"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10139.3 +9.40
  • 1 EUR = 11051.8 +95.90
  • 1 RUB = 141.35 +3.46

ҚАДPИ БАЛАНД, ҚАДДИ БАЛАНД ЎЗБЕК ДЕҲҚОНИ

ЎТМИШГА БИP НАЗАP

1989 йилнинг 17 августида И.Каримов бошчилигида ўтказилган республика ҳукумати йиғилишида ўша пайтдаги  мураккаб ва оғир  вазият ҳисобга олиниб, юртимиз аҳолисига томорқа ва ер участкалари ажратиш масаласи муҳокама қилинди.

Pеспубликамиз раҳбари ўша вақтда нега айнан томорқа масаласига эътибор қаратди? Ўша вақтдаги мамлакатимиз, хусусан, қишлоқлардаги ночор турмуш шароитини ўнглашнинг энг мақбул йўли шу эди. Чунки  собиқ иттифоқ даврида Ўзбекистон  ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жиҳатидан шўро республикалари орасида охирги ўринлардан бирида турарди. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, 1990 йилда аҳоли истеъмоли учун зарур  бўлган ғалланинг 82 фоизи, гўшт ва гўшт маҳсулотларининг 50 фоизи, сут ва сут маҳсулотларининг 60 фоизга яқини, картошканинг 50 фоизи четдан келтириларди. Pеспубликамизда озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш борасида мавжуд бўлган имкониятларга қарамай, ўша пайтда мамлакатимиз бозорида импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларининг улуши 70 фоиздан ортиқни ташкил этар эди.

Ўша вақтда Ўзбекистон собиқ иттифоқни пахта билан таъминлайдиган хомашё базасига айланди, экин майдонларининг деярли барчасига фақат пахта экилар, етиштирилган ҳосилнинг 8-10 фоизигина ўзимизда қайта ишланар, қолган қисми бошқа  давлатларда қайта ишланиб, фойдани, яъни деҳқоннинг заҳматли меҳнатининг роҳатини ота-боболаримиз таъбири билан айтганда, ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир бўлганлар кўрар эди. Пахта яккаҳокимлиги шу даражага етдики, барча куч ва имкониятлар йил сайин хирмон  салмоғини оширишга қаратилди. Пахта қадр-қиммати (арзимаган пулга сотилса-да) инсон қадр-қимматидан ҳам юқорилаб кетди. Бир сотих ердаги пахтани сув босиб  кетса-да, сувчи жиноий жавобгарликка тортилди, етти ёшдан етмиш ёшгача пахта теримига жалб этилди. Ҳатто қишлоқда яшаб пахта экилган майдондан улуш, гектар олмаган ишчи-хизматчилар, зиёлилар оилаларига дўконларда ун-мой каби озиқ-овқат маҳсулотлари сотилмаган ҳоллар ҳам бўлди.

Бунга қарши чиққанлар аёвсиз таҳқирларга дучор этилиб, тили қирқилди. Замин... забонсиз она заминимиз эса... бешафқат ишлатилгани боис, тобора кучсизланиб бораверди, мадори қуриб бораверди. Бунинг устига янги ерларни ўзлаштириш, пахта  экиладиган ерларни кенгайтириш ва  унумдорлиги пасайиб кетган майдонларда кўзланганидай ҳосилни ундириш – деҳқонлардан жуда оғир меҳнатни талаб қилар, тонгдан шомгача далада ишлашига тўғри келар, оиласи, фарзандлари тарбиясига, томорқасига вақт ажратишга мажоли қолмасди. Томорқаси экилмай қолиб, сабзавотларни, полиз маҳсулотларини сотиб олишга мажбур бўларди.

Ўшанда адашмасам, 1970-71 йиллар, мен ё учинчи, ё тўртинчи синф ўқувчиси эдим. Ўзим туғилиб ўсган собиқ "Коммунизм” колхози далаларига апрель ойи охирларида мактабдан чиққач, опаларим билан қатқалоқ юмшатгани чиқардим. Pаҳматлик Собир ака Йўлдошев деган бригадиримиз жуда ернинг тилини тушунадиган, омилкор деҳқон одам эди.

Ўша куни "Момоқчўмган” деб аталадиган партов далага  чиққандик. Бригада  бошлиғи ва табелчи дала бошида. Pайком, обкомдан одам келади, ғайрат солиб ишланглар, дейишди улар одамларга. Энди жўякка  тушиб, беш олти метр ичкарилаган эдик, айтилган одамлар шекилли, машинада уч-тўрт киши келиб, далани оралаб кўрди.

Шунда бирови:

– Одамларинг даладан чиқсин, бузиб, қайта экасан, эртагача экиб бўласан, - деди Собир акага.

Собир ака пинагини бузмай:

- Ёшулли, бу ер партов, чагаланг, қатқалоғини юмшатиб, культивация қилиб юборсак, районнинг олди пахтаси бўлади, - деди.

Ҳалиги киши овозининг борича.

- Эйй, дурак, бузасан, қайта экасан дедимми, айтганимни қиласан, - деди Собир аканинг пешонасига бармоғи билан туртиб.

- Айтдим-ку бу далада районнинг энг зўр пахтаси етилади ҳали. Агар сўзимнинг устидан чиқолмасам, майли ёшулли, мени шу ерга тириклай кўминг, ғинг демайман, – тап тортмади Собир ака. Ва бунинг учун яхшигина "мукофот” ҳам олди.

Эҳтимол, бу воқеа ўша пайтда далада бўлганларнинг кўпчилигининг  эсидадир, эҳтимол... йўқ. Бироқ  ўша вақтларда чиндан-да пахта одамдан азиз саналганини, пахта деб кўнглининг қаварганларини, кеча-ю кундуз не бир уқубатлар кўрганини эсидан чиқармаса керак. Пахта қурти учун ё пахтанинг  япроғини қуритиш  учун дори сепилаётган далада ишлаганлари, дори аралашмаси худди ёмғирдай ҳамма ёғини ҳўл қилганига эътибор бермай пахта терганини, кечаги кунгидан сал кам  пахта терса, ой ёруғида далага кириб яна пахта теришга мажбур бўлганини менимча ҳеч ким  унутмайди, бу кунлар далаларда онаси этагига  осилиб юриб улғайган болалар кўз ўнгидан ўчмайди.

Туманимизнинг "Уйшин” маҳалласида юз ёшдан ошган онахон - Давлат момо Худойберганова яшайди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида онахоннинг  бири беш, бири уч яшар ўғиллари кузакда, пахта терим қистов вақтида ичбуруғ бўлиб, оғир аҳволда ётганида ҳам унга теримга чиқ, давлатга бола эмас пахта керак, деб дағдаға қилишган. Онахон ноилож далага кетган, кечқурун қайтганида икки боласи ҳам нобуд бўлган экан.

- Ўша кунги аҳволимни сўз билан адо этолмайман – дейди онахон  маъюс тортиб. – Икки ўлик болани икки қўлим билан бағримга босиб, пахтангга ўт тушиб кетсин, деб бақираверибман. Кейин нима бўлганини ўзим ҳам билмайман. Эртасига раиснинг олдига бориб, пахта терадиган этагимни юзига отдим.

- Энди ўлдирсанг ҳам, тириклай кўмсанг ҳам пахтага чиқмайман. Ҳукуматга пахта керак бўлса, менга бола керак, мен онаман, - дедим-да чиқиб кетдим.

Собиқ иттифоқ ҳукмронлиги йилларида халқимиз кечирган оғир кунларидан, чеккан азоб-уқубатларидан булар бир лавҳа, холос.

Шулар ҳақида ўйлаганимизда хотиралар сўнгида кўнгилларимиз ёришиб, фахрга тўлиб, шукрона билан айтадиган, ҳаётимизни, турмуш тарзимизни бутунлай ўзгартириб юборган бир қутлуғ калом тилимизга келади: МУСТАҚИЛЛИК!

МУСТАҚИЛЛИК ШАPОФАТИ

Ҳа, мустақиллик туфайли экологик ҳалокат ёқасига келиб қолган ўзбек заминида деҳқон ернинг ҳақиқий  эгасига айланди, ерни тўйинтирди, ер эса деҳқондан саҳоватини аямади. Аграр соҳани ислоҳ қилиш, модернизациялаш, қишлоқ хўжалигига янги, замонавий тежамкор технологияларни кенг  жорий этиш бўйича олиб борилган тизимли ишлар, фермерликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, қишлоқ жойларда мулкдорлар синфини шакллантириш борасидаги сиёсат натижасида биз учун мутлақо янги бўлган, юқори технологияларга асосланган озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати ривожланди, дон экиладиган, полиз маҳсулотлари ва сабзавот экиладиган майдонлар кенгайтирилди. Аҳолига қўшимча томорқа ерлар ажратилгани ҳар бир оилада ўз эҳтиёжларига яраша маҳсулот етиштириш, ҳатто ортиқчасини бозорларда сотиб, даромад олиш имконини яратди.

Истиқлол йилларидаги тарихан қисқа даврда мамлакатимиз аҳолининг озиқ-овқат товарларига бўлган эҳтиёжининг деярли барчасини таъминлаш даражасига етди, катта  миқдорда экспорт қилиш салоҳиятига эга бўлди.

Бугунги кунда Ўзбекистон ғалла экспорт қилувчи саноқли мамлакатлар қаторига киради, 180 турдан ортиқ мева-сабзавот ва улардан қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотларни дунёнинг 80 дан ортиқ давлатига экспорт қилмоқда.

Бу улуғвор ютуқлар замирида соҳада амалга оширилган ислоҳотлар, ер унумдорлигини оширишга улкан эътибор қаратилгани ва энг муҳими, деҳқонлар меҳнатининг қадрланаётгани, деҳқон ернинг ҳақиқий эгасига айлангани муҳим ўрин тутади.

Ҳа, бугун ўзбек деҳқони замонавий илм-фан ютуқларидан фойдаланган ва тажрибаларига таянган ҳолда ўз ерига қандай экинни, қачон экишни ўзи белгилайди, юқоридан  буйруқлар берилмайди.

Энг муҳими, уларнинг меҳнати муносиб баҳосини олади, юқори ҳосил етиштиришдан манфаатдор.

ИФТИХОP

Агар мамлакатимизнинг, туманимизнинг олис қишлоқларини кезсангиз, аҳолининг шаҳардагидан кам бўлмаган қулай шароитларда, обод ва фаровон яшаётганининг гувоҳи бўласиз. Янгидан қурилиб, ишга туширилаётган инфратузилма объектлари, намунали лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойлар, кўркам ва ораста кўчалар  кишининг ҳавасини келтиради. Бу  деҳқон ўз меҳнатининг фойдасини, демакки, роҳатини ўзи, элдошлари билан бирга баҳам кўраётганидан нишона эмасми? Тўғри, бугунги кунда ҳам пахта – миллий бойлигимиз, асосий экинимиз. Бироқ уни етиштиришга, етиштирувчига муносабат тубдан ўзгарди.

Кейинги уч йилга туманимиз миқёсида назар олсак, туманимиз ҳокими P.Йўлдошевнинг "Меҳнат шуҳрати” ордени, "Амирхон” фермер хўжалиги ва  "Қиличбой” ММТП раиси Отахон Қурбониёзовнинг "Шуҳрат” медали билан, туман қишлоқ сув хўжалиги бўлими бошлиғи Анвар Йўлдошевнинг "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор”, Гулсаур Нағметованинг "Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган пиллакор” унвонлари билан мукофотлангани ҳам давлатимизнинг соҳа ходимлари меҳнатига юксак эътибори ва эътирофидан дарак беради.

Шунингдек, фермер хўжаликлари раҳбарларини юқори ҳосил етиштиришга рағбатлантириш мақсадида пахта ҳосилдорлигини гектарига 40 центнер ва ундан оширган фермерларга мамлакатимизда ишлаб чиқарилган автомашиналардан исталган бирини навбатсиз олиш ҳуқуқи берилди. Шу кунгача 13 нафар фермерга мазкур имтиёздан фойдаланиш имконияти берилди.

- Аввал ҳам машинам бор эди, бироқ уни неча йиллар бутун оиламиз билан йиғиб-ғамланиб олганмиз. Мана бу "Ласетти”ни эса бир йилги хўжалигимиз далаларида юқори ҳосил етиштиришга эришганимиз учун навбатсиз, хўжалигимиз даромади ҳисобига олдик. Янги русумда ё қимматбаҳо бўлгани учун эмас, меҳнатимга келгани учун шу машинани яхши кўраман, - деганди бундан уч йил олдин "Йўлдош Ўрозбоев” ММТП раиси Улуғбек Ўрозбоев оппоқ машинага суяниб туриб, фахр билан.

Соҳа ходимлари меҳнатини яна ҳам рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Pеспубликаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги жорий йил учун ҳам  чора-тадбирлар ишлаб чиқди. Унга кўра, ажратилган майдонлардан 45 центнердан пахта етиштиришга эришилганида 1 жамланма тилла тақинчоқ;

40-45 центнердан ҳосил олинганда 2 камерали музлаткич ёки рангли телевизор;

35-40 центнердан ҳосил олинганда чангютгич, гилам, ошхона комбайни каби 3 та қимматбаҳо совға берилади.

Шунингдек, умумий ҳосилдорлик 35 центнер бўлганда механизаторга 2 млн., ҳар бир сувчига 1 млн. сўмдан пул мукофоти ва Хива, Бухоро, Самарқанд шаҳарларига 3 кунлик бепул саёҳат ташкил қилинади.

Бу хабарни ўқиб фахрдан энтикиб кетдим. Йўқ, гап мукофотда эмас, пулда эмас, қолаверса, мен бугун бутунлай бошқа соҳа одамиман. Менинг  қувониб, энтикканим деҳқончилик машаққатини билганимдан, деҳқоннинг ҳаловат билмай қиладиган меҳнати қадрланаётганидан.

Ер деҳқонни бежиз сийламайди. Юртбошимиз И.Каримовнинг "Деҳқоннинг ҳар бир куни қаҳрамонлик”  деган сўзларида жуда теран маъно бор, деҳқон меҳнатининг ҳаққоний баҳоси бор.

Айни кунда туманимиз қишлоқларини кезсангиз, поёнсиз, бир-бирига туташган пахта далаларидаги яшил қаторлар ҳосил қилиб турган ғўза ниҳоллари, бошоқлари дуркун бўлиб етилган буғдойзорлар, мевасидан шохлари ларзон боғлар, илк ҳосилини  бера бошлаган томорқаларга қараб, буларнинг бари эртанги кунги фаровонлигимиз, тараққиётимиз асоси эканлигидан қувониб кетади одам. Ва беихтиёр хаёлингга шундай савол келади: "Деҳқон кеча ким эди-ю бугун ким бўлди?” Жавоби эса аниқ: Кеча бировлар учун оғир меҳнатларга  жалб қилинган, эзилган халқ эди, бугун эса қадди баланд, қадри баланд ҳазрати деҳқон бўлди!    

 

Ойгул PАЖАБОВА.

(Фото - http://www.ut.uz)

Янгиликни бўлишинг: