"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8039 +176.83
  • 1 EUR = 9347.75 +265.41
  • 1 RUB = 118.05 +5.41

УНИ ҲАММА ТАНИЙДИ

Бир марта сидқидилдан кулиш – етти тухум еган билан баробар, дейишади. Бу қанчалик ҳақиқатга яқин - билмадим-у, аммо тухум  организмимизнинг сарфланган қувватини тиклашда асқотиши ва тўйимли озуқа бўлганлиги боис дастурхонимизда муносиб ўрин тутади.

Яратганнинг улуғ инояти – ҳаёт доим бир текис кечмайди. Баъзан нотекисликларга дуч келганимизда, баъзан атрофимиздаги одамларнинг ноўрин муносабатларидан кўнглимиз оғриганда, бу ғала-ғовур дунёнинг ташвишларидан толиққанимизда ё ишдан ҳориб-чарчаган пайтларимизда кўнглимизни кўтарадиган беғараз биргина далдага эҳтиёж сезамиз. Шундай дамларда орамиздаги шўх-шодон одамларнинг оддийгина ҳазили ҳам кўнглимиздаги бор-йўқ ғуборларни аритиб юборадики, бунинг баҳосини на пул, на тухум қадри билан ўлчаб бўлади.

Бугунги кунда нуфузли давраларда, умумхалқ сайлларида бошловчилик қилиб, ичакузди ҳангомалар айтиб нафақат туманимиз, балки, республикамизга танилаётган санъаткор, 2002 йилдан бери туман Маданият ва спорт ишлари бўлимида фаолият юритаётган Музаффар Ибрагимов ҳақида ўйлаганимда юқоридаги фикрлар кўнглимдан кечди.

У 1977 йилда Манғит шаҳрида туғилди. Мактабни тугатгач, 2002 йилда Нукус шаҳридаги Қалли Айимбетов номидаги Нукус маданият коллежига ўқишга кириб, 2005 йилда тугатди ва туман Маданият ва спорт ишлари бўлимида меҳнат фаолиятини бошлади.

Аслида Музаффарнинг санъат соҳасидаги фаолияти анча олдин, ўқувчилик давридан бошланди. Ўтказилган оммавий тадбирларда бошловчилик қилиб, ичакузди ҳангомалар айтиб, мухлислар қалбидан муносиб ўрин эгаллади. Табиатан шўх, ҳозиржавоб ва содда йигитнинг оддийгина саломлашиб, сўрашиши ҳам киши кўнглида кулгуга мойиллик туғдиради.

Унинг ўз иқтидорини ривожлантиришга интилишлари, ўқиб-ўрганишлари изсиз кетмаяпти. Ҳар  йили Қорақалпоғистон ва Ўзбекистон миқёсида ўтказиб келинаётган қизиқчилар кўрик-танловларида ғолиб ва совриндорлар сафидан жой олиб келмоқда. Жорий йилда Музаффар Ибрагимов "Амударё телевидениеси”да "Кулгу булоғи” номли ҳажвий кўрсатуви орқали қисқа фурсатда мухлислар эътиборини қозонди.

- Кулгуга, кулганга не етсин, - дейди жилмайиб Музаффар, - кулдириш эса ундан-да савоб. Ахир кулгу вужудимизни тозалайди, дилхираликларни енгади, ҳатто яшартиради ҳам. Мен қўлимдан келганча одамларимизга табассум улашишга интиламан. Менинг айтадиган ҳангомаларимнинг кўпчилиги ҳаётда кузатган, эшитганларим туфайли туғилган. Фақат уларни кулгули тарзда  айтишга интиламан.

Унинг  санъат, қизиқчилик соҳасидаги илк устози маданият ходими, раҳматлик Нурбек Ҳасанов эди. 2002 йилда устоз-шогирд иккаласи Қўқон шаҳрида Ўзбекистон Pеспубликаси миқёсида бўлиб ўтган аскиячи ва қизиқчиларнинг бешинчи анъанавий кўрик-танловида "Қассоб сартарош” номли интермедияни ижро қилиб, иккинчи ўринни олишга сазовор бўлишган эди.

Ойнаи жаҳонда ё оммавий сайл, томошалардами Музаффар Ибрагимов саҳнага чиқса... ҳаммамиз таниймиз, дарров негадир кулишга чоғланамиз. "Бир куни...” ё "бир акамиз...” дея бошланадиган беғараз ва самимий ҳангоманинг ўзиёқ унинг санъати туманимиз халқи дилидан муносиб жой эгаллаётганлигини кўрсатади. Биз унга бундан-да юксак ижодий баркамоллик тилаймиз.

Ойгул PАЖАБОВА.

Суратда: М.Ибрагимов.

М.ШОМУPОДОВ олган сурат.

Янгиликни бўлишинг: