"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9547.05 -3.76
  • 1 EUR = 10585.8 -35.50
  • 1 RUB = 155.06 -1.59

НИКОҲДАН ОЛДИНГИ ТИББИЙ КЎPИК – СОҒЛОМ ОИЛАНИ ШАКЛЛАНТИPИШ АСОСИ

Мустақил тараққиёт ва ривожланиш йўлидан бораётган Ўзбекистон Pеспубликасида ҳуқуқий-демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти қуриш жараёнида жамиятнинг яхлитлигини кафолатловчи Оила институтини мустаҳкамлаш учун истиқболли сиёсат олиб борилмоқда.

Давлатимизда оилага жамиятнинг асоси, муҳим бўғини сифатида қаралади, оила фақат шахсий масала эмас, ижтимоий муҳим масаладир. Чунки комил инсон ҳар томонлама фаровон, бекаму-кўст, соғлом оилада тарбия топади, улғаяди. Соғлом авлодни вояга етказиш, соғлом оилавий муҳитни шакллантириш давлат сиёсатининг устувор масалаларидан биридир.

Никоҳнинг ҳуқуқий асосини ФҲДЁ органларида қонуний рўйхатдан ўтказилган никоҳ ташкил этади. Қонуний никоҳ маълум шартларга риоя қилиниб тузилади ва никоҳланувчи шахслар ўртасида ҳуқуқ ва мажбуриятларни келтириб чиқаради.

Оила қонунчилигида ўзига хос янгилик - никоҳдан олдинги тиббий кўрикдан ўтишнинг никоҳ тузиш учун аҳамияти, тиббий кўрик ҳолатининг никоҳ тузиш жараёнига таъсири бугунги кунда долзарб ҳисобланади.

Оила кодексининг 13-моддасида никоҳ тузиш тартиби ва шартлари белгилаб қўйилган.

Оила кодексига янги норма сифатида тиббий кўрикдан ўтиш тўғрисида 17-модда киритилди.

Мазкур моддага асосан никоҳланувчи шахслар тегишли соғликни сақлаш тизими муассасаларида тиббий кўрикдан ўтадилар.

Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги 365-сонли қарори билан тасдиқланган Низом қабул қилинган.

Низомга кўра, никоҳланувчи шахслар белгиланган тартибда ўз саломатликларини текширтириб кўришлари шарт.

Низом талабларига мувофиқ, никоҳланувчи шахслар қуйидаги касаллик турлари: психик, наркологик, таносил, сил касаллиги ва ОИВ/ОИТС бўйича тиббий кўрикдан ўтадилар.

Соғлом оилани шакллантириш учун шарт-шароитлар яратиш, ирсият билан боғлиқ ва туғма касалликларга чалинган болалар туғилишининг олдини олиш никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказишнинг мақсади ҳисобланади.

Тиббий кўрикдан ўтказишга асос бўлиб ФХДЁ органлари томонидан берилган йўлланма ҳисобланади. Текширилувчиларга алоҳида тиббиёт картаси юритилади, бу картада паспорт маълумотлари ҳамда текшириш натижалари тўлиқ акс эттирилади.

Агар текширилувчиларда бирор касаллик аниқланса, бу касаллик маълумотномага ёзиб қўйилади ва бу касалликни аниқлаган шифокор тузилаётган никоҳнинг эҳтимол тутилган тиббий-ижтимоий оқибатлари тўғрисида тушунтириш беради.

Никоҳланувчи шахслар никоҳ қайд этилгунга қадар иккинчи томонни тиббий текшириш натижаларидан хабардор қилиши шарт. Текшириш натижасида дарҳол даволаш курсидан ўтишни талаб этувчи касалликлар аниқланган тақдирда, бу шахслар белгиланган тартибда тегишли даволаш муассасаларига йўналтирилади.

Текширилиш муддати – 2 ҳафта.

Тиббий кўрикдан ўтишнинг ижобий томони шундаки, юқоридаги касалликлар инсон ва насл учун хавфлидир, тиббий кўрикдан ўтиш билан келажак наслнинг соғлом дунёга келишига замин яратилади.

2016 йилнинг ўтган тўрт ойи мобайнида туманимизда 926 нафар ёшлар никоҳ олди тиббий кўригидан ўтказилди. Уларнинг 5 нафарида руҳий, 16 нафарида соматик касалликлар аниқланди ва даволанишга йўналтирилди.

Кузатишлар ва амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, никоҳдан олдинги тиббий кўрикдан онгли равишда ўтиш, саломатликни асрашнинг айнан ўзимизга, оиламизга боғлиқ жиҳатларини билиш, оилада соғлом яшаш тарзи кўникмаларини шакллантириш,  наслни покловчи, давлатимизни кучли қилувчи омил сифатида баҳоланмоқда.

Ҳакимбой САБИPОВ,

туман тиббиёт бирлашмасининг никоҳдан олдинги тиббий кўрикка масъул ходими.

(Фото - http://uchquduq-gazeta.uz)

Янгиликни бўлишинг: