"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8374.1 -18.96
  • 1 EUR = 9410.81 -136.15
  • 1 RUB = 126.18 -1.32

Ғаллакорларимиз юксак хирмон яратди

Туманимиз ғаллакорлари 3000 гектар ғалла майдонидан режадаги 5530 тонна ўрнига 7500 тонна ғалла топшириб, йиллик шартномавий режаларини Қорақалпоғистонда биринчи бўлиб бажардилар.

Мамлакатимиз истиқлолга эришган дастлабки йилларданоқ, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш кўламини ошириш, ғалла мустақиллигига эришиш кун тартибига долзарб масала сифатида қўйилди. Натижада экин майдонларига ёппасига пахта экишдек нотўғри анъанага барҳам берилиб, экишга яроқли ерларнинг катта қисми қишлоқ аҳолисига ажратиб берилди. Қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилган туб ислоҳотлар, қишлоқда янги мулкдорлар синфи – фермерларнинг пайдо бўлиши, фермерлик ҳаракатига катта имтиёзлар берилиши, энг асосийси, одамларимизда ерга эгалик ҳисси шаклланиши натидасида бугун мамлакатимиз нафақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан ўзини ўзи таъминламоқда, балки хориж давлатларига экспорт қилмоқда.

Дарҳақиқат, истиқлол сабабли биз эришган энг катта ютуқлардан бири – ғалла мустақиллигига эришганимиздир. Бир пайтлар "фақат пахта экишдан бошқа нарсага ярамайди” деб қаралган ерларимиз бугун мўл "қирмизи дон” етказиб берувчи сахий хазинага айланди. Бой ҳаётий тажрибага эга деҳқонларимиз эса замонавий илм-фан ва селекция ютуқлари ҳамда мутахассисларнинг маслаҳатларига таянган ҳолда ердан дур ундирмоқдалар. Уларнинг фидойи меҳнатлари натижасида бу йил ҳам туманимизда Қорақалпоғистонда биринчи бўлиб давлатга ғалла топшириш бўйича шартномавий режа ортиғи билан бажарилди.

Эрта баҳорда Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг "2016 йил хосили учун бошоқли дон экинларини экиш, навларни жойлаштириш ва харид қилишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш учун туманда 2016 йил хосили учун 311 та фермер хўжаликларида 681 та контурда жами 3000 гектармайдонда ғалла экилиб, далаларда тўлиқ ниҳол олинди.

Кузги бошоқли дон экинларидан кафолатли – 45-50 центнердан ҳосил олиш мақсадида жорий йилнинг 15 апрелдан 15 майигача «Зарбдор бир ойлик» эълон қилинди ва ғалла парваришида бажарилиши керак бўлган тадбирлар белгилаб олинди. Ғалла майдонларининг фитосанитария ҳолати бўйича кузатув ишларини олиб бориш, биолабораториялар ва фермер хўжаликлари ишчилари билан биргаликда биомаҳсулотларни тарқатиш учун фермер хўжаликлари томонидан ҳар 100-150 гектар майдонига бир нафардан жами 32 нафар дала назоратчилари, ҳар 1000 гектарга бир нафардан 3 та худудий агроном-энтомологлар масъул қилиб бириктирилди.

Ғалланинг ўсиш даврида зараркунандаларнинг тарқалмаслигининг барча чоралари кўрилди. Шу мақсадда бир гектар майдонга 1000 дона ҳисобидан далаларга "олтинкўз” биомаҳсулотлари юборилди.

Кузги буғдойни озиқлантириш ишлари агротехника қоидаларга мувофиқ олиб борилиб дастлабки озиқлантириш ишлари буғдойни экиш билан баробар ўтказилди. Кейин яна ўз муддатларида маъданли ва маҳаллий ўғитлар билан озиқлантириб борилди ва суғориб турилди. Натижада бу йил ҳам кузги буғдойдан кўзни қувонтиргудай ҳосил етиштирилди ва июнь ойининг бошидан бошлаб буғдой ўрим-йиғим ишларига киришилди. Энг аввало буғдойзорлар ўрим-йиғимга тайёрланди. Буғдойзорлар ва унинг чеккалари ёввойи ўтлардан тозаланди, отиз челлари йиқиб текисланди. Бу эса ўрим-йиғим комбайнларининг унумли ишлашига қулайлик яратади.

Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг 2016 йил 12 майдаги "Кузги бошоқли дон экинларини ўриб йиғиб олишнинг ташкилий чора тадбирлари” тўғрисидаги қарори ижросини таъминлаш учун туман ҳокимнинг қарори қабул қилинди ва чора тадбирлар дастури ишлаб чиқилди.

Ўрим-йиғим ишларининг муваффақиятли ўтишини таъминлаш мақсадида 6 та ўрим-йиғим отрядлари тузилди ва бу отрядларга 18 та меҳнат унумдорлиги юқори бўлган замонавий "Класс” – Доминатор ва "Класс” – Мега комбайнлари бириктирилди. Комбайн ҳайдовчиларининг унумли ишлашлари учун дала бошида барча қулайликлар яратиб берилди. Ўрим-йиғим ишлари конвейер усулида ташкил этилди, яъни, дала-комбайн-транспорт ва дон қабул қилиш масканига кўзларни яшнатувчи аъло навли "Қирмизи дон”лар узуликсиз равишда кеча-ю кундуз ташиб келтирилди.

Туманда 2016 йил хосили учун экилган ғалла майдонларида ўрим йиғим мавсуми учун тузилган отрядларга туман ҳокимлиги ва ички ишлар бўлими ходимларидан маъсуллар бириктирилди. Бундан ташқари, ғалла ўрим йиғим ишларида 6 нафар банк ходимлари, 32 нафар комбайинчилар, яна шунча коллеж талабалари, 40 та юк автомашиначилар, 54 та транспорт тракторчилари қатнашди. Бу отрядларга 108 та тиркамалар ва дала бошида техник носозликларни таъмирлаш учун 6 та кўчма таъмирлаш устахоналари томонидан техник хизмат кўрсатиб борилди.

"Тахиатош-дон маҳсулотлари” ҳиссадорлик жамияти "Манғит-дон” филиалига қарашли Қипчоқ дон қабул қилиш масканида ташиб келтирилган ғалла ҳосилини бетўхтов қабул қилиш ва тегишли ўринларга тўкиб қуритиш ҳамда тозалаш ишлари уюшқоқлик билан олиб борилди. Ғаллачилик билан шуғулланган мавжуд 311 фермер хўжаликларининг ҳар бирига буғдой ҳосилининг лаборатория-таҳлилий сифат кўрсаткичлари белгилаб борилди. Бу эса омборларга топширилган буғдой ва ундан олинадиган ун маҳсулотларининг сифатли бўлишига замин яратади.

Жорий йилги ўрим-йиғим мавсумида "Намуна” маҳалласи, Бобур номли овул ҳамда Дўрман, Амир Темур номли ва Қиличбой овулларидаги фермер хўжаликлари жонбозлик кўрсатиб, биринчилар қатори шартномавий режаларини бажардилар.

"Ўрта қалъа” овулидаги "Гурлан йўли” ва "Pам Ҳайтимбат”, "Қиличбой” овулидаги "Ёқуббой Аширов”, "Бўз ёп” овулидаги "Тўлқин–Темур” фермер хўжаликлари эса юқори ҳосилдорикка эришиб, улкан хирмонга муносиб ҳисса қўшдилар. Туман бўйича ялпи ҳосилдорлик 45 центнерга етди. Энг муҳими, етиштирилган ҳосилнинг давлат буюртмасидан ортиб қолган 6 минг тоннадан кўпроқ қисми фермер хўжаликлари ихтиёрида қолди.

Айни кунларда эса ғаллани ўриб йиғиб олиш, ғалла етиштирилган майдонларни сомондан тозалаш ва бўшаган майдонларни пешма пеш шудгорлаб, зарур ҳолларда такрорий экинлар экиш ишлари ҳам уюшқоқлик билан олиб борилмоқда.

Ғаллакорларимизнинг фидойи меҳнатлари эвазига етиштирилиб, давлат хазинасига топширилган 7500 тоннадан ортиқ, ш жумладан 810 тонна уруғлик дон ва 6690 тоннадан ортиқ товар дон маҳсулотлари келгусида дастурхонларимиз тўкинлигини таъминлашга хизмат қилади.

Фурсатдан фойдаланиб, меҳнатдаги бу улкан ғалабасини мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллик байрамига муносиб туҳфа қилган туманимиз ғаллакорларига "Ҳамиша ҳалол меҳнатингизнинг роҳатини кўринг!” дея тилак билдирамиз.

Анвар ЙЎЛДОШЕВ,

туман Қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи.

Янгиликни бўлишинг: