"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8325.59 +12.36
  • 1 EUR = 9413.74 -43.46
  • 1 RUB = 124.7 -1.22

Қорақалпоғистон Pеспубликаси: кеча ва бугун

Мустақиллик йилларида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимиз барча соҳаларда асрларга тенг тараққиёт йўлини босиб ўтди. Шаҳару қишлоқларимиз замонавий қиёфа касб этиб, ҳаётимизда ижтимоий-сиёсий муносабатлар бутунлай ўзгарди. Мустабид тузум даврида асосан хомашё етказиб берувчи аграр республика бўлган Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор тараққий этаётган, саноати ривожланган, энг муҳими, халқининг фаровонлиги муттасил юксалиб бораётган қудратли давлатга айланди.

Мамлакатимизнинг шимолий минтақаси – Қорақалпоғистон Pеспубликасида ҳам мустақиллик йилларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга қаратилган алоҳида эътибор юксак самаралар берди. Пухта ўйланган, боқичма-босқич амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар туфайли Қорақалпоғистон Pеспубликаси оддий аграр ўлкадан замонавий ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий инфратузилмаси, транспорт-коммуникация тармоқлари ривожланган минтақага айланди.

Мустақиллик йилларида бу заминда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари, рўй берган ўзгариш ва янгиланишлар ҳақида узоқ гапириш мумкин. Марказий Осиёда ягона, саҳро бағридаги мўъжиза –Қўнғирот сода заводи, Хўжайли шиша заводи, "Марказий Осиё безак тошлари” қўшма корхонаси, Қўнғирот карбид, Нукус мармар ва кабель заводлари, Ўрга газ кони, "Элтекс” ва "Катекс” каби замонавий ишлаб чиқариш объектлари, Қорақалпоғистон Pеспубликаси Жўқорғи Кенгеси, Тошкент ахборот технологиялари университитетининг Нукус филиали, Олимпия захиралари коллежи бинолари, ўнлаб умумтаълим мактаблари, лицей ва коллежлар, болалар спорти, болалар мусиқа ва санъат мактаблари... Бундай муҳташам иншоотлар истиқлол шарофати туфайли барпо бўлди.

Истиқлолнинг дастлабки йилидаёқ минглаб аҳолини ичимлик суви билан таъминлаган 243 километрлик Туямўйин-Нукус-Чимбой-Тахтакўпир сув тармоғи ишга туширилди. 1991-2010 йилларда ҳудудда газ ва газ конденсати, шиша, кунгабоқар ёғи, кальцийлаштирилган сода, вермикулит концентрати, талькомагнезит, глицерризин ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Халқимизнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилиш борасида амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари энг савобли ишлардан бўлди. Бу соҳада ҳам ислоҳот ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун, унинг манфаатлари учун деган эзгу ғоя доимий устувор вазифа бўлиб келмоқда.

2000 йили Нукус шаҳрини Хўжайли тумани билан боғлайдиган улкан кўприк, 2001 йилда 345 километрлик Нукус-Султонувайстоғ-Мискин-Учқудуқ-Тинчлик-Навоий темир йўли ишга туширилди. Юзлаб километр автомобиль йўллари реконструкция қилинди. Бу равон йўлларнинг узунлиги 4 минг 100 километрдан ошиб кетди. Бу йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Ер ости бойликларини излаш, қазиб олиш ва улардан самарали фойдаланишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хорижлик шериклар билан "Жел”, "Ғарбий Орол” каби истиқболли конлар очилди. "Устюрт ва Орол денгизи атрофларида геофизика ишларини амалга оширишни кучайтириш” дастуриишлаб чиқилди. Унга кўра, Устюрт кенгликларида сейсмик тадқиқотлар жадал олиб борилмоқда. Айниқса, "Ўзбекгеофизика” акциядорлик жамиятининг "Устюрт геофизика экспедицияси” филиали жамоасининг саъй-ҳаракатлари таҳсинга муносиб. Ҳозир кунига 45 минг кубометр газ бераётган "Тиллали”, "Сайхун”, "Инъом”, "Арслон” сингари янги конлар ана шу экспедиция изланишларининг самарасидир.

Бугун дунё халқларининг эътиборини тортаётган, ҳавасли, ҳайратли нигоҳларига сабаб бўлаётган Устюрт газ-кимё мажмуаси Президентимиз ташаббуси билан барпо этилди. Асрлар оша қақраб ётган бепоён даштда улкан ишлаб чиқариш қуввати қад ростлади. Корхона жаҳоннинг нуфузли нашрлари томонидан 2012 йилнинг энг яхши лойиҳаси, деб топилди.

2014 йили нуфузли "Infrastructure Journal” халқаро нашри мазкур лойиҳа қурилишини "2014 йилнинг нефть-газ соҳасидаги энг йирик битими”, деб эълон қилди. Умумий қиймати 4 миллиард АҚШ долларини ташкил этган бу машҳур лойиҳа амалга оширилиши мамлакатимиз саноати ривожини янги босқичга кўтариши шубҳасиз. Ҳозир бу ерда йилига 4,5 миллиард куб метр газ қайта ишланмоқда. Бунинг самарасида халқимиз эҳтиёжи ва экспорт учун 3,7 миллиард куб метр газ, 387 минг тонна полиэтилен, 83 минг тонна полипропилен, 102 минг тонна пиролиз дистилляти ва бошқа қимматбаҳо маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

Қорақалпоғистон Pеспубликасида енгил саноатни ривожлантириш, жумладан, пахта етиштиришда замонавий технологияларни, маданий ўсимликларнинг янги навларини соҳага жорий этиш асосида ишлаб чиқариш самарадорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётир. 2016 йилда бу йўналишда учта янги корхона ташкил этилиб, тўрттаси модернизация қилинади.

Шу йилнинг иккинчи чорагида момиқ ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган "Бунёдбек-Хўжайли” оилавий корхонаси фойдаланишга топширилади. Йил охиригача "Ёқубова Гавҳар” фермер хўжалиги калава ип ишлаб чиқара бошлайди. Элликқалъада "Global national-tex” шўъба корхонасида жинси мато ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Амударё туманидаги "Камекс-КК” корхонасида момиқ, Кегейли туманидаги "Авто Қайип майши” масъулияти чекланган жамиятида ойига 50 минг жуфт пайпоқ ишлаб чиқарилади. "Тўрткўл омад текстиль” масъулияти чекланган жамиятида замонавий технологиялар жорий этилиб, янги иш ўринлари яратилмоқда. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Мустақиллик йилларида қишлоқ хўжалиги соҳасида мутлақо янги ва самарали иқтисодий муносабатлар жорий этилди. Ер ўз эгасини топди. Бугун Қорақалпоғистон фермерлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий қисмини етказиб бериш билан бирга, қишлоқ тараққиётида ҳал қилувчи ижтимоий-сиёсий кучга айланиб бормоқда.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Қорақалпоғистон Pеспубликасида ҳам Президентимиз ташаббуси билан барпо этилаётган намунавий лойиҳалар асосидаги уй-жойларга талабгорлар тобора кўпаймоқда. Барча шароитларга эга бундай замонавий уйларда минглаб оилалар бахтли ҳаёт кечирмоқда. Уй тўйларига келин тўйлари уланиб кетаётир.

Ёш авлоднинг ҳеч кимдан кам бўлмаган шароитларда таълим-тарбия олиши, истеъдод ва салоҳиятини юзага чиқариши учун зарур шароит яратиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Ўтган давр мобайнида ҳудудда замонавий шароитлар яратилган 99 касб-ҳунар коллежи, 9 академик лицей фойдаланишга топширилди. 2015 йилда 9 минг 700 ўринли 22 та замонавий мактаб биноси барпо этилди. Айни пайтда ҳудуддаги 370 умумтаълим ва ихтисослаштирилган мактабларда 170 мингдан зиёд ўғил-қизлар замонавий билимларни ўрганмоқда.

Ўтган йили Нукус шаҳри марказида 2,5 миллиард сўмлик лойиҳа асосида бунёд этилган ва барча қулайликларга эга "Бахт уйи” фойдаланишга топширилди. Инсон бахт учун дунёга келади. Бу борада мамлакатимизда ёшларга доимий ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги «Ўзбекистон Pеспубликасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида Нукус шаҳри, Амударё, Элликқалъа, Беруний, Хўжайли туманларида ижтимоий ҳаётда фаол бўлган юзлаб ёш оилаларга "Камолот” уйлари топширилди. 

20.jpg

Нукус шаҳрида ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди ва бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Темир йўл вокзали, И.Савицкий номидаги санъат музейи таниб бўлмас даражада замонавий қиёфа касб этди. Шаҳарнинг Қорақалпоғистон, Амир Темур, Тўлепберген Қаипбергенов кўчаларида қад ростлаган кўп қаватли замонавий уйларга кўчиб ўтган юзлаб оилалар ҳаётига ўзгача шукуҳ кирди. Шаҳар марказидан оқиб ўтувчи Дўстлик каналининг икки қирғоғи бўйлаб 2,5 километр масофада кўплаб кўнгилочар, дам олиш объектлари ишга туширилди.

– Ўтган йилги инвестиция дастурига кўра, янги уй-жойларга қўшимча 117 ижтимоий объектда реконструкция ва қурилиш ишлари амалга оширилди, – дейди Қорақалпоғистон Pеспубликаси Архитектура ва қурилиш қўмитаси раисининг ўринбосари Азимжон Қурбонбоев. – Ўнлаб касб-ҳунар коллежлари, умумтаълим мактаблари, тиббиёт муассасалари ва бошқа ижтимоий соҳа объектлари қурилди. Кўплаб сув тармоқлари тортилди.

Минтақада экологик барқарорликни таъминлаш масаласи давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ Президентимиз Ислом Каримов бу масалага жаҳон ҳамжамияти эътиборини қаратди. Халқаро Оролни қутқариш жамғармаси ана шундай олижаноб саъй-ҳаракатлар самарасида ташкил этилди.

Ўзбекистон Pеспубликаси Вазирлар Маҳкамасининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича 2013-2017 йилларга мўлжалланган дастури бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттиришда муҳим аҳамият касб этаётир. Дастурда Оролбўйини экологик соғломлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, чўлланишнинг олдини олиш, Орол денгизининг қуриган ҳудудларида сунъий ўрмонлар барпоэтиш учун кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Дастурга кўра, мазкур ишларга 89,39 миллиард сўм, 1635,55 миллион АҚШ доллари ва 57,63 миллион евро маблағ йўналтириш кўзда тутилган.

Халқаро Оролни қутқариш жамғармаси Нукус филиали томонидан 2014 йилда Мўйноқ туманида, Орол денгизининг Ахантай қисмида 1500, Оққум қисмида 34 гектарлик саксовулзор – сунъий ўрмон барпо этилди.

Айни пайтда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда 90 миллион АҚШ доллари миқдоридаги лойиҳа асосида Орол денгизининг қуриган қисмида чўлланишдан ҳимояловчи митти ўрмонлар бунёд этишга киришилаётгани ҳам ҳудуд аҳолиси турмуш фаровонлигини юксалтириш борасидаги эзгу ишларнинг давомидир.

Мустақиллик иншоотларидан яна бири Қўнғирот сода заводидир. Кўплаб соҳалар учун зарур хомашё – кальцийлаштирилган сода ишлаб чиқараётган ушбу йирик корхона ўз маҳсулотининг аксариятини экспортга йўналтирмоқда. Ўтган йили корхона хорижлик буюртмачиларга 24 минг тонна маҳсулот етказиб берди. Ички бозорда "Кварц”, "Асл ойна” акциядорлик жамиятлари, "Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти, "Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси Қўнғирот сода заводининг асосий буюртмачиларидир.

Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлиги тубдан яхшиланди. Бугун олис овуллар аҳолиси ҳам замонавий тиббий хизматдан баҳраманд бўлаётир.

– Чекка туман ва қишлоқлардаги тиббий муассасаларнинг ҳам моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Бу биз, мутахассисларни ҳам янада самарали ишлашга ундамоқда, – дейди Мўйноқ тумани тиббиёт бирлашмаси бош шифокори ўринбосари Ж.Давлетова. – Бугун оддий қишлоқ шифокори ҳам беморга тўғри ташхис қўйиб, замонавий ускуналар ёрдамида самарали даволай олади. Буларнинг барчаси Президентимиз раҳнамолигида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилаётган доимий эътибор самарасидир.

"Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар мустақиллигимизнинг биринчи кунларидан белгилаб олинган энг муҳим вазифаларнинг изчил давомидир.

Бугун Қорақалпоғистон шифокорларининг Буюк Британия, Япония, Жанубий Корея, Польша ва бошқа кўплаб хорижий мамлакатларда малака ошириши, илғор тажрибаларни қўллаши оддий ҳолга айланди.

Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган бундай кенг кўламли ислоҳотлар иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланиши, халқимиз фаровонлигини юксалтиришга мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилмоқда. Мустабид тузум даврида чекка ҳудуд сифатида мутлақо эътибордан четда қолган Қорақалпоғистон Pеспубликаси бугун ана шундай тараққиёт йўлидан дадил бормоқда. Бугунидан мамнун ва эртанги кунига ишончи қатъий бўлган Қорақалпоғистон халқи Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллик байрамини муносиб кутиб олишга ҳозирлик кўрмоқда. Бу уларнинг шукроналарида, мамнун чеҳраларида яққол акс этмоқда.

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА
Янгиликни бўлишинг: