"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9455.24 +21.66
  • 1 EUR = 10438.6 +84.00
  • 1 RUB = 147.25 +1.25

МУАЛЛИМА ОПАНИНГ БАХТИ

Инсон умри қилган эзгу ишлари билан ўлчанади. Унинг шу яхши амаллари одамлар хотирасига муҳрланиб қолади.

Ёшларнинг севимли устози Зулфия опа Пошшиеванинг бу йил меҳнат фаолиятини бошлаганига 35 йил тўлади. Бу йиллар давомида Зулфия опа қанчадан-қанча ёшларга сабоқ бериб, ҳаётга йўллади. Хушмуомала ва камтар аёл Зулфия опа туманимиздаги "Бўз ёп” овулида, зиёли оиласида дунёга келди. Унинг отаси Фарҳод ака умр бўйи бошланғич синфларга дарс бериб келган. Зулфия опа ҳам илк сабоқни ўз  отасидан олган. Шу сабаблими, Зулфия опа келажакда отаси каби ўқитувчи бўлишни орзу қилиб, ўрта мактаб таҳсилидан сўнг, 1980 йилда Нукус Давлат Университетининг биология факультетига ўқишга кирди. Университетни муваффақиятли тугатиб, ўзи таҳсил олган 49-сонли мактабда илк ўқитувчилик фаолиятини бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлашдан бошлади.

Зулфия опа ўз меҳнати самарасини шогирдлари камолида кўриб, қувонади. Севимли ўқувчиси Икром Тожибоев Тошкент Давлат Миллий Университетининг физика-астрономия факультетини тугатиб, ҳозирда шу билим даргоҳида обрў-эътиборли ўқитувчи, ўз соҳаси бўйича докторлик диссертациясини ёқлаш арафасида. Яна бир шогирди Ҳайитбой Ортиқов ҳам Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий Университетининг тупроқшунослик, агрохимия факультетига ўқишга кириб, унинг магистратура бўлимини тугатди ва Чехия Аграр Университетининг гранти соҳиби бўлди. Бир йил-у икки ой давомида Прага шаҳрида таҳсил олиб келди. Зулфия опанинг бу ўқувчиси ҳозирги вақтда Ўзбекистон Миллий Университетида ўқитувчи бўлиб фаолият юритмоқда. Устознинг яна бир шогирди Ғайрат Тожибоев Тошкент Давлат тиббиёт олийгоҳини тамомлаб, туман тиббиёт бирлашмасида, халқ саломатлиги йўлида фидойилик билан меҳнат қилмоқда.

- Ўқувчиларимнинг ютуғи – менинг ҳам  ютуғим, - дейди устоз мамнуният билан. – Менинг берган сабоғимдан озгина бўлса-да, кўнгиллари нурланса, ана шу  нур ила жамиятга аралашиб, сингиб яшашса, демак, меҳнатим бесамар кетмабди, деб қувонаман.

Ҳайит ва байрамларда Зулфия опа Пошшиеванинг хонадонидан меҳмонларнинг қадами узилмайди. Узоқ-яқиндан опани қутлагани шогирдлари келишади. Опанинг қучоғи гулларга, қалби эса қувончга тўлиб кетади. Оддий муаллиманинг бахти ҳам, обрў-мартабаси ҳам шунда, шогирдлари камолида!

Уллижон КАЗАКОВА,

49-сонли мактаб ўқитувчиси.

(Фото - http://uzssgzt.uz)

Янгиликни бўлишинг: