"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9455.24 +21.66
  • 1 EUR = 10438.6 +84.00
  • 1 RUB = 147.25 +1.25

Баракали хирмон яратилади

Қадим-қадимда ҳам шуҳрати жаҳон кезган ипакларимизнинг довруғи ҳозирги даврда янада ошди. Қадри-қиммати тобора юксалаётган ипакларимизнинг биринчи ижодкорлари ҳеч муболағасиз заҳматкаш пиллакорларимиздир, албатта. Улар айни кунларда ипак қуртларини агротехника қоидаларига мувофиқ парвариш қилмоқда. Илғор пиллакорларимизнинг ипак қуртлари ҳозирги кунда беш ёшда. Бинобарин, пиллакорларимизнинг мўл пилла ҳосили олишлари учун ҳал қилувчи дамлар келди.

Бу йил баҳорнинг одатдагидан анча барвақт келиши тут дарахтларини эрта уйғотиб, барг ёздирди. Бу эса пиллакорларимизни барвақт ишга киришишга чорлади.

- Бу йил об-ҳавони, умуман иқлим мувозанатини зийраклик билан кузатиб бордик ва табиат ўзгаришларига монанд равишда қадам босдик. Туманимиз ҳудудларида аввалдан тайёрлаб қўйилган 16 жойдаги инкубаторияларга ипак қуртлари уруғларини ўз вақтида жонлантириш учун қўйдик. Мана ниҳоят тажрибали инкубистларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли жорий 2016 йилнинг 19 апрелидан эътиборан жойлардаги, яъни 378  фермер хўжаликларида меҳнат қилаётган 3564 нафар пиллакорларимизга ва "Амударё пахта тозалаш” АЖ меҳнат жамоасига 4462 қути жонлантирилган ипак қуртларини тарқатдик. Бу билан ипак қурти боқиш мавсуми бошланди.

Ипак қуртларининг озуқа базасига тўхталадиган бўлсак, 873 гектар тут плантацияларидаги ва қаторлаб экилган 652 минг туп тут дарахтларининг барг ҳосили чакки эмас. Шунингдек, март ойида экилган 215 минг туп тут кўчатлари келгусида ипак қуртлари озуқа базасининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Бу йил она Ватанга 253 тонна сифатли пилла ҳосилини етказиб бериб, мустақиллигимизнинг 25 йиллик тўйига муносиб меҳнат совғамизни тайёрлаймиз, - дейди бизга "Манғит-пилла” МЧЖ раиси Шерзод Жумабоев катта ишонч билан.

Биз жонкуяр ва фидойи пиллакорларимизнинг баракали хирмон яратишларига тилакдош бўлиб қоламиз.

Қобул ШОМУPОДОВ.

Янгиликни бўлишинг: