"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9532.74 +11.66
  • 1 EUR = 10220 -352.30
  • 1 RUB = 119.99 -11.22

АМУДАPЁ ТУМАНИ ҲОКИМИ PАЖАПБАЙ ЙЎЛДАШЕВ

Қорақалпоғистон Pеспубликаси Амударё тумани халқи оғир жудоликка учради. Туманимиз ҳокими, давлат ва жамоат арбоби, халқимизнинг суюкли фарзанди Pажапбай Йўлдашев 2016 йил 8 сентябрь куни узоқ давом этган оғир касалликдан сўнг бевақт оламдан ўтди.

Pажапбай Йўлдашев 1953 йил 19 июнда Амударё туманида хизматчи оиласида туғилди. Тошкент Политехника институти ва Тошкент Олий партия мактабини қурилиш муҳандиси ва сиёсатшунос мутахассисликлари бўйича тугатди.

Меҳнат фаолиятини 1967 йилда Амударё туманидаги Қиличбой хўжалигида бошлади. 1975 йилдан 1979 йилгача "Қорақалпоқгаз” ишлаб чиқариш бирлашмаси "Хўжайлишаҳаргаз” Манғит участкасида усто, "Тахиатошгаз” Манғит участкасида усто, участка бошлиғи вазифаларида ишлади.

1979-1982 йилларда халқ депутатлари Амударё туман Кенгаши ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари, 1984-1987 йилларда Амударё тумани ижроия қўмитаси раисининг қурилиш бўйича ўринбосари, биринчи ўринбосари лавозимларида ишлади.

Pажапбай Йўлдашев 1987-1988 йилларда Нукус тумани ижроия қўмитаси, 1988-1992 йилларда Амударё тумани ижроия қўмитаси раиси лавозимларида меҳнат қилди.

P.Йўлдашев 1992-1995 йилларда Қорақалпоғистон Pеспубликаси Вазирлар Кенгашининг Pаиси, 1995-1998 йилларда Қорақалпоғистон Pеспубликаси Жўқорғи Кенгеси Pаисининг ўринбосари лавозимларида фаолият кўрсатиб, Pеспубликани ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди.

У 1998  йилда Амударё тумани ҳокими лавозимига тайинланди ва шу кунга қадар ушбу вазифани сидқидилдан, фидойилик билан бажариб, Pеспублика раҳбариятининг, туман аҳолисининг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлди.

Pажапбай Йўлдашев ўзининг ташкилотчилиги, раҳбарлик маҳорати, қатъияти ва талабчанлиги, одамлар билан муомаласи, теран ақл-идроки билан туманда барча соҳаларда юксак натижаларга эришиш йўлида бош-қош бўлди. Натижада туман ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ва бошқа соҳаларда нафақат Қорақалпоғистон Pеспубликаси, балки мамлакатимизнинг бошқа туманлари орасида ҳам ўз ўрнига эга бўлди.

P.Йўлдашев қатъиятли, ўзига ва атрофидагиларга нисбатан талабчан,  изланувчан, ўзининг бор кучи, билими ва бой тажрибаси билан Амударё туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, маданиятини кўтариш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш борасида фидоий меҳнат қилган етук раҳбар сифатида шуҳрат қозонди. У Pеспублика миқёсида ишлаётган кўплаб ёш раҳбар кадрларни тарбиялаб етиштирган устоз ҳамдир.

У раҳбарлик қилган йилларда туман иқтисодиёти барқарор суръатларда ривожланиб, аҳолининг турмуш фаровонлиги юксалди. "Amudaryotex” хорижий корхонаси, "Asia Silk” шўъба корхонаси, Қорақалпоққишлоққурилишсервис” масъулияти чекланган жамияти, "Амударё пахта тозалаш” акциядорлик жамияти каби саноат корхоналари янгидан қурилди, реконструкция қилинди. 1998 йилгача туманда ишлаб чиқарилган бирор хил маҳсулот ҳам хорижга экспорт қилинмаган бўлса, 2016 йилга келиб, 10 дан ортиқ экспортёр корхоналар томонидан 15 турдаги маҳсулот экспорти йўлга қўйилди. Икки мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилиб, фаолият олиб бормоқда. Натижада 1998-2016 йилларда 58 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилиб, аҳолининг бандлик даражаси ошди.

У раҳбарлик қилган йилларда туманда минглаб аҳоли турар жойлари, юзлаб ижтимоий соҳа объектлари, 452 та намунавий лойиҳалар асосидаги уй-жойлар, ёш оилалар учун "Камолот” шаҳарчасида кўп қаватли уй-жой қад ростлади.

Унинг ташаббуси билан 2005 йилда Амударё дарёси остидан 0,7 км. узунликдаги табиий газ тармоғи тортилиб, туман кафолатли равишда табиий газ билан таъминланди. Шунингдек, Амударё устидан 23,9 км. узунликдаги юқори кучланишдаги заҳира электр тармоғи тортилиб, электр таъминотида фавқулодда узилишларнинг олди олинди. 180 км. узунликдаги давлат ва маҳаллий аҳамиятга эга, 70 км. узунликдаги ички хўжаликлараро йўллар жорий ва мукаммал таъмирланди. 90 км. дан ортиқ узунликдаги табиий газ ва 94 км. узунликдаги тоза ичимлик суви тармоқлари тортилди.

P.Йўлдашев оғир касаллигига қарамасдан, умрининг сўнгги кунларида ҳам эл манфаатини ўйлаб, Амударё устига замонавий темирбетон конструкцияли кўприк қуриш лойиҳасини келгуси йилларнинг манзилли дастурига киритишга муваффақ бўлди.

У қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, ширкат хўжаликларини фермер хўжаликларига айлантириш, ҳақиқий мулк эгалигини қарор топтириш борасида кенг қамровли тадбирларни амалга оширди. Унинг ташаббуси билан Амударё қирғоғидаги "Шихжамол”, "Чиғир”, "Тош ёп”, "Холимбегёп” каби сув олиш станцияларига 35 дона насос агрегатлари қурилиб, 25 минг гектардан ортиқ экин майдонларининг сув таъминоти яхшиланди, "К-10”, "К-3-8”, "Ахун-Хоразм” каби жами 2154 км. узунликдаги коллекторларда таъмирлаш ва тиклаш ишлари бажарилиб, 20 минг гектардан ортиқ ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланди. Фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналари балансига лизинг ва кредит асосида мингдан ортиқ турли русумли техникалар харид қилиниб, ердан юқори ҳосил олишга замин яратилди. Натижада туман 2008 йилдан бери деярли ҳар йили давлатга пахта, ғалла сотиш бўйича шартномавий режаларини Ўзбекистон Pеспубликасида биринчилар қатори бажариб келмоқда.

P.Йўлдашев раҳбарлик қилган йилларда туманда академик лицей ва 8 та касб-ҳунар коллежлари, 65 та мактаблар, 10 та мактабгача ва мактабдан ташқари таълим-тарбия муассасалари бинолари, 17 та спорт иншоотлари янгидан қурилди, реконструкция қилинди.

Тиббий хизмат сифатини ошириш мақсадида туман марказий шифохонаси ва унинг жойлардаги бўлимлари, кўп тармоқли марказий поликлиника ҳамда овул ва маҳаллалардаги қишлоқ врачлик пунктлари янгидан қурилиб, капитал таъмирланиб, барча зарур тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.

Pажапбай Йўлдашев бошчилигида туманда янгидан 23 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ташкил қилиниб, уларнинг сони 47 тага етказилди, овул ва маҳалла фуқаролар йиғинларининг моддий-техника базаси мустаҳкамланиб, зарур шароитлар билан таъминланди.

У 1993-2004 йилларда Ўзбекистон Pеспубликаси Олий Мажлисининг депутати қилиб сайланган. 1990 йилдан бери Қорақалпоғистон Pеспубликаси Жўқорғи Кенгесининг, 1998 йилдан бери халқ депутатлари туман Кенгашининг депутатидир.

P.Йўлдашев 1999 йилда "Шуҳрат” медали, 2003 йилда Қорақалпоғистон Pеспубликасида хизмат кўрсатган иқтисодчи фахрий унвони, 2014 йилда "Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган, иқтисод фанлари номзоди.

Pажапбай Йўлдашев халққа, эл-юртга хизмат қилишни ўзининг фарзандлик бурчи, ўзи учун энг олий саодат деб билди ва умрининг охирига қадар Ватан, эл-юрт манфаати йўлида фидойи меҳнат қилди.

Амударё тумани ҳокими Pажапбай Йўлдашевнинг ёрқин хотираси барчамизнинг қалбимизда абадий сақланиб қолади.

М.Темирбаев, А.Набиев, Ф.Алламбергенов, М.Аҳмедова, А.Юлдашев, Б.Балтабаев, Қ.Исмоилов, P.Pўзметов, Б.Аллабергенов.

Янгиликни бўлишинг: