"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8374.1 -18.96
  • 1 EUR = 9410.81 -136.15
  • 1 RUB = 126.18 -1.32

Болалар кулгуси дунёни тўлдирди

Инсон ҳаётида энг нурли, гўзал ва бокира бир манзил бор. Бу – Болалик манзили. Юракларда чуқур из қолдиргувчи, ҳар қандай вазиятда ҳам энг тотли хаёллар ҳадя этгувчи мазгил бор – бу болалик мазгиллари БОЛАЛИК дамлари.

Ҳеч қачон қайтиб келмас эзгу, беташвиш, бахтиёр лаҳзалар – фақат ана шу болалик дунёсига хос, ғамлардан, дунё ташвишларидан холи болалик мамлакатига хос. Чунки бола дунёни қандай бўлса, шундайлигига кўриб, ҳис қилади, завқланади. Шуурида жонланган таассуротларини кулгулари, қувончлари билан ифода этади у! Ота-онаси бағрида, иссиқ меҳрни туйиб, Ватаннинг чексиз ғамхўрлиги оғушидаги болажонларнинг бахтиёр нигоҳларидан оилалар нурафшон.

Бир неча  кундирки, бутун дунёда, мамлакатимизда, шу жумладан туманимизда ҳам болалар 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган байрам тадбирларида иштирок этибгина қолмай, ўз қобилиятларини, орзу-интилишларини байрам руҳига сингдириб юборишди. Байрамдан бир ҳафта олдин туманимизнинг барча мактабгача таълим муассасаларида, ўқув масканлари ва маҳаллаларда ранго-ранг мавзуларда шукуҳи 1 июнь куни Манғит шаҳридаги болалар истироҳат боғида катта тантаналар билан давом этди.

Байрамона безатилган истироҳат боғи шу куни болаларнинг чинакам беғубор мамлакатига айланди. Қувонч-у шодлик, шўх ўйинлар, болалик эркаликларидан бошқа ташвиши йўқ болажонлар учун бағишланган танатанали байрам дастурининг очилиш маросимида туман ҳокими ўринбосари хотин-қизлар қўмитаси раиси Марям Аҳмедова табрик нутқи сўзлади.


Мамлакатимиз келажаги бўлган ёш авлод тарбияси, камолоти, бахт-саодати – ҳар биримизнинг  бахт-саодатимиз, хотиржамлигимиз мамлакатимизнинг порлоқ келажагидир, - деди ўз сўзида. – Ана шу порлоқ келажагимиз эгалари ҳамиша омон бўлишсин. Токи сиз азиз болажонларимиз соғлом ва баркамол экансизлар, она Ўзбекистонимиз жаҳон осмонининг ёруғ юлдузи бўлиб мангу порлайверади.

Шундан сўнг болажонларни туман ХТМФМТТЭБ мудири Аширбой Қўшаев ҳам байрам билан қизғин муборакбод эди.

Ширин қутловлар, табриклардан оламжаҳон қувончлар оғушига чўмган болажонларга музқаймоқлар тарқатилди. Туман ҳокимлиги, "Маҳалла” жамғармаси туман бўлинмаси томонидан тайёрланган совға-саломлардан ҳеч бир кичкинтой четда қолмади. Болажонларнинг қувончли кулгулари жарангги остида намойиш этилган театрлаштирилган байрам дастурида эса ижрочи болажонлар билан томошабин болалар баб-баравар рақсга тушдилар, жўровоз куйладилар.

Истироҳат боғида яратилган шарт-шароитлар, қулф уриб ўсиб ётган мевали ва манзарали дов-дарахтлар, чаманзор гуллар таровати ҳар бир дилга ором  бағишлади. Замонавий ҳалинчаклар, барча шароитларга эга автодром майдончаси, қирғоқларида ўрдак ва ғозлар қанот ёзиб учмоққа шайланаётган сарҳовуз болажонлар қувончига қувонч бағишлади. Айниқса, Қипчоқ қишлоғилик уста ҳунарманд ва рассом Ўрингул ўзгача меҳр билан ишлов берган эртаклар дунёси – туякаш бобо, Деҳқон бобо ва Деҳқоной, Деҳқон бобонинг чайласи ва ўта моҳирлик билан ишланган Лайлаклар уяси, учиб-қўнаётган лайлаклар ҳайкалчалари болажонлар қалбида жонли табиатга алоҳида меҳр ва қизиқиш уйғотди.


Байрамда ўз дастурлари билан иштирок этган туманимиздаги мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари, "Баркамол авлод” болалар марказининг иқтидорли болаларининг чиқишлари иштирокчиларда катта таассуротлар қолдирди. Ҳомий ташкилотлар томонидан болажонларга улашилган совға-саломлардан, ҳам кўра назаримда болажонлар бири-биридан қизиқарли болалар ўйинлари, рақс ва ашулаларидан олам-олам завқ олдилар. шу куни бу ажиб маскан болаларнинг беғубор мамлакатига  айланди гўё. Бу мамлакатда барча ғам-у ташвишдан холи. Бу мамлакатнинг тўрт тарафида ҳам обтоб балқиган. Гўё  дунё томон йўл ана шу болажонлар мамлакатидан бошлангандай. Ҳамма нарса улар хизматига шай, ҳамма нарса муҳайё. Ҳамма иш эзгу, орзулар чамон-чаман!

Самода қуёш порлайди. Ерда эса Ўзбекистоннинг келажаги порлоқ қуёшлари – бахтиёр ва баркамол болалари! Улар ана шу бахт қуёшидан нур эмган замин фарзандлари. Уларнинг йўллари ана шу бахтиёр онларга, эзгулик мазгиллари аро  улуғ манзилларга туташ. Зеро, бизнинг мамлакатда ҳар битта бола ана шундай эзгу бахтга мушарраф! Кўнгилларда, халқимиз дилида эса янада эзгу тилак уйғонади:

Дунёни фақат бир кун

Болаларга берингиз

Болалар мамлакатин –

Салтанатин кўрингиз:

 

Чегара йўқ, камлик йўқ,

Ҳамма озод, бахтиёр.

Иқтисодда танглик йўқ,

Мол-у дунё хўп бисёр.

 

Барча миллат боласи

Бир оила – бирлашган

Дунёнинг ҳар боласи

Бир-бири-ла сирлашган.

 

Бола – подшоҳ амри-да

Йўлларга гул экилар.

Самоларнинг тоқидан

Ерга юлдуз тўкилар.

 

Етти иқлим чиройи

Йиғилиб рақс этади

Йилнинг ҳар кун, ҳар ойи

Бахтдан баҳс этади.

 

Ана шундай эзгуликлар ила йўғрилган байрам тадбири кузатарканман, қалбимда янада эзгу бир тилак уйғонди:

- Болаларинг билан омон бўл, Ватан!

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: