"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7787.81 -26.42
  • 1 EUR = 9100.06 -76.86
  • 1 RUB = 124.54 -0.19

ДИЙДОP ШИPИН

"Жайхун илҳомлари” ННТ аъзоси сифатида "Тараққиёт кўзгуси” газетаси таҳририятида тез-тез бўлиб тураман. Ҳар сафар туманимиз ижод аҳлининг ҳомийси бўлган қутлуғ даргоҳга келганимда бу ерда ижод қилаётган инсонлар билан дийдорлашишдан кўнглимда ажиб шодлик, меҳр уйғонади. Ижодий ходимлар билан учрашиш, дийдорлашиш, ижод ҳақида беминнат маслаҳатларини олишга ҳар доим ошиқиб туришимнинг боиси ҳам шунда.

Ижодкорларнинг билим савиясини ошириш, фикр доирасини кенгайтириш мақсадида бу ерда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. ННТ раиси, устозимиз Аҳмад ака Нафасов бошчилигида туманимиздаги таълим масканларида адабий-бадиий тадбирлар, ижодкор ёшлар билан тез-тез учрашувлар, мушоиралар ўтказилмоқда, кўрик-танловлар уюштирилиб, уларнинг бадиий ижод, тасвирий санъат йўналишидаги ижод маҳсуллари туманимиз газетаси саҳифаларида мунтазам ёритилмоқда. Ташкилот ҳузуридаги кутубхона эса бугунги кунда туманимиз ёшларининг ҳақиқий маънавият масканига айланган.

ННТ кутубхонаси жамғармасидаги 2 мингдан ортиқ китоблар орасида ёшлар ҳаётига оид энг сара асарлар, айниқса, тарихий мавзудаги адабиётлар ўрин олган. Кутубхонада китоблар жавонидан ўрин олган болалар адабиёти дурдоналарини кўриб, кўзингиз қувнайди.

- Кутубхонамиз аъзолари асосан ёшлар, - дейди ННТ раиси Аҳмад ака Нафасов. – Лекин ёши улуғ китобхонларимиз ҳам анчагина. – Ёшлар билан баб-баравар китоб ўқиётган китобхонларимиздан Исмоил Юсупов, Иброҳим Исмоилов, Турсунбой Абдуллаев, Норимбат Тожибоев, фахрий журналист Саъдулла Хўжаниёзовлар кутубхонамизнинг энг фаол аъзолари.

Туманимиз маънавий-маърифий ҳаётида ўз ўрнига эга бу устозларнинг бири умрининг 35-40 йилини ёш авлод таълим-тарбиясига бағишлаган бўлсалар, устоз Саъдулла ака Хўжаниёзов бутун умр ўз ижодий фаолияти давомида ёш ижодкорларга ғамхўрлик қилиб келмоқда.

- "Жайхун илҳомлари”  ННТ нинг ташкил этилиши нафақат ёшлар, балки биз кексалар учун ҳам айни муддао бўлди, - дейди Исмоил ака Юсупов – китобхонлик баҳонасида тез-тез бир-биримиз билан дийдорлашиб турибмиз.

- Тўғри айтасиз, - суҳбатимизга қўшилди Норимбат ака Тожибоев, - дийдор ширин. Бир-биримиз билан бўладиган самимий  суҳбатлар ундан-да ширин.

- Ана шу суҳбатлар асносида кутубхонага ташриф буюраётган ёш китобхонлар, ижодкор ёшлар билан танишиб, уларнинг ижод маҳсулларидан ҳам баҳраманд бўлмоқдамиз, - қувончини яшира олмайди устозимиз Саъдулла ака Хўжаниёзов.

Ҳақиқатан ҳам қисқа вақт ичида "Жайхун илҳомлари” ННТ туманимиз ахлининг, айниқса, ёш ижодкорларнинг севимли даргоҳига айланди. ННТ офисига ҳафтанинг қайси кунида келманг, ҳамиша қандайдир тадбирнинг гувоҳи ва иштирокчисига айланасиз. "Китоб сайиллари”, "Китобхонлик – маънавият калити” тадбирлари, давра суҳбатларидан ташқари, ўқув масканлари, овул ва маҳаллалаларда ўтказилаётган "Маънавият кунлари”, "Санъат ғунчалари” концерт дастурларида юзлаб ёшлар иштирок этишмоқда. Бундай самимият, ўзаро меҳр-оқибат, миллатлараро тотувлик уфуриб турган учрашув кечаларида бир-бирлари билан дийдорлашаётган ижодкор ёшлар қалбида миллий маънавиятимизга дахлдорлик, она Ватанга, истиқлол ғояларига садоқат туйғулари жўш урмоқда. Бу жўшқинлик уларни янада сермаҳсул ижод сари ундаши табиий. Чунки бунда ижод аҳлига ва демакки, уларнинг кўнгил мулкига эътибор ва рағбат бор. Кўнгил эса ҳамиша эътиборга, илиқ меҳрга ташна. Бу ташналик давоси самимият ва дийдордир. "Жайхун илҳомлари” ННТ ўз тадбирлари билан қалбларга ана шундай илиқ меҳр ва самимий дийдор қувончини ато этади.

Гулнора ЮСУПОВА,
ННТ аъзоси, "Ўрта қалъа” овули.
Янгиликни бўлишинг: