"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9490.77 +22.73
  • 1 EUR = 10455 -115.20
  • 1 RUB = 148.82 -1.13

ИМКОНИЯТИ ЧЕКЛАНГАН АЁЛ-ҚИЗЛАPГА КАСБ-ҲУНАP ЎPГАТИЛМОҚДА

Қандай шароитда, қандай аҳволда-ю қай манзилда дунёга келишини инсон ўзи белгилай олмайди. Бироқ, инсон зоти борки, бу ёруғ оламда орзу-ҳавас билан яшайди, орзулари рўёби учун интилиб яшайди.

Орамизда шундай одамлар ҳам учрайдики, орзу-интилишлари йўлидаги ҳаракатлари бошқаларникидан машаққатлироқ, оғирроқ кечади. Бироқ улар бундан ўкинмайдилар, ҳамиша  курашиб, ҳеч кимдан кам бўлмасдан яшайдилар. Улар – имконияти чекланган инсонлардир.

Туманимизда ана шундай одамларнинг 240 нафардан зиёдини бирлаштирган Ўзбекистон Ногиронлар жамиятининг туман бўлими туманимиздаги имконияти чекланган кишиларга муносиб  турмуш шароитларини яратишга, уларнинг тўлақонли ҳаёт кечиришларига кўмаклашишга интилмоқда.

Жамият раиси Нилуфар Холбоеванинг саъй-ҳаракати билан улар бир-бирини танийдилар, бир-бирлари билан тез-тез учрашиб, ҳол-аҳвол сўрашиб туришади, ҳайит, байрамларни бирга нишонлашади.

Бундан бир неча йиллар олдин жамият Ўзбекистон Pеспубликаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат Фонди таъсис этган грант танловларида имконияти чекланган ёшларни компьютер мутахассислиги бўйича ўқитишга мўлжалланган лойиҳаси билан қатнашиб, ғолиб бўлган, грант маблағи эвазига компьютер жамланмалари олиб келиниб, кўплаб ўғил-қизлар ушбу соҳа бўйича билимга эга бўлган эдилар.

Жорий йилда бу эзгу ишнинг давоми сифатида жамият яна "Ногирон аёл-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш мақсадида касбга тайёрлаш учун бичиш-тикишга, тўқишга ўргатиш ва уларнинг имкониятини рўёбга чиқариш” номли лойиҳаси билан Олий Мажлис ҳузуридаги ННТларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат Фондининг грант танловларида қатнашди ва ғолиб бўлиб, фонд маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси қарорига кўра, 25 млн. сўмлик давлат гранти соҳиби бўлди.

Ушбу маблағлар лойиҳада кўзда тутилган режаларни амалга оширишга кенг имкониятлар яратмоқда. Яъни имконияти чекланган аёл-қизларни касбга тайёрлаш учун бичиш-тикишга, тўқишга ўргатиш учун шарт-шароитлар яратилди. Амударё қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи биносидан ажратиб берилган хона энг сўнгги русумдаги учта тикув машиналари, битта тикилган кийимга нақш ўйиш машинаси, стол-стуллар ва бошқа зарур ускуналар билан жиҳозланди.

Шу йилнинг 30 июнида лойиҳа доирасида имконияти чекланган аёл-қизларни касбга тайёрлаш учун бичиш-тикиш ва тўқиш бўйича ўқув курси ўз фаолиятини бошлади.

- Айни кунгача бу ерда ҳунар ўрганиш истагида бўлган ўн нафарга яқин аёл-қизлар машғулотларга жалб қилинаяпти. Ҳадемай уларнинг сафи кенгаяди. Чунки касб-ҳунар ўрганиш, бирор фаолият тури билан шуғулланиш имконияти чекланган инсонларнинг кўнглида яшаш завқини уйғотади, ижтимоий фаоллигини оширади. Кўнглида истак бўлса-да, бу ерга келаолмайдиган, туманимизнинг олис ҳудудларида яшайдиган,  юриш-туришда ўзгалар кўмагига муҳтож қизлар ҳам бор. Биз лойиҳани ишлаш жараёнида уларни ҳам унутганимиз йўқ. Яъни ҳудудларга бориб ўқитишни ҳам йўлга қўямиз, - дейди жамият раиси Нилуфар Холбоева.

Ана шундай эзгу ишни бошлаган раис бундан уч йил олдин, жамият аъзоси бўлган 26-сонли мактаб битирувчиси Юлдуз Каримованинг ота-онаси билан маслаҳатлашиб, уни иқтидорли, зеҳнли ва ўта тиришқоқ бўлганлиги сабабли Тошкентдаги имконияти чекланганларнинг республика касб-ҳунар коллежида ўқитишини сўраган ва бунга эришган ҳам эди.

Юлдуз Каримованинг мазкур коллежни тугатиб, тикувчилик бўйича модельер-дизайнер, конструкторлик мутахассислиги дипломини олиб, туманимизга қайтиши ўқув курсида ёшларга шу соҳада таълим берадиган мутахассисга эҳтиёж туғилиб турган бир пайтга тўғри келди.

 - Жоним билан коллежда ўқиган билимларимни, амалий тажрибаларимни опа-сингилларимга ўргатаман. Улар ҳам моҳир тикувчи бўлиб етишиша-ди, - дейди Юлдузхон Каримова.

Жамият аъзолари – чевар тикувчи Саида Ўрозбоева, тўқиш устаси Шоира Нажмиддиновалар ҳам бу савобли ишга бош қўшганлардан.

Хонада улар тиккан, тўқиган либосларни кўриб, ҳамсуҳбат бўлиб, Яратганнинг улар жисмини нуқсон билан яратган бўлса-да, юксак ақл-идрок ва қобилият берганига амин бўлади, одам. Ва беихтиёр тилингизга  уларга олқиш отилиб келади. Ахир атрофимизда, кўз ўнгимизда барча мучаси соғ-у, умрини бемақсад ўтказаётганлар қанча?

Ҳунарни асрабон нетгумдир охир,

Олиб тупроққами кетгумдир охир, -

дейди ҳазрат Мир Алишер Навоий бобомиз.

Аввало имконияти чекланган бўлса-да, қийинчиликларни енгиб касб ўрганган, касбини ўзларидек аёл-қизларга ҳам ўргатишдек қутлуғ ишга бел боғлаган Нилуфар Холбоева раҳбарлигидаги беш бармоғи ҳунарли қизларга бошлаган ишларингиз ўнгидан келсин, дея тилак билдирдик.

 

Ойгул PАЖАБОВА,
Маҳмуджон ШОМУPОДОВ.

Суратда: ўқув курси машғулотлари жараёнидан лавҳа.
Янгиликни бўлишинг: