"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8374.1 -18.96
  • 1 EUR = 9410.81 -136.15
  • 1 RUB = 126.18 -1.32

СПОPТ – ТУPМУШ ТАPЗИМИЗГА СИНГИБ БОPМОҚДА

Ёш авлодни соғлом ва баркамол қилиб вояга етказишда жисмоний тарбия ва спортнинг аҳамияти катта. Шу боисдан-да кейинги йилларда ўсмир-ёшларни жисмонан чиниқтириш, соғлом бўлиб улғайишларига эришиш мақсадида мазкур соҳага эътибор кун сайин кучайтирилмоқда. Айниқса мактаб ўқувчилари учун уч босқичда "Умид ниҳоллари”, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва академик лицей ўқувчилари учун "Баркамол авлод”, олий таълим муассасалари талабалари учун "Универсиада” мусобақаларининг ўтказилаётганлиги спортнинг оммалашишига ва ўсмир-ёшлар, талабалар орасидан иқтидорли  спортчиларнинг етишиб чиқишига асос бўлмоқда.

Ҳозирги кунда туманимизнинг қайси бир таълим муассасасига борманг, замонавий услубда қурилиб, жиҳозланган қишки ва ёзги спорт залларини, майдончаларини кўрасиз. Ва  улар болаларнинг ҳақиқий  спорт маҳоратини оширишига ва чиниқишига  хизмат қилаётганига гувоҳ бўласиз.

Кейинги йилларда туманимизда 6 та мини футбол майдончаси қурилиб, фойдаланишга топширилгани спортнинг шу турига қизиқувчилар учун айни муддао бўлди ва мини футбол ривожланишига асос бўлаётир.

Булардан ташқари ўтказилаётган маҳаллалараро мусобақалар, турли саналарга бағишлаб ўтказилаётган мусобақалар ҳам спортнинг оммалашувига ҳисса қўшаётир.

Айниқса, "Отам, онам ва мен спортчи оиламиз”, "Маҳалламиз паҳлавонлари”, "Қувноқ стартлар” каби мусобақаларнинг доимий ўтказиб келинаётганлиги спорт ишқибозларини тобора кўпроқ жалб қилмоқда.

Қисқа қилиб айтганда, бугунги кунда спорт – халқимизнинг турмуш тарзига тобора сингиб бормоқда ва бу саломатликни сақлашга хизмат қилаётганлиги билан жуда аҳамиятлидир.

Мен бундан спорт фахрийси сифатида жуда қувонаман ва ёшларимиз яратилган имкониятлардан фойдаланиб, улкан ютуқларни қўлга киритаверишларини тилаб қоламан. Бизга мана шундай имкониятларни берган мустақиллигимизнинг 25 йиллиги барча юртдошларимизга қутлуғ бўлсин!

 

Бахтиёр PАЖАБОВ,
спорт фахрийси.
(Фото - http://xs.uz)
Янгиликни бўлишинг: