"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9490.77 +22.73
  • 1 EUR = 10455 -115.20
  • 1 RUB = 148.82 -1.13

СИФАТЛИ ТАЪЛИМ-ТАPБИЯ – БОШ ВАЗИФАМИЗ

Бу йилги халқ таълими ходимларининг  "Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилаётган анъанавий  Август  Кенгашлари Pеспубликамиз мустақиллигининг чорак асрлик тўйи арафасига тўғри келмоқда.

Айни кунларда барча вилоятларда, туманларда, юртимизнинг ҳар бир маҳалласи-ю ҳар бир гўшасида бўлгани каби туманимизнинг ҳам ҳар бир қишлоғи ва меҳнат жамоаларида энг улуғ, энг азиз байрамимиз – истиқлолимизнинг 25 йиллик тўйини муносиб нишонлашга бағишланган тадбирлар авжига чиқмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, мен азиз ҳамкасбларимни, бутун туманимиз халқини шахсан ўз номимдан ҳамда туманимиз маорифчилари номидан ушбу қутлуғ байрам билан қизғин муборакбод қиламан!

2011 йилда мамлакатимиз мустақиллигининг 20 йиллик байрами арафасида ҳам таълим соҳасида ўтган 20 йил давомида амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилиб, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, уларнинг натижалари, яратилаётган қулайликлар ва энг асосийси, халқимиз турмуш тарзининг нақадар тезлик билан яхшиланиб бораётганлиги тўғрисида ғурур билан фикр юритган эдик. 20 йил ичида эришган ютуқларимизга ўтган 5 йил муддат ичидаги муваффақиятларимизни ҳам қўшиб сарҳисоб қилсак, юртимизда олиб борилаётган одилона сиёсатнинг самараси нақадар салмоқли эканлигини англаш қийин эмас.

Орадан ўтган 25 йил нисбатан қисқа давр бўлса ҳам ушбу муддат ичида мисли кўрилмаган янги-янги марралар забт қилинмоқда. Буни оддийгина рақамларда ҳам кўришимиз мумкин:

1991 йилда туманимизда замонавий биноларда жойлашган мактаблар сони 24 тани ташкил қиларди. Бугунги кунга келиб улар сони 62 тага етди.

Мактабларда мавжуд замонавий компьютер синфлари сони атиги 4 тани ташкил қилган бўлса, бугунги кунда улар сони 56 тани ташкил қилади, бундан ташқари яна 36 та мактабда персональ компьютерлар мавжудлигини ҳисобга олсак, бу борада шароитлар нақадар яхшиланиб бораётганлигининг гувоҳи бўламиз.

Жами мактабларимизнинг 24 тасидагина спорт заллари мавжуд эди. Ўтган давр мобайнида ушбу кўрсаткичимиз жорий йилда фойдаланишга топширилган 32-сонли ҳамда 34-сонли мактаблар спорт заллари билан қўшиб ҳисоблаганда 51 тани ташкил қилади.

Туманда телефонлаштирилган мактаблар сони 2008 йил ҳолатига 16 тани ташкил қилган бўлса, бугунга кунга келиб, умумтаълим мактабларининг барчаси тўлиғи билан телефонлаштирилди.

Таълим муассасаларимиз авваллари фақат орзу қилганимиздай замонавий лаборатория ва фан хоналари, зарур жиҳозлар ва асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.

Туманимиздаги таълим муассасаларида ўтган ўқув йилига солиштирганда ҳам мақтанса арзигулик ишларимиз бор.

Таълим-тарбия самарадорлигининг асосий кўрсаткичларини ўқувчилар ўртасида ўтказиладиган Билимлар беллашуви, фанлар Олимпиадаси ва шу каби муҳим аҳамиятга эга бўлган кўрсаткичларни ўз ичига қамраб олган комплекс параметрлар асосида таълим сифатини баҳолаш натижалари ҳамда рейтинг кўрсаткичлари ташкил қилади.

Ушбу йўналишга назар ташласак, тубандаги натижалар кўзга ташланади:

Билимлар беллашувининг 3-босқич – Қорақалпоғистон Pеспубликаси босқичи натижаларига кўра 3 та биринчи, 5 та иккинчи ва 17 та учинчи – жами 25 та совринли ўринлар билан туманимиз Нукус шаҳри, Тўрткўл ва Қўнғирот туманларидан кейин 4-ўринни эгаллаб турибди.

Комплекс параметрлар бўйича туманимиз Ўзбекистон Pеспубликасидаги 194 та туман ва шаҳарлар орасида 67-ўринни эгаллади. Эътиборли томони шундаки, туманимиз 2014-2015 ўқув йилида 98-ўринда бўлган бўлса, 2015-2016 ўқув йили якунларига кўра 31 та ўринга юқорилаб, 67-ўринни эгаллади.

Ушбу кўрсаткич бўйича туманимиз Қорақалпоғистон Pеспубликасида 2014-2015 ўқув йилида 8-ўринда бўлган бўлса, 2015-2016 ўқув йили якунларига кўра 3 та ўринга юқорилаб, 5-ўринни эгаллади.

Тумандаги 16-, 15- ва 40-сонли умумтаълим мактаблари Қорақалпоғистон Pеспубликасидаги энг илғор 20 та мактаб қаторидан ўрин эгаллади.

Ҳар йили анъанавий Август Кенгашлари ўқув йили якунларини таҳлил этиш, эришилган ютуқларни мустаҳкамлаш, йўл қўйилган камчилик ва нуқсонларнинг сабабларини аниқлаш, янги ўқув йилида уларнинг такрорланишига йўл қўймаслик чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ҳамда таълим сифатини оширишга қаратилган вазифаларни белгилаб олиш, ўқитишнинг замонавий технологияларини амалиётга жорий этган ҳолда ўқувчиларда барча фанларга қизиқиш уйғотиш мақсадида ташкил этилади.

Жорий ўқув йилида олдимизда турган вазифаларни муҳокама қилиш  бу йилги Август Кенгаши кун тартибида турган энг долзарб масалалардир. Юқорида келтирилган асосий йўналишлар бўйича тегишли умумлашмалар чиқариб, таълим сифатини яхшилаш, олдимизга қўйилган мақсад ва орзуларимизга эришиш бўйича аниқ хулосаларга эга бўлсак, келгуси фаолиятимизнинг бундан ҳам самарали бўлишига эришамиз.

Азиз ҳамкасблар! Барчамиз эзгу орзу-умидлар билан қарши олаётганимиз – мустақиллигимизнинг 25 йиллиги ва янги ўқув йили билан барчангизни яна бир бор қутлайман! Машаққатли ва масъулиятли фаолиятингизда толмас куч-қувват тилайман!

Аширбой ҚЎШАЕВ,

туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мудири.

Янгиликни бўлишинг: