"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9433.34 -13.65
  • 1 EUR = 10354 +21.20
  • 1 RUB = 145.75 -1.19

КАСБИДАН КАМОЛ ТОПГАН ИНСОН

Ҳаётда шундай инсонлар бўладики, гарчи бошқа соҳа вакили бўлса-да, касб машаққатларини енгишни, шарафини ҳис қилишни, садоқат, фидойиликни улардан ўрганасан ва умр бўйи яхшилар қатори ҳурмат-эҳтиром билан эслаб юрасан.

Собиқ 4-сонли Манғит босмахонасида чоп қилувчи бўлиб 35 йилдан ортиқ меҳнат қилиб, айни кунда кексаликнинг гаштини суриб, фарзандлари, неваралари ардоғида яшаётган, "Ўрта қалъа” овулида истиқомат қилувчи Жумабой ака Болтабоев ана шундай эъзозли инсонларнинг биридир.

Мен "Амударё ҳақиқати” газетаси таҳририятида иш бошлаган кезларим - 1985 йилда у босмахонада газета чоп қилувчи бўлиб ишларди. У пайтларда материаллар линотип машинасида, қўрғошинда терилиб, саҳифаланар, шу боис, навбатчиликлар  ярим тунга, баъзан тонггача ҳам давом этарди. Шундай дамларда чоп қилувчи Жумабой ака Болтабоев чарчасак-да шошмасликни, матн хатоларининг тузатилганини синчковлик билан қараб  чиқишни уқтирарди доим. Ҳар гал имзо қўйиб, Жумабой акага топшириб кетган саҳифаларимиз эрталаб ҳали буёғи қуримаган газетага айланиб, тахланиб турганини кўриб қувониб кетардим. Шундай дамларда газета тахламлари ёнида ҳорғин қиёфада, бироқ жилмайиб, газетани чоп қилган одам – Жумабой ака турарди.

Унинг ҳафтанинг уч кунида ҳаёти шундай кечарди. Ахир у пайтларда газета ҳафтасига уч марта ёруғликка чиқарди. Инсон ўзи танлаган касби учун қанчалик фидойи бўлиши кераклигини мен ўша  киши тимсолида юрак-юрагимдан ҳис қилганман.

Жумабой Болтабоевнинг босмахонадаги меҳнат фаолияти 1969 йилдан бошланди. У турли буюртмалар, иш қоғозлари ва газета чоп қилишни шу касбда ишлайдиган Pажаб Абдуллаевдан ўрганди. Ҳадемай ўзи  ҳам мустақил ишлай оладиган бўлди. Ўша вақтдаги босмахонанинг директори Бекиш Жумамуродов (худо раҳмат қилсин!) унинг тиришқоқлигини инобатга олиб, энг масъулиятли иш - газета чоп қиладиган машинани ишлатишни ишониб топширди. У шу касбда 35 йилдан ортиқ меҳнат қилди, жамоасида обрў-эътибор қозонди.

- Газета таҳририяти ва 4-босмахона меҳнат жамоалари бир ота-она фарзандларидай  аҳил-иноқликда ишлаган дамларимиз доим кўз ўнгимда. Собиқ касбдошларим Гуландом Янгибоева, Ўрозгул Ҳабибуллаева, Жумабой Абдуллаев, Давлатбой Очилов Жумагул Ердошева, Гулсара Ўрозбоева, Дилбар Жумамуродова, Улбўлсин Обдалова, Норгул Юсупова, Гулбаҳор Иброҳимова, Pажаббой Ҳайтимбетовларни худди туғишганларимни соғингандек соғинаман, эслаб ўтираман, - дейди хаёлга берилиб Жумабой ака.

Айни кунда Жумабой Болтабоев умрининг 70 йилини қарши олган бўлса-да, ҳамон тетик, зийрак. Кўзлари нурсизланиб қолганига қарамай, радио эшитади, телевизор – эрмаги. Дунё воқеаларидан бохабар бўлиб, ўзича хулосалар чиқариб, фарзандларини эзгуликка ундаб ўтиради, умрдоши Бикажон опа билан  фарзандларининг камолидан қувониб яшайди.

Инсон учун ўзининг босиб ўтган ҳаёт йўлидан мамнуният билан яшамоғи – улкан бахт. Ана шундай бахтга эришган Жумабой Болтабоевни соҳамиз ходимлари учун улкан шодиёна  - 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан қутлаб, узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилаб қоламиз.

Ойгул PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: