"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7883.99 -26.37
  • 1 EUR = 9150.95 -156.16
  • 1 RUB = 124.89 -2.72

Кунлардан бир кун... МАҲАЛЛАДА

ЯХШИЛИК ЙЎЛИ

Бахтсиз тасодиф туфайли ота-онасидан бир кунда ажралиб қолган Султонмуроднинг болалиги ҳам, ёшлиги ҳам бировларнинг  эшигида ўтди. Ким нима юмуш буюрса, қилаверарди. Меҳнатига бериладиган арзимасгина чақага қаноат қилиб, гоҳ оч, гоҳо юпун яшаса-да, ўз эҳтиёжларидан ортган пулларини йиғиб, китоб сотиб  олар, иложи борича яхши ўқишга интиларди. Ҳар кимнинг хизматини қилиб юриб балоғатга етди, норғул йигит бўлди. Мактабни "аъло” баҳоларга тугатиб, институтга ўқишга кирди. Ўзига қулай бўлиши учун ўқишини институтнинг кечки бўлимига ўтказиб, Тошкент трактор заводида ишлади. Қишлоғига қайтиб келганида ота-онасидан қолган макон ҳувиллаб ётар, иккала ён қўшнилари томорқанинг анчагина қисмини эгаллаб олишганди. Султонмуроднинг келганини эшитиб, аҳвол сўрагани кирган отасининг болаликдаги жўраси Нурулла бобо:

- Ҳеч қисинма, болам, - деди босиқлик билан.  – Одамзотнинг кўзи бир сиқим тупроққа тўяди. Озга қаноат қилсанг, кўпга етасан. Ҳовли-жойингни тартибга келтириб олавер, томорқа еринг бир гап бўлар.

Султонмурод Нурулла бобонинг маслаҳати билан иш тутди. Эски иморатнинг бир қисмини бузиб, янгилаш тараддудига тушди. Мактабда ишлаб юриб, дўстлари кўмагида тўрт хонали шинамгина  уй қуриб, томини ёпиб олди. Келаси йили айвон билан қўшимча икки хона қуриб, янги ҳовлисининг томини шиферлади. Ҳаш-паш дегунча ўтган уч йил ичида Султонмурод ота маконини қайта тиклаб, бинойидай ҳовли-жойли бўлди. Олти йил давомида заводда ишлаб, ҳам ўқиб юриб, тирноқлаб йиққан пули жонига оро кирди унинг.

- Энди болам, бундай сўққабош юрганинг  яхши эмас, - деди бир куни Нурулла бобо. – Кўнглингга тугиб қўйганинг бўлса...

Султонмурод бир энтикиб қўйди-ю, лекин индамади. Ахир қандай айтсин? Олдига тушиб, тугунини кўтарадиган яқинлари бўлмаса. Борлари ҳам узоқда, туманнинг нариги чеккасида яшовчи аммасидан не наф? Бировнинг эшигини очиш ҳам осон эмас. У шуларни ўйлаб:

- Озгина ишлай, ота, - деди кўзларини ерга тикиб.

- Шундоғам ишлайверасан, кўнглингдагини айтсанг бўлди, болам. Отангнинг маҳаллага кўп хизмати сингган, буни ҳамма билади. Нима, битта сенинг тўйингни ўтказиш маҳаллага оғирлик қиладими? Гапнинг ўғил боласини айтсам, ҳеч ҳам оғирлик қилмайди-да.

Нурулла бобонинг кўзлари ёшланди.

- Ана, Иззат бошлиқ, уни отанг ўлимдан  асраб қолган, томирида Нормурод жўрамнинг қони оқиб турибди. Менинг қизим-чи,  Назира опанг, уни катта канал сувида оқиб кетаётганида отанг қутқариб қолган. Ана ўлади, мана ўлади, деб Назиранинг юзига термулиб ўтирганимизда машинасида Нукусга олиб бориб, катта дўхтирларга кўрсатган ҳам шу жўрам. Э-ҳа, болам-а, Нормурод жўрамнинг эл-юртга қилган яхши амаллари жуда кўп, билсанг. Кўчамизни асфальт қилдиришга  бош-қош бўлган ҳам, янги мактаб қурилишини тезлаштирган ҳам, овулга табиий газ тармоғи тортилишига жон куйдирган ҳам Нормурод жўрам!..

Нурулла бобо дўстининг яхшиликлари ҳақида тўлқинланиб-тўлқинланиб гапирди. Султонмурод бобонинг гапларини жон қулоғи билан тингласа-да, барибир, ўзининг уйланиши масаласига бутун маҳалла аҳли аралашаётгандай, хижолат бўлди.

- Ота, бу тўғри келмайди, - деди босиқлик билан. – Бироз ишлаб, ул-бул жамғариб олай, кейин бир гап бўлар.

Нурулла бобо индамади-ю, лекин ўз билганидан қолмади. Эртасигаёқ Нормурод жўрасининг якка-ю ягона синглиси Гулойим яшайдиган қишлоққа йўл олди. Бор гапни Гулойимнинг қулоғига яхшилаб "қуйган” Нурулла бобо орадан бир ҳафта ўтиб, яна Султонмуродни йўқлаб келди.

- Менга қара, бола, - деди у чўрт кесиб, - энди менинг айтганим бўлади. – Ёш эмассан, 28 га кирдинг. Тенгдошларинг суннат тўйлари қиламан, деб юришибди. Эртага амманг  келади, қуда тушиладиган уйнинг манзилини айт.

Султонмурод ишнинг бундай тус олишини асло кутмаганди, довдираб қолди.

- Манзили, манзили, - дудуқланиб-дудуқланиб зўрға гапирди у, - манзили Файзулла аканинг...

Нурулла бобонинг юзи чарақлаб  кетди. Тиззасига шапатилаб ўрнидан турди-да, Сулотонмуродни бағрига босди.

- Менинг кўнглимдаги бўлди-я, болам, - деди у ростмана қувониб. – Ўзим ҳам шу қизимни кўзлаб юрган эдим-да!

Файзулла оға Нурулла бобонинг ўртанча укаси. Қизи Гулнора яқинда институтни битирган, доришуносликка ўқиган, одобли, тарбияли қиз.

Султонмуроднинг аммаси келгунига қадар Нурулла бобонинг келинлари нон-у патир, қатламалар пиширишди. Худди ўз ўғлини уйлантираётгандай, елиб-югуриб юрган бобо мева-чева-ю шира-шарбатни уйиб ташлади. Яхшиликнинг  қанотида учиб-қўниб Иззат бошлиқ  (у тумандаги катта бир корхона раҳбари эди), маҳалла оқсоқоли, Султонмурод  ишлайдиган мактаб директори, маҳалланинг катхудолари бирин-кетин  эшикдан: "Ўнг бўлсин!”, - деб кириб келишди. Ота маконини янгилаб олган Султонмуродга барчаси "баракалла”, дейишди, ҳатто ҳавас ҳам қилишди.

- Сен менинг туғишган укамдайсан, - деди Иззат бошлиқ. – Агар отанг  бўлмаганида мен бу дунёда яшаб юрмасдим. Ўшанда мени уриб кетган машина шофёри қочиб кетганидан кўп қон йўқотганман. Нормурод оға то тузалгунимча менга донорлик қилиб, тепамда ўтирган эканлар. Қарзимни узиш пайти келганида, сен ука, ўзингни четга олма.

- Нормурод ака фақат эл-юртни ўйларди-да ўзиям, - маҳалла оқсоқоли ҳам отасининг қилган  эзгу ишларидан узоқ гапирди.

Шу куни Гулойим амма ва Нурулла бобо, Иззат бошлиқ, маҳалла оқсоқоли Ҳикмат акалар Файзулла оғаникига совчиликка бориб, қувониб қайтишди.

Султонмуроднинг тўйи хабари бутун маҳалла аҳлини қувонтириб юборди. Тўйга ўз сўзида туриб Иззат бошлиқ бош бўлди. Маҳалла оқсоқоли тўйхона харажатларини зиммасига олди. Нурулла бобо Султонмуроднинг  ота-сининг жўралари номидан замонавий  мебель  совға қилди. Ҳамқишлоқлар совға-салом учун келтирган гилам- поёндозлар дастурхонхонага сиғмай кетди. Бир тўй бўлди, бир тўй бўлдики, яқин орада қишлоқ аҳли бундай яйрамаган эдилар. Аммо...

девор

Тўйга келганлар Султонмуроднинг икки ён қўшнисининг бошқалардан ўзларини тортишаётганини сезмай қолишмади. Ҳақиқатан ҳам, иккала ён қўшнилар негадир ўзларини айбдордай ҳис қилишаётгани, бошқалардай тўйда яйраб-кулолмаётгани ўзларининг хатти-ҳаракатларидан сезилиб турарди.

- Бетлари куюк-да, - деди дастурхонхонадаги аёллардан бири. – Нормурод ака билан Санам опанинг маъракалари ўтиб-ўтмай, ўртага икки метр-икки метрдан ўтиб, девор уриб олишди. Ота-онаси ўлгани билан Султонмурод норасида бор-ку, дейишмади. Нафс қурсин-а, нафс қурсин.

- Буни ҳамма билади, - гапга аралашди кайвони аёллардан яна бири. – Боласи бир гўдак, унга ҳовли, томорқа не керак, дейишган-да.

- Майли, қўяверинг, - деди маҳалланинг катта кайвониси Сожида эна. – Тўймаганнинг кўзини тупроқ тўйдиради. Султонмуроджон омон бўлсин. Нормурод оға билан Санам опанинг чироғи ёниб турибди-ку, шунинг ўзи катта гап.

Шу билан аёлларнинг гапи якун топди-ю, тўйдан ҳафта-ўн кун ўтиб,  худди ўйлашгандай, аввал чап ёнидаги қўшниси Олимбой эшикдан мўралади.

- Султонмурод, иним, сен билан келишиб олсак, - деди у кўзларини ердан узмай.

- Нимани? – ҳайрон бўлди Султонмурод.

- Шу, - талмовсиради қўшни, - ер масаласида-да. Мен бу деворни кўтариш учун фалон минг сўм харажат қилиб эдим, шу чиқимни берсанг, деворни бузмоқчи эдим.

Султонмурод қўшнисига ажабланиб қаради. Ахир унга девор ҳақида гап очмаган бўлса.

- Ака, бузиб не қиласиз, мен Сиз билан ер талашаётганим йўқ-ку.

- Сен айтмаганинг билан одамлар айтишяпти-да, ука. Иззат бошлиқ, Нурулла бобо, оқсоқол...

- Майли, ака, - деди Султонмурод, - мен розиман. Одамларнинг гапига эътибор берманг, деворингиз ўзи қулаб тушгунча тураверсин.

Қўшни кетди. Сал ўтиб, ўнг томон қўшниси Султонмуродни йўқлади. Бу қўшни анчайин дангалчи одам эди.

- Султонбой, - деди ҳол-аҳвол сўрашиб бўлгач, - ўртамиздаги деворнинг менинг ҳовлим тарафида сенинг икки ярим метр еринг бор. Девор ўрни билан уч метр. Энди, ука, сен мендан рози бўл. Шу деворни бекор тиклаган эканман. Бузиб ташлада, ерингни ол. Биласан, мазам йўқ.

Султонмурод ҳайрон қолди. У қўшни деворнинг харажатини, буниси эса розилик сўраётир. У қандай йўл тутишни билмай, жим ўтирар, бот-бот ҳовлисининг икки томонидаги икки деворга, девор ортида яшнаб турган дов-дарахтларга қараб қўярди.

- Девор ўзи қулаб тушгунча тураверсин, оға, - деди у бу қўшнисига ҳам.

Қўшни кетди. Орадан ҳафта-ўн кунлар ўтиб Султонмурод ўқитувчилар малакасини ошириш институтига ўқишга кетди. Бир ойлик ўқишдан қайтиб келиб, у ўз ҳовлисини таниёлмай қолди. Иккала қўшниси ҳам ўртадаги деворларни бузиб, текислаб, Султонмуродга тегишли ерни ажратиб, ҳатто ағдариб ҳам қўйишибди. Иккала қўшни ҳам бирин-кетин Султонмуродни кўргани киришди. Қилган ишларидан кўнгиллари тўлиб, Султонмуродни бағирларига босишди.

- Pаҳмат, ука, - деди бири, - энди маҳалла олдида юзим ёруғ бўлди.

- Сен менга кенгликни, одамгарчиликни ўргатдинг, ука, - деди иккинчиси.

Янги келин қўшнилари олдига дастурхон ёзди, палов тортди. Таом устига Нурулла бобо билан оқсоқол ва Иззат бошлиқ кириб келишди. Барчалари минг  йиллик қадрдонлардай, суҳбат қуришди. Султонмуроднинг ҳовлиси билан қўшнилари ўртасида ҳеч қачон девор бўлмагандай, атроф, ҳовли-ю чорбоғ шинам ва файзли эди.

 

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: