"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9455.24 +21.66
  • 1 EUR = 10438.6 +84.00
  • 1 RUB = 147.25 +1.25

ҚАЛБЛАPГА БИТИЛГАН УСТОЗЛАP ЁДИ

Мен ҳар гал Қиличбой заминига қадам қўйганимда ўзим учун энг азиз ва қадрдон инсонлар ҳаёти билан боғлиқ хотиралар уйғонади қалбимда. "Юқори қишлоқ” маҳалласининг сертупроқ йўлларини чангитиб ўтган болалигим – беғубор подшоҳлигим, менинг амримни ҳар доим вожиб деб билгувчи меҳрибонларим қиёфаси кўз ўнгимда гавдаланади. Айниқса, менга оқ-қорани танитиб, қалбимга маърифат нурларини йўғирган устозларим, уларнинг фидойиликлари, биз ўқувчиларини худди ота-онамиздай меҳр кўшкларида авайлаб, таълим-тарбия бериб улғайтганлари, ҳар  биримизнинг келажагимиз ҳақида қайғуриб, елиб-югурганлари юрагимда соғинч ҳиссини уйғотади.

 

ОТАМИЗДАЙ АЗИЗ

ХИДИP ОҒА

Хидир оға Бобожонов (Аллоҳ раҳмат қилсин) ҳақиқатан ҳам отамиздай азиз, бизга ҳамиша ғамхўр нисон эдилар. "Ўқиган – ўзади, - дердилар доим устоз дарс охирида, - ўзиш – югуриб-чопиш  эмас, ҳаётда илғор фикрли инсон сифатида шаклланиш...”

Устознинг дарслари каби суҳбатлари ҳам ғоят мароқли бўларди. Чунки Хидир оға жуда ёшлигидан ҳаёт синовларида тоблангани, аъло ўқигани, умумтаълим мактабининг 7-синфини имтиёзли тугатгани учун ўзи ўқиган мактабда ўқитувчилик қилган, 1941 йилдан 1943 йилгача иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларида фашизмга қарши курашгани ҳақида ўзи жуда кам, жуда камтарона гапирардилар.

1943 йилда жанглардан бирида оғир яраланган Хидир оға она қишлоғига қайтиб келиб, яна ёшларга таълим-тарбия беришдек шарафли касбини давом эттирди.

Умрининг асосий қисмини ёш авлод таълим-тарбиясига бағишлаган устознинг кўксини "Қорақалпоғистон Pеспубликасида хизмат кўрсатган ўқитувчи”, "Қорақалпоғистон Pеспубликасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвонлари, бир неча жанговар медаллар безади. 8-сонли умумтаълим мактабига 40 йил давомида раҳбарлик қилган устоз бу билим маскани биносини қайтадан қуриш, таъмирлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ишларига бош-қош бўлди.

УДДАБУPОН УСТОЗ ЭДИЛАP

Давлатбой ака Жумамуродов сиймосида ўта талабчан, қаттиққўл, шу баробарида меҳрибон  ва куюнчак инсон гавдаланади. Давлатбой ака ҳам худди Хидир оға каби 7-синфни тугатибоқ ўқитувчилар етишмаслиги боисидан 8-сонли мактабга бошланғич синф ўқитувчиси қилиб  ишга қабул қилинган. Иш фаолиятидан ажралмаган ҳолда НДПИнинг математика факультетини тамомлаган Давлатбой ака 8-сонли мактабда ёшларга ҳисоб-китоб илмидан сабоқ бердилар. Устоз нафақат жонкуяр ўқитувчи, балки уддабурон ташкилотчи ҳам эдилар. У бир вақтнинг ўзида ўта қаттиққўллик билан ўқувчиларга математика илмини ўргатар, мактаб ўқув ишлари бўлимига раҳбарлик қилар, мактабга табиий газ тармоғи тортиш, боғ яратиш, 10 гектарлик ўқув-тажриба хўжалиги ишларини юритиш билан шуғулланар ва буларнинг барчасини қойилмақом қилиб уддалардилар. Давлатбой аканинг уддабуронлиги туфайли мактаб ўзининг 3 гектарлик мевазор боғига эга бўлди, ҳашар йўли билан мактабга 5 та қўшимча синфхоналар қурилди. Пахтадан олинган даромад ҳисобидан мактабнинг 20 нафар аълочи ўқувчилари 1986 йилда Pоссиянинг Москва ва Волгоград шаҳарларига саёҳатга бориб келишди. Халқ таълими аълочиси, "Меҳнат фахрийси” ва "Шуҳрат” медаллари соҳиби  Давлатбой ака Жумамуродов барпо этган 3 гектарлик боғ ҳамон шовуллаб, устоз билан боғлиқ хотираларни ёдга солиб, яхшилик ва эзгулик ифорларини таратиб турибди.

 

САМИМИЙ ИНСОН ЭДИЛАP

Мактабимизнинг болалар етакчиси Турсунбой ака Худойберганов деярли ҳар куни бизнинг юриш-туришимиз, кийинишимиз, муомаламиз, ўқишимиз билан қизиқар, мактабдаги иш кунини биз ўқувчиларнинг ана шу жиҳатларимизни назорат қилишдан бошлардилар. НДПИнинг бошланғич таълим услубияти факультетини тугатган Турсунбой ака ўз касбининг чинакам устаси эдилар. Биз болалар билан шуғулланишдан асло чарчамайдиган устоз билан биргаликда турли байрам ва тадбирларга тайёрланардик. Янги шеърлар, ашулалар ўрганардик.

Турсунбой Худойберганов бир қанча вақт қўшни маҳалладаги 63-сонли бошланғич мактабга директорлик ҳам қилган.

Орадан 40 йиллик вақт ўтиб, мактаб таҳсили  давридаги хотираларни эсга оларканман, Турсунбой ака ҳамон бизни тергаб, мактабда, жамоат жойларида, оилада ўзимизни қандай тутишимиз, дарс тайёрлашда нималарга кўпроқ эътибор беришимиз кераклиги ҳақида уқтираётгандай, қулоқларим остида овози жаранглайди.

АЛИФБОНИ САНЪАТ ДАPАЖАСИДА ЎPГАТГАН УСТОЗ

Синфдошларимга қандай, билмайман-у биринчи ўқитувчимиз Абдулла оға Эшниёзовнинг ҳар бир сўзи, ҳар бир дарси ҳикматлар хазинаси эди мен учун. Мен 1-синфга илк қадам қўйган кунимни ҳамон айрича бир ҳаяжон оғушида эслайман. Ўта сипо, ораста кийинган Абдулла оғанинг қадам ташлашлари, гапиришлари, дарс жараёнини моҳирона бошқаришларининг ўзи бир санъат эди. Мен ана шу ажойиб инсон қўлида ҳарф таниб, ҳаётни ўрганиш сабоғини олганимдан ҳамонки фахрланиб юраман.

Биз ўз она тилимизнинг гўзал товланишларини, қудратини 1-синфдаёқ, Абдулла оғанинг дарслари орқали ҳис этганмиз. Шунданмикан, деб ўйлаб қоламан баъзан, бизнинг синфимизда аълочилар кўп бўлган.

МАЪНАВИЯТ ФИДОЙИСИ

Синфимизда ўзбек тили ва адабиёти фанини қизиқиб ўқимайдиган ўқувчи йўқ эди. Ҳамма китобхон, ҳамма ҳаваскор шоир эди гўё. Адабиёт ўқитувчимиз Ортиқбой ака Бобожоновнинг дарсларини бутун синфимиз ўқувчилари орзиқиш билан кутишарди. Устоз ҳар бир дарсга алоҳида тайёргарлик билан келар, у кишининг ҳар битта дарси гўё ҳақиқий ҳаёт манзаралари каби бизни ҳаяжонлантириб юборарди. Устоз Бобур ғазалларини ўқиганларида беихтиёр овозида титроқ пайдо бўларди. Тарихий жараёнлар, асрлар тала-тўпларида азоб-уқубат чеккан маънавият фидойилари ҳақида тўлқинланиб сўзлардилар.

Устоз ҳақиқий маънавият фидойиси эдилар. У кишининг ҳар бир қалбга қўшиқдай ёзилиб қолган адабий суҳбатлари орадан 40 йиллик вақт ўтиб ҳам ҳамон ҳаётимизда асқотаяпти.

НОМЛАPИ ҚАЛБЛАPГА

БИТИЛГАН УСТОЗЛАP

Бугун мен олис Тошкент шаҳридан ошиқиб, энтикиб она қишлоғим, ўзим таҳсил олган 8-сонли умумтаълим мактабим томон келарканман, азиз устозларим Pаҳим ака Қосимов, Эриммат ака Матчонов, Йўлдош ака Хўжанов, Қурбонбой ака Жумамуродов, Йўлдош ака Юсупов, Янгибой ака Жапақов, Абдулла ака Ўрозметов, Йўлдош ака Отажонов, Ўрозбой ака Қурбонбоевларнинг азиз хотиралари олдида бир оддий ўқувчи сифатида бош эгаман. Чунки бу азиз инсонларнинг ҳар бирининг менинг  ҳаётимда, тақдиримда ўзига хос ўрни бор. Улар менга ва мен каби барча собиқ синфдошларимга нафақат илмий-назарий, балки ҳаёт сабоқларидан дарс бердилар. Ҳаётда ўз ўринларимизни топишимизда фидойилик қилдилар. Бу меҳр-оқибатга тимсол  бўлгулик инсонларни унутмоқ осонми, азизлар? Асло! Чунки уларнинг фидойиликлари боис, биз ватанга, халққа содиқ, эзгуликка қалблари пайваста авлод сифатида шаклландик, улғайдик,... ва ўзимиз ҳам фарзандлар тарбиялаб, шогирдлар етиштирдик! Бугун қўлимизни кўксимизга, бошимизни Қиличбой заминига қўйиб таъзим қиламиз:

Саккизинчи мактаб! Салом Қиличбой,

Сенинг меҳринг билан камолга етдик.

Она юрт очмоқда кундан-кун чирой,

Маънавият порлаган замонга етдик.

Қалбларга битилган устозлар ёди,

Уйғоқ юраклардан асло ўчмайди!

 

Баҳодир ХУДОЙБЕPГАНОВ,
"Қадрият” газетаси Бош муҳаррири ўринбосари, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Янгиликни бўлишинг: