"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9537.55 +26.01
  • 1 EUR = 10545.7 +68.60
  • 1 RUB = 149.88 +1.21

БОЛАЖОНЛАP УЧУН БАЙPАМ ТАДБИPЛАPИ

Фарзандларимизнинг ҳар томонлама соғлом бўлиб ўсишида жисмоний тарбиянинг ўрни ғоят катта. Шу сабабли 1 июнь – халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан болалар ва ўсмирлар иштирокида қатор спорт мусобақалари ташкил қилинди.

Ёшлар ўртасида спортнинг оммавийлигига эришиш, ўсиб келаётган ёшларни жисмонан соғлом ва маънан баркамол қилиб тарбиялаш борасида маҳалла болалари ва ўсмирлари ўртасида 3 босқичда "Футболимиз келажаги” мусобақалари ташкил этилди. 1-босқич 25 апрель – 5 май кунлари маҳаллаларда, маҳалла ёшлари ва ўсмирлари ўртасида ўтказилиб, унга 5 500 нафардан ортиқ ёш футболчилар қатнашди. 10-15 май кунлари маҳаллаларнинг ғолиб жамоалари иштирокида 6 та ҳудудда ўтказилган туман ҳудудий босқич мусобақаларида жами 141 жамоа таркибида 1880 нафардан ортиқ ёшлар қатнашдилар. Ҳудудларда ғолиб бўлган маҳаллалар жамоалари эса 24 май куни туман финал босқичида иштирок этишди. 18 та жамоа ва 252 нафар болалар ҳамда ўсмирлар иштирокидаги қизғин беллашувлар якунига кўра, 9-10 ёшли футболчилар ўртасида Холимбег овули жамоаси биринчи, Ойбек номли маҳалла жамоаси иккинчи ва Куюк кўпир овули жамоаси учинчи ўринни эгалладилар. 11-12 ёшли футболчилар ўртасида эса Оқ олтин овули жамоаси биринчи, Тўлқин овули жамоаси иккинчи ва Қизилчоли маҳалласи жамоаси учинчи ўринни эгаллади. 13-14 ёшли футболчилар ўртасида Беруний номли маҳалла ёшларидан иборат жамоага тенг келадигани топилмади. Ўрта қалъа ва Қиличбой овуллари жамоалари эса тегишли равишда 2- ва 3-ўринларга эгалик қилишди.

Ғолибларга "Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси томонидан қимматбаҳо совғалар ва дипломлар топширилиб, энг кучли жамоалар мусобақаларнинг навбатдаги – туманлараро ҳудудий босқичига йўлланма олдилар.

Жорий йилнинг 26 майидан Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан туманимизда ҳафталик ўтказилди. Ҳафталик давомида овул ва маҳаллаларда "Ҳар бир болага меҳр, эътибор!” шиори остида "Болаларимиз кулгуси дунёни тўлдирсин!” мавзусида қатор тадбирлар уюштирилди.

Ҳафталик тадбирларига туманимиздаги болалар боғчалари тарбияланувчилари, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари кенг жалб этилди. Шунингдек, маҳаллаларда, мактабгача таълим муассасаларида, умумтаълим мактабларида маънавий-маърифий мавзуларда концертлар, томошалар ҳамда турли спорт мусобақалари ўтказилди. Ногирон болалар ўртасида "Pанг-баранг бўёқлар дунёси” мавзусида расм чизиш бўйича ўтказилган танлов ҳам шулар жумласидандир.

26 май куни Олмазор маҳалласида, ҳамда Қиличбой овули ҳудудида, 27 май куни Қипчоқ овули ҳудудида, 28 май куни эса Хитой овули ва Жумуртов шаҳарчаси ҳудудларида яшовчи болалар учун байрам тадбирлари ташкил қилинди.

Тадбирлар доирасида  қатор учрашувлар, концерт дастурлари, спорт мусобақалари ўтказилди ва болалар музей ҳамда дам олиш жойларига, истироҳат боғига олиб борилди. Ҳар бир фуқаролар йиғинидан 15 нафардан оила фарзандлари иштирокида "Бир болага етти маҳалла ота-она” шиори остида туманнинг диққатга сазовор жойлари ва маданият масканларига саёҳат уюштирилди.

Фонд томонидан кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оила фарзаандлари ва ногирон болаларнинг 188 нафарига 3 млн. 158 минг сўмлик совғалар берилди.

Бундан ташқари, туманимизда 3 нафар эгизак фарзандлари бўлган Хитой, Тўлқин ва Куюк кўпир овулларида яшовчи 3 нафар оналарнинг фарзандларига байрам муносабати билан фонд томонидан совғалар берилди.

Шунингдек, 31 май куни маҳаллаларда яшовчи 5 ёшдан 16 ёшгача бўлган мактаб ўқувчилари ўртасида шахмат мусобақалари ўтказилди. Мусобақаларда 64 нафар вояга етмаган ўғил ва қизлар иштирок этиб, улар фонд томонидан эсдалик совғалари ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирландилар.

Бир сўз билан айтганда, байрам арафасида туманимизнинг барча ҳудудларида яшовчи болажонлар турли маданий-кўнгилочар ва спорт тадбирларида қатнашиб, олам-олам таассуротлар олдилар.

Pустам PЎЗМЕТОВ,

"Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси раиси.

Янгиликни бўлишинг: