"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8374.1 -18.96
  • 1 EUR = 9410.81 -136.15
  • 1 RUB = 126.18 -1.32

ХАЛҚ СОҒЛОМ БЎЛСА, ВАТАН ОБОД ВА ОСОЙИШТА БЎЛАДИ, –

дейди туман ДСЭНМ бош шифокори Дурбек Бобожонов

Туманимиз марказида хуш-манзара ва баҳаво бир маскан бор. Атрофи мевазор боғлар, узумзор-у гулзорлар билан бурканган шинамгина бу масканда туман давлат санитария ва эпидемиология назорат маркази (ДСЭНМ) жойлашган. 122 нафар саломатлик ва озодалик посбонлари фаолият олиб борувчи муассаса ходимларининг  25 нафари олий маълумотли шифокорлар бўлиб улардан 11 нафари олий, 2 нафари биринчи, 2 нафари иккинчи тоифага эга малакали мутахассислардир. 71 нафар ўрта  махсус тиббиёт ходимларининг ярмидан кўпи махсус  тоифаларга эга бўлиб, уларнинг барчаси туманимиз аҳолиси ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, санитария маданиятини  юксалтириш, юқумли касалликлар пайдо бўлишининг олдини олишдек умуммиллий аҳамиятга молик вазифаларни адо этишда фидойилик кўрсатиб келмоқдалар.

Шуни алоҳида мамнуният билан қайд этиш жоизки, бундан 25 йил аввалги ДСЭНМ шифокори ишлаган муассаса билан бугунги давр мутахассиси фаолият олиб борувчи муассаса ўртасида осмон билан ерча фарқ бор. Биринчидан, мустақиллик йилларида муассаса ходимларининг иш шароитлари тубдан ўзгарди, касбий фаолиятлари билан боғлиқ тиббий ускуналар янгиланди. Хусусан, санитария-гигиена лабораторияси, озиқ-овқатларни текшириш лабораторияси, коммунал гигиенаси лабораторияси, меҳнат гигиенаси лабораторияси, пестицид лабораторияси, бактериология лабораторияларининг моддий-техника базаси мустаҳкамланиб, замонавий асбоб-анжомлар билан жиҳозланди. Бу эса аниқланган юқумли касалликларга қарши курашишнигина эмас, балки унинг олдини олиш имконини яратди.

Йил сайин санитария ва тиббий маданияти юксалиб бораётган халқимиз санитария қонунбузилишлари нафақат ўзи, балки оиласи, агар тадбиркор бўлса, тадбиркорлик фаолияти ёки ўзи меҳнат қилаётган ташкилот фаолиятига иқтисодий зарар келтиришини жуда яхши билишади.

Кейинги йилларда ДСЭНМ санитария-гигиена лабораториясининг доимий ҳаракатда бўлган 4 та асосий лабораторияси - озиқ-овқатларни текшириш, коммунал гигиена, меҳнат гигиенаси, пестицид бўлими лабораториялари ходимларининг саъй-ҳаракатлари билан  кўпдан-кўп ҳолатларда санитария-гигиена талаблари бузилишининг олди олинди. Санитария талабларига жавоб бермайдиган ҳолатларда ҳуқуқий-маъмурий органлар ходимлари иштирокида айбдорлар жарима жазоларига тортилди.

Кўча ва маҳалла гузарлари, бозорларимизнинг тоза ҳамда обод бўлиши – халқимиз саломатлигини мустаҳкамлашнинг муҳим асосидир. Бу борада коммунал гигиена ва меҳнат гигиенаси бўлимлари лабораториялари билан пестицид ҳамда бактериология лабораторияларида олиб борилаётган ишлар муҳим аҳамият касб этади. Чунки тупроқ экологияси, атроф-муҳит муҳофазаси, корхона ва ташкилотлар ишчи-хизматчилари меҳнат шароитларининг талаблар даражасида бўлиши - нафақат инсон соғлиги, балки том маънода она Ватан осойишталиги ва ободлиги мезонидир.

- Барча саъй-ҳаракатларимиз халқимиз соғлиги, баркамол авлодни вояга етказиш, мамлакатимизни янада обод ва осойишта, фаровон гўшага айлантиришга хизмат қилади, - дейди туман ДСЭНМ бош шифокори Дурбек Бобожонов. – Бунинг учун марказимизда барча шарт-шароитлар яратилган.



Дарвоқе, туман ДСЭНМ мустақиллик йилларида тамоман  янгиланган иш шароитига эга муассасага айланди. То 2007 йилгача муассасада атиги 2 тагина компьютер бўлган бўлса, бугунги кунда барча лаборатория ва иш хоналари компьютерлаштирилиб, компьютер жиҳозлари билан таъминланган. ДСЭНМ ихтиёридаги 3 та автомашинанинг мавжудлиги марказ ходимларининг тезкор ва эпидемиологик хизмат ҳамда дизенфекция ишларини жойларга чиқиб, ўз вақтида ўтказиш имкониятини бермоқда.

Атрофимизни қуршаб турган табиий олам гўзаллиги, биз нафас олаётган ҳавонинг мусаффолиги, оёғимиз остидаги она заминнинг ободлиги, маҳалла ва кўчаларимизнинг тозалиги ҳамда тановул қилаётган неъматларимизнинг ҳар қандай зарарли моддалардан холи, хуштаъмлиги – бизга қанчалар ҳузур бағишласа, ҳаёт кўзимизга шунчалар гўзал кўринади. Ана шу тўкисликни яратишда озодалик ва саломатлик посбонлари – туман ДСЭНМ шифокорларининг  ҳиссаси катта. Эл-юртни янада фаровон этиш, файзиёб гўшага айлантириш, халқимизнинг тиббий маданияти бундан-да юксак бўлиши учун фидойилик кўрсатиш – ДСЭНМ ҳар бир ходимининг бурчидир. Зеро, бурч масъулияти – ҳар бир инсонни эзгуликлар сари йўллаб туради.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: