"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9433.34 -13.65
  • 1 EUR = 10354 +21.20
  • 1 RUB = 145.75 -1.19

ЧЕКИШНИ ТАШЛАМОҚЧИМИСИЗ? БУ ҚЎЛИНГИЗДАН КЕЛАДИ!

Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилоти томонидан (ЖССТ) 1987 йил 31 май - Бутун жаҳон тамакисиз кун деб эълон қилинди. Ушбу кун "Тамакисиз ҳаёт” шиори остида хотин-қизлар ва болалар организмига тамакининг иккиламчи тутунининг зарарли оқибатлари ва уларнинг олдини олиш мавзусида давра суҳбатлари, спорт тадбирлари, расмлар кўрик-танловлари тарзида кенг нишонланади.

Чекиш кўпгина касалликлар сабабчиси бўлмай, алоҳида касаллик – тамакига қарамлик ҳамдир. Чекишни ташлашни аҳд қилмоқ қийин ва муҳим масала. Лекин чекишни ташлаш ҳеч қачон кеч бўлмайди. Агар ўпкангиз зарарланган бўлса ҳам сиз чекишни ташласангиз, унинг "қариши” секинлашади, худди чекмайдиган кишилар каби.

Чекиш ўпкани зарарлайди. Кислород етишмаслиги ва бронхлардаги шамоллаш сабабли, кучли, узоқ давом этувчи йўтал безовта қилади. Натижада оғир сурункали ўпка касаллиги ривожланади. Тамаки тутунида 3000 дан зиёд кимёвий моддалар бор, улардан 60 таси ракни чақиради. Чекиш халқум, оғиз бўшлиғи, қизилўнгач, ошқозон ости бези, буйрак ва сийдик пуфаги ракига ҳам олиб келади.

Демак, зудлик билан чекишни ташлаш зарур! Чунки бу сизнинг умрингизни узайтиради. Чекиш инсон умрини 15-20 йилга қисқартиради. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра ҳар йили 5 млн. аҳоли чекиш сабабли эрта ўлим топади.

Сиз чекишни ташламоқчимисиз? Унда тезда  тамакини рад қилиш кунини белгиланг! Уйдаги, ишдаги, машинадаги барча сигарет, кулдон, гугурт ва бошқа воситалардан холос бўлинг. Уйингизда, машинангизда чекишни ман қилинг.

Чекишдан ўзингизни чалғитишга ҳаракат қилинг. Агар қаттиқ хумор сизни тарк этмаса, ким биландир гаплашишга ёки ёқимли бирон бир иш билан шуғулланишга ҳаракат қилинг:

- биринчи кунлари одатий кун тартибингизни ўзгартиринг;

- алькоголли ичимликлар ичманг;

- стрессни камайтириш учун иссиқ ванна қабул қилинг, жисмонан фаол бўлинг, китоб ўқинг;

- кўпроқ сув ва шарбат ичинг;

- ҳисоблаб кўринг, чекишни ташлаганингиздан бери қанча пул тежаб қолдингиз ва бу пулга ўзингизга совға олинг.

Тамакига тобеликдан қутулиш учун шифокорга мурожаат қилинг.

Мутахассис шифокор қайси усул сизга тўғри келишини ҳал қилади.    

Қийинчиликларга қарши курашинг. Ёдда тутинг: кўпчилик инсонлар чекишни бир неча маротаба ташлашга ҳаракат қилганларида мақсадларига эришадилар. Шу сабаб, бўшашманг, сиз ҳам чекишни ташлашнинг уддасидан чиқасиз!

Яқинларингиз кўмагига ишонинг. Текширувлар шуни кўрсатадики, яқинлар кўмаги сизга катта ёрдам беради. Яқинларингиз, дўстларингиз, ҳамкасбларингизга чекишни ташламоқчи эканингизни айтинг, сизни қўллашларини сўранг. Улардан сизнинг олдингизда чекмасликларини илтимос қилинг.

Хумори сизни безовта қилмай қўйган кундан бошлаб сиз юз фоиз соғлом ҳаёт сари қадам қўйган бўласиз. Бу сизнинг бахтингиз, фаровон ва обод турмуш тарзингиз, мазмунли умрингиздир.

Жумабой ЯВҚАШЕВ,

туман Саломатлик маркази директори.


(Фото - http://www.dustlikbayrogi.uz)

Янгиликни бўлишинг: