"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7883.99 -26.37
  • 1 EUR = 9150.95 -156.16
  • 1 RUB = 124.89 -2.72

УЛАP – ДОPИЛОМОН КУНЛАP БУНЁДКОPИ, ЮPТИМИЗ ФАЙЗИ, СУЯНЧИМИЗ, МАСЛАҲАТГЎЙИМИЗ

Мустақиллик! Бу сўзни шунчаки айтиб бўлмайди, унинг замирида не-не машаққатлар – халқимизнинг мустабид тузум даврида ҳақ-ҳуқуқи, қадр-қиммати, шаъни топталган, дини, миллий қадриятлари, маънавияти ва маданияти ўткир таъқиб остига олинган кунлари, ҳурриятга интилиши Ватанга хиёнат сифатида баҳоланиб, жувонмарг кетган жонлар, қатағонга учраган аждодларимизнинг боқий номлари бор, дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган, айни кунда ҳам дунё илм-фани ривожига тамал бўлаётган аллома боболаримиз яратган бебаҳо илмий мерослар бор. Мустақилликнинг илк йилларида халқимизнинг оч-наҳор бўлса-да, эртаги кунга умид билан қараб, дилни-дилга, қўлни-қўлга бериб, бирдамлик билан шу азиз гўшамизда озод, обод, фаровон ва бахтиёр турмуш тарзини бунёд этиш умидида қилган заҳматли меҳнатлари, қаноат билан одимлаган қутлуғ қадамлари бор.

Ҳа, мустақиллик – бебаҳо неъмат. Унинг қадр-қимматини айниқса, бугунгидай дориломон кунлар учун курашиб, халқимизнинг собиқ иттифоқ сиёсатидан азият чекиб яшаган даврларини ёшларимизга тушунтиришда, бугунги кунимизга ҳаққоний ва атрофлича баҳо беришда беқиёс хизматлар қилаётган юртимиз нуронийлари сўзларига қулоқ солсангиз, яна ҳам теранроқ англайсиз. Бугун ана шундай турли соҳаларда меҳнат қилиб, ҳозир кексалик гаштини сураётган бир гуруҳ нуронийларимиз суҳбатидан сизни ҳам баҳраманд этмоқчимиз.

Бекман АЛЛАМБЕPГАНОВ, "Нуроний”  жамғармаси туман бўлими раиси, меҳнат фахрийси:

- Турли соҳаларда меҳнат қилиб кексалик ёшига етган фахрийларимизни суҳбатга чорлаб, савобли иш қилибсизлар. Чунки кўпни кўрган, ҳаёт тажрибаларига эга улуғ ёшли инсонларнинг айнан мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида ҳаётий хотираларини, кечаги ва бугунги кунимиз тафовутлари ҳақидаги фикрларини тинглаш ёшларимиз учун улкан сабоқ бўлади.

Мен ёшларга доим бир фикрни таъкидлагим келади: бугунгидай тинч-фаровон ҳаёт ўз-ўзидан бунёдга келгани йўқ. Собиқ иттифоқ таркибидаги республикалар ичида Ўзбекистон иқтисодиёти бирёқлама ривожланган яъни фақат хом ашё етиштирувчи ҳудуд вазифасини ўтаган. Ана шундай шароитда, ўз мустақиллигини қўлига олган мамлакатимизда бугунги кунда дунё ҳамжамияти томонидан ривожланишнинг "ўзбек модели” дея эътироф этилаётган ўзимизга хос тараққиёт йўлидан халқимизнинг якдиллик билан боргани, эртанги кунга ишонч билан меҳнат қилгани, Юртбошимизнинг оқилона режаларини ҳаётга татбиқ қилгани туфайли бугунгидай фаровон кунларга етдик.

Мен мустақилликнинг 25 йиллик довонидан орқамга қараб, ўша давр билан бугунгимизни солиштираман ва кўрадиганим ер ва осмонча фарқ қилади.

Шуларни ўйласам, илоҳим шу эришган яхши кунларимиз бардавом бўлгай, дея тилайман.

Ўтабика ПОЛВОНОВА, таълим фахрийси:

- Мен 1925 йилда туғилганман. Эсимни таниган вақтларимда 1930-1935 йиллар атрофида халқнинг турмуши оғир, ҳеч ким тўйиб овқат эмасди, нон топган қувонарди. 1941 йилда Иккинчи жаҳон уруши бошлангандан сўнг аҳвол бадтар ёмонлашди. Ҳарна ота-онамга мададкор бўларман, деб 16 ёшимда "Манғит” босмахонасига ҳарф терувчи бўлиб ишга кирдим. Шу куни илк бор бир буханка нон беришди иш ҳақимга. Шунгаям қувониб, ташқаридан "она, мен нон олиб келдим”, деб қичқириб кирганман уйга. Чунки асосий озиқ – нон эди-да у пайтлар.

Кейинчалик ўқитувчилик қилдим, 10 нафар фарзандни тарбиялаб, вояга етказдим. Мана 50 ёшимдан бери нафақадаман. Нафақага чиққанимгаям 41 йил бўлди. 91 йил яшаб Ўзбекистондай инсон қадр-қиммати азиз тутилган, эъзозланган юртни кўрмадим, эшитмадим.

Энди кексалик-да, бўш вақтим кўп, китоб, газета-журнал ўқийман, телевизор кўраман. Дунёнинг турли ҳудудларида содир бўлаётган талатўпларни, портлашларни эшитиб юрагим орқага тортиб кетади. Тинч, осойишта, ўз уйингда ўзинг бехавотир ўтириш қанчалик улкан бахт. Буни ёшларимизга уқтиришдан ҳеч чарчамайман.

Валентина КУЗНЕЦОВА, таълим фахрийси:

- Мен асли россияликман, Амударё туманига аввал ўқитувчи бўлиб келдим. Кейинчалик эса шу ер бир умр Ватаним бўлиб қолди. Оилали, уч нафар фарзандли бўлдим. Нафақага чиққунимча 30-сонли мактабда ўқитувчи, илмий бўлим мудири, директор бўлдим. Аввало шуни таъкидлагим келадики, мен ҳақиқий бахтимни шу ерда – очиқкўнгил, бир-бирига  меҳр-оқибатли ва борини эл билан бирга баҳам кўрадиган сахий-қалб одамлар орасида топдим. Улар билан яшаганим учун ҳаётимдан мамнунман.

Мамлакатимиз мустақиллигининг  25 йиллиги нишонланиш арафасида турган шу қутлуғ кунларда менинг ҳам қувончим чексиз. Чунки Ўзбекистон менинг ҳам Ватаним, ўз фарзандидай барча имкониятлардан фойдаланиш ҳуқуқини берган, тинч-осуда ҳаёт берган Ватаним.

Дунёда Ўзбекистондай бағрикенг, меҳмондўст ва дўст-биродар юрт бошқа топилмаса керак. Буни ёшларимиз қадрлаши, авайлаши, асраши керак.

Худоёр ШОМУPОДОВ, тиббиёт фахрийси:

- Мамлакатимизда соғликни сақлаш тизимида амалга оширилаётган  ўзгаришларни кўриб, қайтадан яшаргим, ишлагим келиб кетади. Чунки  туман тиббиёт бирлашмасидан тортиб, олис қишлоқлардаги фаолият юритаётган қишлоқ врачлик пунктлари ҳам замонавий ташҳис қўйиш ва даволаш асбоб-ускуналари билан жиҳозланган. Даволаниш шароитларини айтмайсизми? Бундай имкониятларни мен меҳнат қилган даврларда фақат орзу қилиш мумкин эди.

Шуларни ўйлаган ҳар бир юртдошимизнинг қалбида инсон қадрини азиз билган давлатимиздан, ҳукуматимиздан   миннатдорчилик туйғуси жўш уриши шубҳасиз.

Холбой ГУВАЖОНОВ, меҳнат фахрийси:

- Менинг ёшим 70 да, миллатим туркман. Амир Темур номли овулга кўчиб келганимизда мен икки яшар эканман. Асли киндик қоним Туркманистонга томган бўлса-да, мен эсимни Ўзбекистонда танидим. Ўзбекларнинг нонини еб, ўз фарзандидай эмин-эркин ўсиб, вояга етдим, палак ёздим. Ҳозир фарзандларим, невараларим эл хизматида. Амир Темур овулида ўзбек, қорақалпоқ, қозоқ ва бошқа миллат вакиллари билан аҳил-иноқ яшаяпмиз. Тўйимиз, маъракамиз бир, хурсандчилигимиз ҳам, ташвишимиз ҳам бир.

Мустақиллик йилларида бизнинг  овулимиз қиёфаси ҳам ўзгача чирой касб этди. Ҳовлилар обод, чор-атрофи кўкаламзор. Деярли ҳар бир уйда Ўзбекистонимизда ишлаб чиқарилган янги русумдаги машиналар. Кўча эшигимизгаям қулф солмаймиз. Бу – тинчлик, осудалик, тўқлик шарофати эмасми?

Ҳеч муболағасиз айтаман, бизнинг юртимиздай инсон қадри юксалган юрт ҳеч қаерда йўқ, ўзга миллатга бағрини очадиган, урф-одатларига, қадриятларига ҳурмат билан қарайдиган юрт ҳеч қаерда йўқ. Илоҳим, урпоқларимиз ҳам шу заминда аҳил, бахтиёр бўлиб яшашсин!

Бутун туманимиз аҳлини мустақиллигимизнинг 25 йиллиги билан қутлайман!

Озод ОТАЖОНОВ,

таълим фахрийси:

- Мен бир умр таълим соҳасида меҳнат қилдим. Дарс бериш жараёнида болаларга бир қолипдаги, қотиб қолган мавзуларни ўргатаётиб, дилим ўртанарди. Ватан туйғуси нима, инсоннинг инсонлигини белгиловчи хусусиятлар нима, аждодлар тарихини ўрганиш заруратини айтаолмасдик. Собиқ тузум дастури доирасидан ташқари гап айтиш қаттиқ таъқиб қилинарди.

Бундан ташқари, ўқувчиларнинг ижодий қобилиятини ривожлантириш борасида ҳеч қандай тадбир кўрилмасди. Буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг  иттифоққа мутелигини таъминлашга хизмат қиларди.

Ота-боболаримизнинг илмий, маданий, маънавий меросини ўрганиш, қандай буюк инсонлар ворислари эканимизни бутун дунёга кўз-кўз қилиш, уларга муносиб бўлиш учун ўқиб-ўрганишга кенг йўл очган истиқлолимиз мангу бўлсин, дейман.

Турсунбой АҲМЕДОВ, тадбиркор:

- Менинг ёшим 75 да. Аслида бу ёшдагилар фарзандлари, невара-чеваралари ардоғида, бемалол кексалик гаштини суриб ўтиришади. Бироқ менинг кексаликка бўйин эгиб, қўл қовуштириб ўтиргим йўқ. Умр бўйи маиший хизмат кўрсатиш соҳасида ишладим. Истиқлол йилларида тадбиркор бўлиб, элга хизмат қилиб келаяпман. Мамлакатимизда тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга, фаолияти самарали бўлишига эришиш борасидаги қилинаётган ғамхўрликлардан руҳланиб, жамият фаолиятини кенгайтирдик. Ўғил-қизларим, невараларим ҳам ишли бўлди. Ҳозир уларнинг ҳар бирининг ўз ҳовли-жойи, ўзимизда ишлаб чиқарилган машиналари бор, дастурхонлари тўкин, эртаги кунидан кўнгли тўқ. Бир инсон яхши кунларни кўрдим, деса дегулик.

Юртимизда ким ишлайман, тўқ ва фаровон яшайман, деса барча эшиклар очиқ. Ана шундай кунларга етказган мустақиллигимизнинг 25 йиллиги барчангизга муборак бўлсин!

Махсуд ЎPОЗБОЕВ,

меҳнат фахрийси:

- Мустақиллик шарофатидан бизнинг Бобур номли овулимизда ҳам кўпгина ижобий ўзгаришлар рўй берди. Халқимиз турмуши ободон, йўллар равон, аҳолига маиший, савдо, маданий хизмат кўрсатиш тобора яхшиланаяпти. Аҳоли томорқаларида етилган турли мева, полиз маҳсулотлари, саб-завотлар дастурхонини яна ҳам тўкин қилаяпти.

Энг муҳими, юртимизда инсон қадри айниқса, кексалар қадри жуда юксак. Бундай кунларни неча йиллар орзу қилган эдик, мустақиллик туфайли орзуларимиз ушалди. Илоҳим истиқлолимиз бардавом бўлсин!

Pажаббой ТАНГИPБЕPГАНОВ,

таълим фахрийси:

- Мен бугунги кунимиз ҳақида ўйласам, шу нарса ёдимга келади: Манғит шаҳрининг турли бурчагидаги, чекка-чекка қишлоқлардаги замонавий услубда қурилган тўйхоналарда  деярли ҳар куни тўй - никоҳ тўй, суннат тўй, ёш тўй. Бу халқимизнинг фаровонлигидан, бахтиёрлигидан нишона эмасми? Ўзингиз бир ўйлаб кўринг, эртага қандай қилиб қорнини тўйдиришни қайғуриб ё бирон кориҳол бўлишидан чўчиб ўтирган одам тўй қиладими? Дунёнинг  таҳликали ҳудудларида яшаётган одамлар кўнглига тўйга бориш, бировнинг хурсандлигига шерик бўлиш сиғармикан?

Шуларни теран ўйлаб кўрган одам бугунги кунимизнинг қадри нечоғлик юксак эканлигини англайди.

Ҳа, ҳа, бу кунларнинг қадрига етмоқ, авайламоқ ҳар биримизнинг бурчимиз.

Қурол Эшчонов,

меҳнат фахрийси:

- Мен яшаётган "Боғ” маҳалласи фуқаролари ҳам мустақиллигимизнинг 25 йиллигини муносиб  қарши олишга интилишмоқда. Ҳовлилар, йўлаклар, йўллар атрофлари ободонлаштирилиб, маҳалламиз ўзгача чирой касб этмоқда. Бу ишларга барчанинг бирдай бел боғлаганини кўриб, истиқлол байрами нафаси бутун халқимизга ўзгача қувонч, эзгу ишларга қанот бағишлаганини англаш қийин эмас.

Биз кексалар юртимизда тинчлик бўлсин, келгуси авлодларимиз хотиржам ва осойишта яшасин, мамлакатимиз қудратли бўлсин, ҳеч бир ёвуз кучлар остонасидан ҳатлай олмасин, дея курашган эдик. Мана ниятимизга етдик.

Яқинлашиб келаётган истиқлол байрами барчангизга муборак бўлсин!

 

Ойгул PАЖАБОВА

суҳбатлашди.

Янгиликни бўлишинг: