"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7909.37 -35.07
  • 1 EUR = 9306.16 +43.21
  • 1 RUB = 126.72 -1.73

МУСТАҚИЛЛИК – БУ ХУКУК ДЕМАКДИP

Халқимиз ҳар йили  Ўзбекистон Pеспубликаси давлат мустақиллигига эришган санани муқаддас билиб, катта тантаналар билан нишонлайди. Ушбу қутлуғ сана муносабати билан босиб ўтган йўлимизни, амалга оширган ишларимизни сарҳисоб қилиб оламиз.

Мустақиллик - энг аввало, ўз тақдиримизни ўз қўлимизга олиш, ўзлигимизни англаш, миллий қадриятларимизни, урф-одатларимизни тиклаш, ҳаммамиз учун мўътабар шу заминда, ҳар бир хонадонда тинчлик-осойишталикни барқарор қилиб, бахтиёр ва ҳур яшаш имконини берди.

Биз учун мустақиллик - Аллоҳнинг ўзи эл-юртимизга инъом этган табиий бойликларга эгалик қилиш, халқимиз қудрати, салоҳияти, ақл-у заковатига таяниб, Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир инсон, ҳар бир оила учун муносиб ҳаёт қуриш, келажак авлодлар учун озод ва обод Ватан қолдириш имконини берди.

Мустақиллик йилларида суд-ҳуқуқ ислоҳотлари доирасида нотариат, адвокатура, ФҲДЁ органлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу йўналишдаги чора-тадбирлар фуқаролар ва юридик шахсларга малакали юридик ёрдам кўрсатишга асос бўлаётир.

1998 йил "Оила йили” деб номланди, шу муносабат билан махсус давлат Дастури ҳаётга татбиқ этилди. Худди шу йили Оила Кодекси кучга кирди. 2002 йилда Кодекснинг 17-моддасига никоҳланувчи шахсларни давлат соғликни сақлаш муассасаларида бепул тиббий кўрикдан ўтказишни кўзда тутувчи қўшимча киритилди. Унга асосан ҳукуматимизнинг 2003 йил 25 августдаги 365-сонли қарори билан "Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида”ги низом тасдиқланди. Бу эса тиббиёт муассасалари қатори ФҲДЁ органлари зиммасига ҳам алоҳида масъулият юклади. Аҳамиятлиси, бу каби саъй-ҳаракатлар соғлом зурриёднинг дунёга келишига хизмат қилмоқда.

Кейинги йилларда ФҲДЁ органлари фаолиятини такомиллаштиришга ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидалари, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) органларида иш юритиш тартиби ҳақидаги йўриқнома, Фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларининг шакллари ва уларни тўлдириш бўйича қоидаларнинг қабул қилиниши, "Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари тўғрисида”ги низомнинг янги таҳрирда ишлаб чиқилиши, ФҲДЁ органлари масъул ходимларига махсус унвонлар, янги мартаба даражаларининг берилиши соҳага бўлган эътиборнинг ёрқин намунаси, дея эътироф этиш мумкин.

Ҳар бир халқ ўз тарихий илдизларидан озиқланиб, равнақ топади. Шу маънода мустақиллик тарихини ўрганишимиз бизни қувватлантиради, янги-янги марралар сари етаклайди. Истиқлолнинг 1991 йил 1 сентябрдан кейинги шонли тарихини мулоҳаза қилиш – халқ сифатида бугунги фаровон турмушимизга эришиш замирида қандай машаққатлар ётганини, қандай мураккаб йўлларни матонат билан босиб ўтганимизни эсдан чиқармасликка, тинчлик-хотиржамлигимизнинг қадрига етишга ундайди.

Санобар ХОЛБОЕВА,

туман ФҲДЁ бўлими мудираси.

(Фото-http://sharqyulduzi.uz)

Янгиликни бўлишинг: