"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9490.77 +22.73
  • 1 EUR = 10455 -115.20
  • 1 RUB = 148.82 -1.13

“ОPАСТА ҚИЗЛАP” – САPИШТАЛИК ВА ФАPОВОНЛИК ТАPҒИБОТЧИЛАPИ

Туманимизнинг 76 та умумтаълим мактабида,  академик лицей ва 8 та касб-ҳунар коллежларида жамоатчилик асосида фаолият олиб борувчи "Ораста қизлар”, тўгараги ташкил этилган бўлиб, бу тўгаракларда қизларни мустақил ҳаётга тайёрлаш асносида озодалик, орасталик, шахсий  гигиенага, соғлом турмуш тарзига амал қилишга ўргатиш ҳамда маънавий дунёқарашини шакллантириш назарда тутилган. Вояга етмаган қизлар орасида эрта турмуш ва туғруқларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини  тарғиб қилиш "Ораста қизлар” тўгараги раҳбари ва аъзоларининг муҳим вазифасидир. Бу тўгаракларга фаол қизлар аъзо бўлиб, тенгдошлари ўртасида ташвиқот-тарғибот ишларини олиб боришмоқда.

Шунингдек, ёшларни 12 йиллик мажбурий таълим жараёнига қамраб олиш, оилавий ҳаётга тайёрлаш, эрта туғиш ва эрта турмушга бериш ҳолатларининг, оилалар бузилишининг олдини олишда ҳамкорлик тизими яратилди.

Аввал умумтаълим мактабларида, сўнг академик лицей, касб-ҳунар коллежларида "Ораста қизлар” тўгараклари ташкил этилган бўлса, айни кунда  бу тўгараклар фаолияти кенг кўлам касб этиб, маҳалла тизимига ҳам олиб кирилди ва ягона режа асосида фаолият кўрсатмоқда. "Ораста қизлар”  тўгарагида шифокорлар, тажрибали уй бекалари, кўпни кўрган онахонлар қизларга озодалик "Алифбе”сини ўргатиш билан тўгарак машғулотларини бошлаган бўлсалар, бугунга келиб, ушбу тўгарак аъзолари орқали  маҳаллаларга ва хонадонларга орасталик ва покизаликни олиб кирдилар.

Озодалик, санитария-гигиена қоидаларига амал қилишдек  эзгу ниятлар билан туманимиздаги таълим муассасаларида ва маҳаллаларда  ташкиллаштирилган оқила қизларнинг "Ораста қизлар” тўгараги    жуда тез оммалашди.

Ниҳоятда ноёб бойлик бўлган сувни, электр нурини қадрламаслик, чиқинди билан атроф-муҳит ҳавосини бузиш ёки давлат мулкини менсимаслик - буларнинг ҳаммасини инсон руҳиятидан узоқлаштириш зарур. Бу вазифаларни адо этишда маҳалла ва ўқув муассасаларимиздаги "Ораста қизлар” тўгараги аъзолари фидойилик кўрсатмоқдалар. Маҳалласига, кўчасига ўз уйи каби муносабатда бўлиш ҳиссиётини шакллантириш ҳам маънавий, экологик тарбиянинг ажралмас қисми эканлигини ҳар бир тўгарак аъзоси жуда яхши билади. "Ораста қизлар” тўгараги фаолиятига оид масалаларнинг Давлат дастурига киритилиши замирида катта мақсад — соғлом ва обод турмушни яратиш мақсади турибди. Дастур доирасида "Ораста қизлар” кўрик-танловини ўтказиш бу тўгарак ишининг ҳаётимиз учун ниҳоятда муҳим аҳамият касб этаётганлигини исботлади.

Давлат дастурининг 39-банди ижросини таъминлаш мақсадида "12 йиллик мажбурий таълим - менинг саодатим учун!” шиори остида "Ораста қизлар” танловининг туман босқичини жорий йилнинг июнь ойида ўтказиш режалаштирилган. Бу вазифа туман Хотин-қизлар қўмитаси, "Маҳалла” хайрия жамоат фонди, "Камолот” ЁИҲ фаоллари билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Хулоса ўрнида айтганда, ёшларни замон талаблари асосида ўқитиб, касб-корли қилиш баробарида уларни миллий урф-одатларимиз, анъаналаримиз руҳида камолга етказишда ўқув муассасалари ва маҳаллалар қошида ташкил этилган "Ораста қизлар” даврасининг ўрни беқиёсдир.

 

Гавҳар ЧИМБАЙЧИЕВА,

"Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси бошқаруви бош мутахассиси.

(Фото - http://uza.uz)

Янгиликни бўлишинг: