"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9455.24 +21.66
  • 1 EUR = 10438.6 +84.00
  • 1 RUB = 147.25 +1.25

ИБPАТ САБОҚЛАPИГА АЙЛАНГАН “ХОТИPА ДАPСЛАPИ”

"Инсон – азиз, хотираси - муқаддас”, - дердилар доим Ўзбекистоннинг биринчи Президенти, барчамиз учун қадрли, халқпарвар, ватанпарвар инсон Ислом Абдуғаниевич Каримов.

Бутун ҳаётини эл-юрт ободлиги, халқ фаровонлиги ва осойишталиги, миллатлараро тотувлик ва тинчликни таъминлаш ишига бағишлаган Ўзбекистон Pеспубликасининг биринчи Президенти Ислом Каримов ҳақиқатан ҳам азиз халқини, ҳар бир Ўзбекистон фуқаросини қадрлаб, улуғ аждодлар хотирасига дилидаги чексиз ҳурмат ва эҳтиромини амалий ишлари билан ифода этиб яшадилар.

Мамлакатимизнинг барча ўқув муассасаларида 4 сентябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Pеспубликасининг биринчи Президенти хотирасига бағишланган "Хотира дарслари”да Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг Ўзбекистон халқига нечоғлик буюк эҳтиромлар кўрсатгани, пировардида ўзбек халқини келажаги порлоқ, энг улуғ ва энг азиз йўлга олиб чиққани, бу йўлда қилган сабр-матонати, мамлакат раҳбари сифатидаги буюк жасорати ҳақида ҳикоя қилинди.

Улуғ Юртбошимизнинг она Ватан равнақи, халқимиз олдидаги буюк хизматларини ёдга олиш мақсадида ташкил этилган "Хотира дарслари” туманимиздаги академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ва барча умумтаълим мактабларида ҳам бўлиб ўтди.

Ўқувчилар И.Каримовнинг таржимаи ҳоли билан таништирилгач, Ислом Каримовнинг Ўзбекистонни мустақил давлат  сифатида равнақ топтириш, жаҳондаги ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқиш йўлидаги фидойиликлари, Ўзбекистон мустақиллигининг асосчиси, шу баробарида мамлакат мустақил тараққиёт дастурини ишлаб чиққан, миллий тараққиёт йўлини белгилаб берган атоқли давлат  арбоби, мустақиллик йилларида мамлакатимизда амалга оширилган улкан ислоҳотлар, мислсиз ўзгаришларнинг ташаббускори ва раҳнамоси сифатидаги хизматлари ҳақидаги лавҳалар намойиш этилди.

Айниқса, ўқувчиларга "Хотира дарслари”да халқимизнинг ўзига хос хусусиятлари ҳамда жаҳон тажрибаларини ўзида мужассамлаштирган иқтисодий ислоҳотларнинг  янги модели – иқтисодиётнинг сиёсатдан устунлиги, қонун устуворлиги, ўтиш даврида давлатнинг ўзи бош ислоҳотчи эканлиги, ислоҳотларни босқичма-босқич амалга ошириш ва ниҳоят кучли ижтимоий ҳимоя каби беш машҳур тамойилни ўз ичига олган жаҳонга машҳур тараққиётнинг "Ўзбек модели” хусусида кенг ва мазмунли ҳикоя қилинди.

Ўзбекистон Pеспубликасининг ҳудудий яхлитлиги, сарҳадлар дахлсизлигини таъминлашга қодир Қуролли Кучлар, Чегара ва Ички қўшинларни замонавий ислоҳотлар асосида ташкил этиш, маънавий қадриятларга нисбатан юксак эътибор ва эҳтиром билан муносабатда бўлиш, халқаро  майдонда Ўзбекистоннинг обрў-эътиборини юксалтириш, одамларнинг онг ва тафаккурини ўзгартириш, улар онгида янги миллий ғоя, миллий мафкура асосларини шакллантириш, миллатлараро тотувлик, динлараро ва конфессиялараро бағрикенгликни қарор топтиришдек ўта улкан ва масъулиятли вазифани жасорат билан уддалагани "Хотира дарслари”нинг мазмун-моҳиятига сингдирилди. Хусусан, мазмун-моҳиятига кўра мутлақо янги таълим-тарбия тизими – Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг яратилиши ва уни амалга оширишда Президентнинг ўзи бош-қош бўлгани ҳақида батафсил сўз юритилди.

- "Хотира дарслари”да ўқувчилар Ўзбекистоннинг Биринчи Президентига қалбларида катта ҳурмат ва эҳтиром билан иштирок этдилар, - дейди халқ депутатлари туман Кенгаши депутати, 40-сонли умумтаълим мактаби директори Санобар Хўжамуродова. – Айниқса, Президентимизнинг ёшларга қарата: "Азиз фарзандларим, маррани баланд олинглар, ўқиб-ўрганиш, касб эгаллаш, изланишдан бир муддат ҳам тўхтаманг”, – деган мурожаатини такрорлашиб, келажакда ҳаётда ва ўқишда Ислом Каримов орзу қилганидай салоҳиятли инсонлар бўлиб етишишга ҳаракат қилишларини изҳор этдилар.

"Хотира дарслари” туманимизнинг барча ўқув масканларида беқиёс ҳурмат ва эҳтиром ила ўтказилди ва юртга фидойилик, ватанпарварлик, матонат ва жасорат, одамийлик тимсоли сифатида юксак маънавият ҳамда ибрат сабоқларига айланиб кетди.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА,

журналист.

Суратда: 36-сонли умумтаълим мактабида "Хотира дарси”.

Янгиликни бўлишинг: