"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7862.17 +19.07
  • 1 EUR = 9347.75 +265.41
  • 1 RUB = 118.05 +5.41

ЮPТИМ, ИСТИҚЛОЛИНГ МАНГУГА БЎЛСИН!

Тутқун қуш юксакка парвоз қила  олмаганидек, инсонга ўзлигини намоён қилиши, нималарга қодирлигини кўрсата олиши учун ҳам озодлик, эрк, имконият керак. Буни мамлакатимиз мустақилликка эришганидан бери ўтган 25 йил давомида амалга оширилган улуғвор юксалишларда ҳам кўришимиз мумкин. Ўтган тарихан қисқа даврда Ўзбекистон қолоқ аграр ўлкадан дунёдаги қудратли давлатлардан бирига айланди. Энг муҳими, халқимиз буюк аждодларимизнинг бой илмий, миллий маънавий меросидан куч олиб, ўзига хос ва мос тараққиёт йўлидан дадил одимламоқда, тинч-осойишта, фаровон турмуш кечирмоқда.

Шу боисдан-да мустақилликка эришилган кун – 1 сентябрни энг улуғ, энг азиз байрамимиз сифатида кенг нишонлаймиз.

29 август куни Болалар-ўсмирлар спорт мактабининг "Дўстлик” маҳалласи  ҳудудида жойлашган ўйингоҳида бўлиб ўтган "Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” деган эзгу ғояни ифода этувчи улкан театрлаштирилган байрам томошаси ҳам ушбу қутлуғ сананинг 25 йиллигига бағишланди.

Шарлар, байроқчалар, гуллар билан, халқимиз асрлар давомида интилиб, орзу қилиб яшаган мустақиллик деган бебаҳо неъматнинг қадр-қимматини ифодаловчи, халқимизнинг 25 йил мобайнида эришган ютуқларини, аввал ким эди-ю, бугун ким  бўлганини кўрсатувчи шиорлар, баннерлар билан безатилган улкан томошагоҳда Манғит шаҳридаги умумтаълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчи-ёшлари миллий  кийимларда саф тортишган.

Томошагоҳ ташқарисида туманимиздаги  овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари, ММТПлар, фермер хўжаликлари томонидан кўргазма ташкил этилган. Кўргазмадан жой олган турли мевалар, қовун, тарвуз, қовоқ ва бошқада маҳсулотлар, турли пишириқлар, нон маҳсулотлари билан безатилган байрам дастурхони она заминимизнинг  нақадар сахийлигидан, аёл-қизларимизнинг ана шу маҳсулотлардан нақадар нозик дид ва юксак маҳорат билан турли тотли егуликлар тайёрлай олишидан дарак бериб турибди.

Тадбир меҳмонлари туман раҳбарияти вакиллари бошчилигида аввал кўргазмани мароқ билан кўздан кечириб чиқишди. Уларга миллий либослардаги аёл-қизлар одоб билан нон тутишди.

Халқимизнинг урфига кўра, меҳмонлар дастурхондаги нондан татиб, юртимизга тинчлик-хотиржамлик, жорий йилги пахта хирмонимизга барака тилаб, дуога қўл очдилар.

"Туркманистон” ММТП кўргазмаси олдида меҳмонларни фахрий ўқитувчи Аноргул Кенжаева доира чалиб, ўйноқи қўшиқ айтиб  кутиб олди.

Ўтган йигирма беш йил ичинда,

Юртим, сарҳадларинг тинч бўлди.

Она халқим мўъжизалар яратдинг,

Ўғлинг ёқа, қизинг эса енг бўлди.

Мустақиллик тўйига

Пахталар очилибди.

Деҳқоннинг меҳнатидан

"Оқ олтин” яралибди.

Энди навбат йиғим-теримга дўстларим,

Оқ булутга қўйинг нарвон дўстларим!

Нуроний ёшга етиб қолган онахоннинг кўнгил изҳорларини ўйноқи, шўх ва кўтаринки руҳда, ёқимли оҳангда қўшиқ қилиб айтиши барча иштирокчиларнинг завқини келтирди. "Тўлқин” ММТП кўргазмаси ёнида кўкрагига медал таққан ўн нафар 5-6 ёшлар чамасидаги болакайларнинг, "Тўлқин” бокс мактаби тарбияланувчилари, қўша-қўша медаллар соҳиби Беҳзод Жуманазаров, Дилшод Қувватбоевларнинг виқор билан саф тортиб тургани йиғилганларнинг барчасининг диққатини ўзига тортди.

"Қиличбой” ММТП кўргазмаси олдида меҳмонлар сурнайнинг ҳаётбахш садолари остида нон-туз билан қарши олинди.

Туманимизда ўтказилган "Энг обод овул, маҳалла”, "Маҳалланинг  энг обод хонадони” танловлари ғолиблари тақдирлангач, байрам томошаси намойиши бошланди. Майдон узра катта-ю кичик жўрлигида Ватанимиз мадҳияси янгради.

Йиғилганларга туманимиз ҳокими Pажаббой Йўлдошевнинг байрам табригини ҳоким ўринбосари М.Темирбоев ўқиб эшиттирди.

Шундан сўнг туман Маданият ва спорт ишлари бўлими томонидан тайёрланган улкан театрлаштирилган байрам томошаси намойиши бошланди. Она Ватанимизни, мустақилликни, истиқлол берган бахтнинг нақадар азиз ва тотли эканлигини ифода этувчи куй, қўшиқ, рақс ва кўринишларни томошагоҳга йиғилган аҳоли мириқиб томоша қилиб, улкан таассуротлар олди.

Томошагоҳ пештоқидаги ўз уясида болаларини бағрига олганича бехавотир ором олаётган тинчлик рамзи – лайлак тимсоли юртимиздаги барча халқларнинг тинч-тотув, фаровон турмуши ифодасидир. Оналик ва болаликнинг муҳофаза қилиниши, ўсиб келаётган ёш авлоднинг  баркамоллигига эришиш борасидаги ғамхўрликлар натижасида барча жабҳаларда ҳам иқтидорли ва юксак салоҳиятли ёшлар камолга етмоқда. Ёшларимизга муҳтарам Юртбошимизнинг: "Ўзбекистон болалари – менинг болаларим, улар ҳеч кимдан кам эмас ва кам бўлмайди ҳам”, дея юксак ишонч билдиришлари янги-янги марраларни забт этишга руҳлантирмоқда. Кўксига турли беллашувларда ғолиб бўлиб, қўша-қўша медаллар тақиб майдонга чиққан туманимиз спортчи ёшларини бутун йиғилганлар олқишлар билан кутиб олишди, улар ижросидаги турли спорт ўйинларини мароқ билан томоша  қилишди. Дастур сўнгида миллий спорт беллашувларига навбат берилди.

Байрам томошаси барчага чексиз шодликлар ҳадя этиш баробарида она Ватанимизнинг бетакрор, ягона ва муқаддас эканлигини қалбларимизга теранроқ жойлади. Ёш-у қари, барча иштирокчилар кўнглида шундай ният жўш урди: Юртим, истиқлолинг мангу бўлсин!

Мустақиллигимизнинг 25 йиллигига бағишланган тантанали тадбирда Қорақалпоғистон  Pеспубликаси Вазирлар Кенгаши Pаиси Баҳодир Янгибоев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, халқ севган санъаткор Ёдгор Саъдиевлар иштирок этдилар.

Ойгул PАЖАБОВА,

журналист.

Янгиликни бўлишинг: