эса инсоннинг қалбидаги ниятига кўра муомала қилади. Ҳақиқатан, қурбонликка сўйилган ҳайвонларнинг гўштларига ҳам, қонларига ҳам Аллоҳ муҳтож эмас. Қурбонлик қилишдан мақсад банданинг Яратувчи амрига итоатини ва тақвосини намоён этишидир. Банда ихлос билан қурбонлик қилиб, Аллоҳ йўлида жонлик сўймоқдами, демак ўша банданинг Аллоҳ таолога тақвоси бор экан. Аллоҳнинг ризолиги учун борини қурбон қилишга тайёр экан.

Қурбонлик қилиш қонун-қоидалари ва одоблари ҳақида кўплаб фиқҳ китобларида батафсил маълумотлар берилган. Қурбонлик сўйиш ҳайит намозини ўқиб бўлгач, бошланади. Шариатимиз кўрсатмасига биноан қурбонлик қилиш закот нисобига қодир кишиларгагина вожиб, деб баён қилинган (бу йилги закот нисоби 11.500.000 (ўн бир миллион беш юз минг сўм деб белгиланган эди). Агар бирор кимса қурбонлик сўйиш вақтигача мазкур пул маблағига эга бўлса, унга қурбонлик сўйиш вожиб бўлади. Қурбонликнинг аввали ҳайит намози адо этилганидан сўнг сўйилади. Унинг охирги вақти эса ҳайитнинг учинчи куни аср вақтигача.

Мана Қурбон ҳайити ҳам кириб келди. Одатда ҳайит кунида ҳамма бир-бирини улуғ кун билан самимий муборакбод этади. Ҳайит намозини адо этгандан сўнг биринчи ўринда бизларнинг дунёга келишимизга сабабчи бўлган ота-оналаримизни, улардан кейин қариндош-уруғларимизни, ёру-биродарларимизни, беморларни бориб зиёрат этамиз. Уларнинг кўнглини сўраш ва кўтаришга ҳаракат қиламиз. Айрим сабаблар билан ўзаро аразлашган кишилар ҳам бир-бирларини муборак байрам кунида кечириб, ўзаро узрлар айтиб, бир-бирларига қучоқ очадилар. Бу кун барчага қувонч улашадиган кундир.

Қурбон ҳайитингиз қутлуғ бўлсин, азизлар!

Абдураҳмон Матсапоев, "Юсуф эшон бобо” жомеъ масжиди имом-хатиби.

(Фото-http://static.norma.uz)

Янгиликни бўлишинг: