"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9455.24 +21.66
  • 1 EUR = 10438.6 +84.00
  • 1 RUB = 147.25 +1.25

БИТИPУВЧИ-ЁШЛАP ПАPВОЗГА ШАЙ!

Бу йил туманимиздаги 76 та умумтаълим мактабларининг 9-синфини 3188 нафар ўқувчи-ёшлар битириб, таълимнинг кейинги босқичи – академик лицей ва касб-ҳунар коллежларига йўл оладилар.

Айни кунларда умумтаълим мактабларида "сўнгги қўнғироқ” жаранглашини дилларида ҳаяжон ва эзгу орзулар билан кутаётган 9-синф ўқувчиларини таълимнинг кейинги босқичига тўлиқ қамраб олиш мақсадида 2015-2016 ўқув йили давомида аниқ ва пухта режа асосида иш олиб борилди. Яъни, ўқув йили давомида уч марта сўровномалар ўтказилди. Бу сўровномаларда 9-синф битирувчилари, уларнинг ота-оналари, ота-она ўрнини босувчи шахслар, синф раҳбарлари, мактаб психологи ҳамда мактаб директорлари иштирок этишди.

Битирувчи-ёшлар сўровномаларда ўз фикрларини мустақил баён этишлари учун зарур имкониятлар яратилди. Аввало бўлимнинг "2015-2016 ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини академик лицей ва касб-ҳунар коллежларига тўлиқ қамраб олинишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар режаси” ишлаб чиқилиб, ушбу режага асосан 7-9-синфларнинг ўқувчи-қизлари ўртасида "Қиз боланинг касби – унинг бахти”, "Илм ол, ҳунар танла, Ватанинг кутар сени”, "Касб-ҳунар – қизлар келажаги”, "Ҳунарли қиз – юрт келажаги”, "Билимли қиз – фаришта, ҳунарли қиз - саришта” каби мавзуларда давра суҳбатлари ўтказилиб, бу давра суҳбатларида 7-9-синфларнинг 4100 нафардан ортиқ ўқувчи-қизлари иштирок  этдилар. Ўтказилган давра суҳбатларининг ўзиёқ битирувчи қизларнинг ва уларнинг издошлари бўлмиш 7-8-синф қизларининг ўзлари қизиққан соҳалар бўйича зарур маълумотларга эга бўлишларида муҳим аҳамият касб этди.

Бундан ташқари, ўқув йили давомида умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари билан ҳамкорликда ташкил этилган "Касблар фестивали”нинг  ўтказилиши битирувчи-ёшларнинг ўзлари танлаган касблар ва шу касблар орқали ҳаётда ўз ўрнини топиб, меҳнат қилаётган ёшлар ҳаёти билан яқиндан танишиш имконини берди. Битирувчи-ёшлар билан "Касблар фестивали” доирасида академик лицей ва касб-ҳунар коллежларига саёҳатлар уюштирилди. Бу эса касб танлашда иккиланаётган ёшлар учун қўшимча имконият яратди, албатта.

Қорақалпоғистон Pеспубликаси Халқ таълими Вазирлигининг  2015 йил 29 январь кунги 24-сонли буйруғига асосан умумтаълим мактабларининг 9-синф ўқувчилари ўртасида "Мен танлаган касбнинг ҳаётимдаги ўрни”, мавзусида иншолар танлови ўтказилгани битирувчи-ёшларнинг нафақат ўзлари орзу қилган касб-ҳунарни танлашларида, балки қобилият ва иқтидорларини намоён этишларида ҳам муҳим омил бўлди. Иншолар танловининг биринчи босқичида иштирок этган 3100 нафар битирувчи-ёшлардан 76 нафари  танловнинг  туман босқичида ўзаро куч синашдилар.  Туман босқичида ғолиб бўлган 3 нафар иштирокчи кўрик-танловнинг Қорақалпоғистон Pеспубликаси босқичида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлишди.

"Таълим тўғрисида”ги  Ўзбекистон Pеспубликаси Қонуни, Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури талаблари асосида  умумтаълим мактабларининг бошланғич синфларидан бошлаб таълим-тарбия жараёнига комплекс ёндашиш, ўқувчи-ёшларни касб-ҳунарга тўғри йўналтириш, уларнинг онгли равишда касб танлашига имкониятлар яратиш ва таълимнинг кейинги босқичига тўлиқ қамраб олиш – бугунги кунда ҳар бир ота-она, устоз ва тарбиячининг, қолаверса, бутун халқимизнинг энг масъулиятли бурчидир. Ўсиб келаётган ёш авлодни Ватанга содиқ, она халқига, маҳалласи ва оиласига, яқинларига меҳр-оқибатли, билимга интилувчан, яратувчан, баркамол инсонлар қилиб тарбиялаш ҳар биримиздан катта масъулият, шу баробарида ижодий ёндашувни талаб этади. Шу боис, бўлимимиз томонидан туман хотин-қизлар қўмитаси, туман ИИБ, "Камолот” ЁИҲ туман Кенгаши, туманимизда фаолият олиб бораётган сиёсий партиялар, "Маҳалла” хайрия жамоат  фонди туман бўлинмаси, "Нуроний” жамғармаси туман бўлинмалари, туман тиббиёт бирлашмаси, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари билан ҳамкорликда ўтказилаётган барча  маънавий-маърифий ҳамда маданий тадбирларимизнинг мазмун-моҳияти, мақсади битта – фарзандларимизни юксак маънавиятли, баркамол, муҳтарам Президентимиз таъбири билан айтганда, биздан кўра кучли, билимли ва доно қилиб тарбиялаш. Зеро, она Ватан келажаги бугунги ҳаёт остонасига илк мустақил қадам қўяётган ёшлар куч-қудратига, билим ва салоҳиятига боғлиқ.

Умумтаълим мактабларида "сўнгги қўнғироқ” чалинишига жуда оз фурсат қолди. Мустақил ҳаёт сари интилиб, илм-фан чўққиларини забт этишга чоғланаётган ҳар бир битирувчи ўғил-қизга:

- Парвозингиз баланд, орзу осмонингиз ёруғ, келажагингиз янада порлоқ бўлсин!, - деймиз.

                          Аширбой ҚЎШАЕВ, туман ХТМФМТТЭБ мудири.


Янгиликни бўлишинг: