"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7790.2 +7790.00
  • 1 EUR = 8888.62 +8888.00
  • 1 RUB = 115.07 +115.00

Одамлар орасида

Халқи аҳил ва иноқ юртдагина ободлик ва орасталик ҳукм суради, ҳар куни бир янгилик яралади, гўзаллик бўй тиклайди. Ўлкамизга кириб келган пишиқчилик фасли туманимизнинг табиати сўлим, халқи меҳнаткаш ва меҳмондўст мавзеларидан бири - Назархон овулидаги маҳаллаларга ҳам ўзгача файз бағишлади.

- Овулимиз аҳли ҳар йилги баҳорни ўзгача меҳр билан  қаршилайди, - дейди Назархон ОФЙ диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия  масалалари бўйича маслаҳатчиси Гулжаҳон Иброҳимова. – 6 та маҳаллага бирлашган қозоқ, қорақалпоқ, ўзбек миллатларига мансуб оилалардан иборат 652 та хонадоннинг қай бирига кирсангиз ҳам қайноқ меҳнат палласига дуч келасиз. Назархонликлар оилалар ободлигини атроф-муҳит саришталигида, деб билишади.

Ҳақиқатан ҳам айни кунларда овулнинг ҳар бир қарич ерини обод гўшага айлантиришга бел боғлаган назархонликлар ҳудуддаги ўқув масканлари атрофи, кўчалар ва сув йўлларига эрта кўкламда эккан турли гул ниҳоллари, мевали ва манзарали дарахтлар кўчатлари яшнаб ўсиб, тупроққа илдиз қўйган. Томорқаларда етилган илк ҳосил нишоналари оилалар дастурхонига файз бағишлаб турибди. Овулда 188 гектар ер томорқа хўжалиги учун ажратиб берилган бўлиб, 652 та хонадоннинг барчасида оилалар эҳтиёжи учун етарли эртаги сабзавот ва полиз экинлари экишга алоҳида аҳамият қаратилади.

- Овул аҳли оилалардаги тотувлик ва файз-барака калити – меҳнатда, томорқада эканлигини яхши билишади, - дейди Гулжаҳон Иброҳимова. – Ҳар бир оиланинг ўз чорваси, паррандаси, экин-тикини, боғ-роғи бор. Нукус шаҳридаги деҳқон бозорида "Бердақ бозори” деб аталадиган расталар борлигининг ўзи томорқа хўжалиги ривожланиб оилалар кундан-кунга фаровонлашиб бораётганидан далолат.

Овулнинг диний маърифат ва маънивий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Гулжаҳон Иброҳимова учун назархонликларнинг бешикдаги гўдагидан тортиб, ёши 80-90ни қоралаб қолган, ҳатто юз билан юзлашиш арафасидаги ҳар бир фуқароси азиз, қадрдон. Уч ярим минг нафардан зиёд овул аҳолисининг барчасининг ҳаётида Гулжаҳоннинг халқ депутатлари туман Кенгаши депутати сифатида ҳам маълум маънода ўрни бор. Айниқса, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, якка-ёлғиз ногиронларни, фарзандлари тўлов-шартнома асосида таҳсил олаётган оилаларни қўллаб-қувватлаш, 925 нафар туғиш ёшидаги аёллар саломатлиги борасида қайғуриш – худди ўз оиласини қайғуриш билан баробар, десак, ҳеч муболаға бўлмайди. Овулдаги фаол аёл-қизлар, ҚВП шифокорлари, учта умумтаълим мактабларининг ўқитувчилари ҳамда юқори синфлар ўқувчи-қизлари билан тез-тез  ҳамкорликда ўтказилаётган тарбиявий мавзудаги давра суҳбатлари, учрашув ва байрам тадбирлари оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, мактаб-оила-маҳалла ҳамкорлиги, доимий ҳаракатда бўлган бешта сектор  фаолияти боис, оилалар билан боғлиқ муаммоларни тез ва ижобий ҳал этиш имконини бермоқда.

- Овулимиз аҳолисининг 1858 нафари аёл-қизлар ҳисобланади, - дейди Гулжаҳон ўз иш тажрибасидан сўзларкан. – Аввало оилада аёл тинч бўлиши керак. Назархон овули ҳудуди катта – 6 та  аҳоли пунктига бирлашган маҳаллаларнинг барчасини ҳар ҳафтада қадам-ба-қадам кезиб чиқишимга тўғри келади.  Мен нима учун шундай қиламан? Одамнинг юзи иссиқ. Аввало ана шу иссиқ меҳрни ҳис этиш, одамларнинг турмуш тарзини ўз кўзим билан кўриш, оилалар билан боғлиқ муаммоларни жойига чиқиб ўрганиш ниятида шундай қиламан.

Ким уйининг фасад қисмига эътибор қилаётир? Ҳовли-жойи сариштами? Кўчалар озодами, қўшни-қўшниси билан аҳилми? Маърака-ю маросимлар, оилавий тадбирларда исрофгарчиликка йўл қўйилаётгани йўқми? Янги тушган келинларга қайноналарнинг муносабати қандай, ёш оилаларни катта ёшдаги оила соҳиблари қўллаб-қувватлаяптими? Бу каби саволлар билан боғлиқ масалалар бўйича хонадонлар остонасидан ҳар гал ҳатлаганида Гулжаҳон энг аввало ўзи кириб келаётган хонадоннинг ҳовлисини кўздан кечиради: тоза-озодагинами? Кўнгилдагидай! Демак, бу оила-да хотиржамлик бор, барака бор. Акси бўлса-чи? Агар ҳовли юзасида тартибсизликка дуч келса, биладики, бу хонадон аъзоларининг турмуш тарзида камчилик бор. Ё ахлоқий-тарбиявий муҳитда ёки хонадоннинг моддий таъминотида қандайдир етишмовчилик бўлади.

Бундай вазиятларда Гулжаҳон уй бекалари – катта ёшдаги онахонлар, ёш келинчаклар билан ишлашишдан асло зерикмайди. Гоҳ келин билан, гоҳ қайноналар билан алоҳида-алоҳида суҳбатлар ўтказади. Иложи борича, ҳар бир кўнгилни обод қилмоққа интилади.

Ўтган 2015 йилда 50 та оиладан ижтимоий нафақа  тайинлашни сўраб тушган аризалар бўйича жойларига чиқиб, аҳвол ўрганилганида, 49 та ариза эгасининг оилаларида ҳақиқатан ҳам моддий етишмовчилик мавжудлиги аён бўлди. 50 та аризадан 49 таси қаноатлантирилди. 2 ёшгача болалари бўлган оналарга бола тарбияси учун бериладиган нафақа тайинлашда ҳам адолат  мезонларига амал қилинди. 30 нафар она учун нафақа тайинланди. 4 та оила  эса ҳақиқатан ижтимоий ҳимояга муҳтожлиги учун моддий томондан қўллаб-қувватланди.

- Ҳозирги пайтда оилавий ҳаётда жуда қийин вазиятга тушиб қолишмаса, овулимиз аҳли аризабозлик қилиб юришмайди, - дейди Гулжаҳон. – Қолаверса, ҳудудимиздаги оилаларнинг қарийб 80-85 фоизи иқтисодий жиҳатдан яхши таъминланган. Бу ниманинг самараси? Энг аввало, бу одамлар қалбида ерга, мулкка эгалик туйғусининг ошганлигидан.

Назархонликлар қачон, қандай меҳнат билан шуғулланишни, ўз меҳнатидан оиласига қай даражада манфаат етишини яхши биладилар. Эртаги картошка, пиёз, бодринг, ҳандалак ва қовун етиштиришнинг ҳадисини олган овул аҳли учун оила манфаати, оила иқтисоди ҳамма нарсадан устун. Нукус деҳқон бозорининг бир неча растасини чорвачилик ва паррандачилик маҳсулотлари, эртаги резаворлар билан тўлдириб қўйган назархонликларнинг оилаларига қадам ранжида қилсангиз, элимизда бунчалар сахий, бағри кенг, кўнгли обод инсонлар борлигидан фахрланмай иложингиз йўқ.

- Айнанайин қароғим-ов, кел-сенг-ши, - деб албатта қадамингизга ҳеч бўлмаса битта курка сўйиб, сизни суйиб қаршилайди овул кексалари.

Бу  нимадан далолат? Албатта, фаровонликдан, жамиятимиз таянчи бўлган оилалар тўкислигидан!

- Бизнинг Назархонда оиласини унутган одам эл назаридан қолади, - дейди Гулжаҳон. - Оддий бир мисол: овулнинг "Кўкдарё” маҳалласида яшовчи бир оилавий можаро узоқ  давом этди. Мен йиллар давомида бу оилани сақлаб қолишга уриндим. Лекин оиласини унутган эркакни  маҳалла тарбиялай олмади. Суд ажрими билан фарзандларига алимент тўлашга ҳукм этилди. Лекин бу эркак алимент тўлашни ҳам "унутди”. Охири суд ҳукми билан 3 йиллик мажбурий хизматга жалб этилди. Бу билан нима демоқчиман? Бундайларни яхши гап, маслаҳат билан эмас, оиласига эътиборсизлиги учун қонуний чора кўриш орқали тарбиялаш ва жазолаш керак. Ахир оилани унутиш – ўзини, эл-юртини беҳурмат қилиш эмасми?

Бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида маҳалла маслаҳатчиси тиним билмайди. "Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси, ҚВП шифокорлари, ҳудуддаги ўқув масканлари, вояга етмаганлар билан ишлашиш комиссияси, туман ИИБ профилактика нозири билан ҳамкорликда олиб бориладиган ишлар режасига мувофиқ оилаларда вояга етмаган ёш ўсмирлар, академик лицей ва коллежларнинг ўқувчи-ёшлари ўртасида гиёҳвандликка, одам савдосига қарши кураш, эрта турмушнинг олдини олиш,  аҳолининг иш билан бандлигини таъминлаш мақсадида давра суҳбатлари, байрам тадбирлари ўтказиб, бу каби тадбирларда ёшларнинг кенг иштирокини таъминлашга интилади. Қилинаётган саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, тўйлар камчиқим, тартибли ўтказиладиган  бўлди. Айниқса, ёшлар "гулянка” деб атайдиган бўлмағур "тўй сайри”га барҳам берилди. Сийноқ, кенгаш, кичик тўй, катта тўй каби маросимлар ихчамлаштирилиб, икки кун ичида ўтказиладиган бўлди.

- Бу ҳам оилалар иқтисодига катта фойда, - дейди Гулжаҳон мамнуният билан. – Биргина "гулянка”нинг ўзига оила соҳиби кам деганда 1 млн. сўм сарфларди. 15-20 нафар, баъзан ундан ҳам кўпроқ одам иштирокида, турган-битгани ароқ  ичишмадан иборат "сийноқ”ни олайлик. Шу "сийноқ”нинг ўзига, ўртача ҳисобини чиқарсак, 1,5-2 млн. сўм  маблағ кетаркан. Бу кераксиз чиқимлар оила иқтисодига ҳам, оила муҳитига ҳам зарар келтиради.

Биз оилаларимиз иқтисодига зарар келтирадиган ҳар қандай ҳолатга барҳам беришга интиламиз.

Интилиш – инсонга куч-қудрат ато этади бу фазилат. Ўзига ишонч, қатъият, ирода ҳиссини уйғотади. Гулжаҳон Иброҳимова ана шу туйғу билан яшайди, меҳнат қилади, одамлар орасига ошиқади. Иш кунининг ҳар бир лаҳзасини эл-юрт орасида ўтказади. Бугунги кунда овулда ҳар ўн нафар аёлнинг бири уй меҳнати, 16 нафар аёл-қизлар эса касаначилик фаолияти билан шуғулланишади. Аёл-қизларнинг жамиятга фаол аралашуви, томорқа хўжалигини ривожлантириб, ички бозоримизни сарҳил маҳсулотлар билан таъминлашга ҳисса қўшишлари учун жон куйдиради. Гулжаҳоннинг саъй-ҳаракатлари билан ҳар йили коллеж битирувчилари бўлган қизлар ва ёш аёллар учун 10-12 та янги иш ўринлари ташкил этилади. Назархон овулидаги оилаларда  сўнгги ўн йил ичида оилавий ажримлар барҳам топди. Эрта турмуш қуришга чек қўйилди. Йилига 7-8  марта ўтказилаётган умумий тиббий текширувлар натижасида оналар ва болалар саломатлиги меъёрга етказилди. Вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик юз бермади. Демак, фарзандлар ота-оналари бағрида, ота-оналар эса соғлом ва баркамол фарзандлар ғамхўрлигида. Маҳалланинг ҳар бир қарич ери эса назархонликлар меҳри билан тобора обод ва кўркам бўлиб бораверади. "Мустақилликнинг 25 йиллигига 25 туп ниҳол - менинг туҳфам!” шиори остида экилган дарахт ва гул кўчатлари бугун тупроққа илдиз қўйган. Зеро, яхши ниятлар билан қилинган ҳар бир иш эзгудир. 

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

 

 

(Фото: Гулжаҳон Ибрагимова (чапда) пахта даласида. Архив фото)

 


Янгиликни бўлишинг: