"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8374.1 -18.96
  • 1 EUR = 9410.81 -136.15
  • 1 RUB = 126.18 -1.32

УСТОЗИМ - ОТАМ

1944 йил қиш чилласида Хитой қишлоғининг Сори овулида дунёга келган отамга ота-онаси умри узоқ бўлсин, дунё омон турсин деган ният билан Турсунбой деб исм беришган. Бобо, момолари эл корига ярайдиган, серфарзанд, сердавлат бўлсин деб дуо қилишган.

Орадан йиллар ўтди, Турсунбой Ўрозимбетов эл корига яради. Ўқитувчи бўлиб, ёш авлодга таълим-тарбия берди. Фидойи меҳнатлари эвазига муносиб тақдирланди. Эл-у юртнинг дуосини олиб, тўйларга бош бўлди. Унинг айтган келин саломларини эшитган отахону онахонлар, "умрингдан барака топ, фарзандларинг роҳатини кўргин”, -дея олқишлашди.

Давраларга жўшқинлик, кўтаринки кайфият олиб кирган, сухандонлигини кўрган элдошлари "қойил-е” дея тан беришди.

Дўстлар даврасида доим ҳурмати баланд бўлди. Буни кўрган ота-онанинг қалби қувончга тўлди. Фарзандлари эса "бу менинг отам” дея фахрланишди.

Дарҳақиқат, кўча-кўйда, бозор-ўчарда, тўй-ҳашамларда отамнинг шогирдлари: "ие, устознинг қизлари-ку”, - дея саломлашганда, "Турсунбойнинг қизимисан?” – дея қувончдан юзлари ёришиб ҳол-аҳвол сўрашган отамнинг дўстларини кўрганда шундай инсоннинг фарзанди бўлганимдан қалбим фахрга тўлиб, бошим осмон қадар юксалади.

Эҳтимол, мен отамга шогирд бўлиш даражасида эмасдирман, аммо отам – устозим дейиш мен учун шараф!

Чунки отажонимнинг синфга кириб, мумтоз адабиёт намуналаридан, янги давр ва қардош халқлар адабиётидан ўқиган ғазалу шеърлари, насрий асарлар қаҳрамонлари нафасини ҳис қилиш даражасида тушунтириб берган мавзулари, она тилимизнинг нақадар рангинлиги, биргина товуш ёки биргина тиниш белгисининг аҳамияти ҳақидаги бетакрор сабоқлари ҳали-ҳануз қулоғимда.

Эҳтимол, худди ўша пайтлардан менга отам каби ўқитувчи бўлиш энг катта орзуга айлангандир. Аммо, бугун мен азиз устозим-отам каби бўлмасам ҳам унга издош бўлганимдан беҳад мамнунман.

Азиз Отажон! Сиз менга ва фарзандларингизга бу нурли ҳаётдан завқ олиб, ўзгаларга завқ улашиб яшашни ўргатдингиз. Сиз борсизки, бошимиз баланд, хонадонимиз файзли, муаммолар ечимли.

Аллоҳдан тилагим, невара-ю чевараларингиз қувончли кунларида ҳам онажоним билан хонадонимиз файзи бўлиб яшанг.

 

Азиз ота-онам, меҳр дарёйим,

Сизлардир умримнинг улуғ тождори.

Йўлларим ёритган нурли зиёйим,

Мен қарзим узолмам то умрим бўйи.

 

Қуюнлар айланса, довуллар турса,

Тоғ каби бизларнинг қалқонимизсиз.

Саратон ёқса-ю қовжираб, сўлсак,

Ҳаёт бахш этгувчи уммонимизсиз.

 

Қоронғи тунларни ёритган Ойсиз,

Тириклик нурини таратган Қуёш.

Тошда гул ундирган оби-ҳаётсиз,

Тилагим, Аллоҳим берсин улуғ ёш.

Ширин ЎPОЗИМБЕТОВА,

6-сонли мактаб.

Янгиликни бўлишинг: