"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9433.34 -13.65
  • 1 EUR = 10354 +21.20
  • 1 RUB = 145.75 -1.19

PАҚАМЛИ ТЕЛЕВИДЕНИЕ янги имкониятлар эшигини очади

Истиқлол йилларида мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари, хусусан, теле- ва радиоканалларни ривожлантириш Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Сўнгги йилларда кўрилган қатор чора-тадбирлар натижасида телевидение ва радионинг замонавий техник базаси яратилди. Телекўрсатувларни тайёрлаш ва тарқатиш жараёнига замонавий телевизион ускуна ва медиа-технологиялар изчиллик билан жорий этилмоқда. Бу эса мамлакатимиз аҳолисининг нафақат бадиий жиҳатдан, балки, техник томондан ҳам мукаммал теле- ва радиодастурлардан баҳраманд бўлишига замин яратмоқда.

Яқин тарихга назар ташласак, 1981 йилнинг кузида туманимизга биринчи марта телевизион сигналларни узатиш мосламаси ўрнатилиб, юртдошларимиз марказий теле- ва радиоканалларни анча сифатли тарзда қабул қилиш имкониятига эга бўлган эдилар. Мазкур марказнинг телевизион сигналларни тарқатиш мосламаси ҳозирги Амударё қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи биносининг устида – 15 метрлик баландликда жойлашган эди.

Телевизион сигналлар сифатини ошириш мақсадида 1992 йилда Манғит шаҳрида замонавий радио-телевизион станцияси қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Илгарилари станциямиз орқали узатиладиган телевизион сигналлар радио-реле линияси орқали қабул қилиб олинар эди. 2005 йилда туманимизга шиша толали кабель ётқизилиши натижасида бу жараён анча енгиллашиб, шаҳарлараро алоқа линиялари орқали амалга ошириладиган бўлди. Қолаверса, шиша толали кабель ётқизилиши нафақат телевизион сигналларни қабул қилиш жараёнини осонлаштирди, балки, туманимиз аҳолисининг замонавий телефон алоқаси, интернет ва бошқа хизматлардан фойдаланишига имконият яратди.

2006 йилда соҳада яна бир ижобий ўзгариш рўй бериб, телевизион станциядаги ускуналар замонавийсига алмаштирилди. Янги русумдаги, Хитойда ишлаб чиқарилган аналог сигнал тарқатиш ускуналарини ишлатиш тартиби, улардан фойдаланиш йўриқномаларини ўрганиш учун 2006 йилда Хитойнинг Шанхай шаҳрида хизмат сафарида бўлиб қайтдим. Эндиликда марказимиз орқали узатилаётган сигналларнинг сифат даражаси анча ошди. Шунингдек, бу жараёнда ишлатиладиган ускуналар юқори сифатга эгалиги сабабли бугунги кунгача беминнат хизмат қилиб келмоқда.

Ҳозирги кунда баландлиги 50 метр бўлган телеминорага ўрнатилган номинал қиймати 100 Вт кучланишдаги аналог тизимли узаткичлар орқали "Ўзбекистон”, "Спорт”, "Ёшлар” ва "Қорақалпоғистон” телеканаллари, шунингдек, "Маҳалла”, "Ўзбекистон”, "Ёшлар” ва "Қорақалпоғистон” радиоканаллари ретрансляция қилиб келинмоқда. 2010 йилда эса яна бир қувончли воқеа рўй берди – Амударё телеканали ишга қўшилиб, станциямиздаги 10 Вт кучланишли телеузаткичдан эфирга узатила бошланди.

Дастлаб ҳафтасига 3 кун, ҳар бир чиқишда 2 соатдан эфирга узатила бошланган телеканал дастурлари 2014 йилнинг 21 мартидан бошлаб, ҳафтасига 5 кун, ҳар чиқишда 3-3,5 соатдан эфирга узатила бошланди.

2016 йилнинг аввалидан бошлаб эса телеканал дастурларининг давомийлиги ҳар чиқишда 5 соатга етказилди. Шунингдек, дастурларни илгаригидек компакт дискларда DVD-плеерлар орқали узатиш усулидан воз кечилиб, замонавий компьютер мажмуаси орқали эфирга узатиш йўлга қўйилгани видео-тасвир ва овоз сигналларининг тиниқлик даражасини анча оширди.

Маълумки, кейинги йилларда муҳтарам Юртбошимиз раҳбарлигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жамият ва давлат бошқаруви фаолиятининг барча соҳаларига кенг жорий этиш ҳамда улардан самарали фойдаланиш, телекоммуникация инфратузилмаси, маълумотларни  узатиш тармоқларини модернизация қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 17 апрелдаги қарори билан тасдиқланган "Ўзбекистон Pеспубликасида рақамли телевидениега техник ва технологик ўтиш бўйича Давлат дастури” асосида мамлакатимиз ҳудудини рақамли телевидение кўрсатувлари билан қамраб олишни кенгайтириш ҳамда рақамли телевидениега босқичма-босқич ўтиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Давлат дастури доирасида 2016–2017 йилларда мамлакатимиз бўйича 84 та юқори кучланишдаги узатгичлар ўрнатилиши ва шунинг натижасида мамлакатимиз йирик аҳоли масканларининг 90 фоизининг рақамли телевидение билан қамраб олиниши назарда тутилган.

Дастурга асосан жорий йилнинг 1-чорагида Манғит радио-телевизион станциясига ҳам юқори кучланишдаги 2 та рақамли узаткич ускуналари келтирилди.

Шу кунгача туманимиз аҳолиси Нукус ёки Урганч шаҳарларида жойлашган радиотелевизион станциялардан келаётган сигналларни қабул қилиб келаётган эди. Албатта, бундай узоқ масофадан келаётган сигнални тутиш учун қабул қилувчи мосламалар – антенналар анча баланд жойлашиши талаб этилади. Қолаверса, бу сигналларнинг сифати кафолатланмайди.

Ушбу узаткичларни мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллик байрамигача ўрнатиб, ишга тушириш режалаштирилмоқда. Бунинг натижасида туманимиз аҳолиси 1 КВт кучланишда ишловчи телеузаткичлар орқали юқори сифат ва тиниқликдаги кафолатли телевизион сигналларни қабул қилиш имкониятига эга бўлишади. Энг асосийси, Амударё телеканалини ҳам рақамли форматда, юқори тиниқликда, туманимизнинг барча ҳудудларига кафолатли тарзда узатиш имконияти яратилади. Бу эса доимо янгиликка интилувчи туманимиз аҳлининг севимли телеканали – Амударё телевидениеси таҳририяти учун катта имкониятлар эшигини очади. Дарвоқе, яқинда, 12-17 июнь кунлари Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида жойлашган радио-телевизион станцияларнинг техник ходимлари қатори мен ҳам янги рақамли технологияларнинг ишлаш тамойилларини ўрганиш, уларни эксплуатация қилиш бўйича билим ва кўникмаларга эга бўлиш мақсадида Япониянинг Фукусима шаҳрида хизмат сафарида бўлдим. Шу ерда интернетдаги amunews.uz веб-сайтидан "Замин” информацион дастурини кузатиб бордим. Ҳамроҳларим олис Японияда туриб, туманимиз янгиликларини кўраётганимга ҳайрат ва ҳавас билан қарашди. Фурсатдан фойдаланиб, телеканал таҳририятини, барча матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларини касб байрами билан чин қалбимдан табриклайман!

Фарҳод КАМОЛОВ,
Манғит радио
-телевизион станцияси бошлиғи.
(Фото: http://static.norma.uz)
Янгиликни бўлишинг: