"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8374.1 -18.96
  • 1 EUR = 9410.81 -136.15
  • 1 RUB = 126.18 -1.32

ТАPАҚҚИЁТ ЙЎЛИДАГИ МУСТАҲКАМ КЎПPИК

Мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки йилларда давлат  солиқ сиёсатининг асосий йўналиши бозор муносабатларини қарор топтиришга қаратилган қатор илмий асосланган солиқларни жорий этиш ва шу орқали мавжуд солиқ тизимини тубдан қайта ташкил этишдан иборат бўлди. Солиқ сиёсатининг кейинги йўналиши эса жорий этилган солиқларнинг самарали амал қилишини таъминлаш мақсадида  солиқ муносабатларини амалга оширувчи тегишли муассасаларни ташкил этишга қаратилди.

Хусусан, дастлаб 1992 йилда Вазирлар  Маҳкамаси қошида Солиқ бош бошқармаси ташкил этилган бўлса, 1994 йилга келиб, бу бошқарма Давлат Солиқ қўмитасига айлантирилди ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди.

Мустақиллик йилларида солиқ тизими ислоҳоти ривожланишини яққол тасаввур қилиш учун шу даврни тўрт босқичга бўлиб кўрсатиш мумкин.

Биринчи босқич – Ўзбекистоннинг  ўз солиқ тизимини ташкил этиш ва солиқларнинг хазинавий аҳамиятини ошириш босқичи бўлиб, бу давр 1991-1994 йилларни ўз ичига олади.

1995-1997 йилларда амалга оширилган солиқ ислоҳотларининг иккинчи босқичида солиқларни бозор иқтисоди талабларига мослаштириш ва корхоналарнинг ишлаб чиқаришини рағбатлантиришга эътибор кучайтирилди, яъни бу даврда ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга солиқларнинг таъсири кучайтирилди.

Солиқ ислоҳотининг учинчи босқичи 1998 йилдан 2007 йилнинг охиригача давом этди. Бу даврни солиқ тизимида солиқларни ихчамлаштириш концепциясининг бошланиш даври деб аташ мумкин.

Бу босқичда солиқ тўловчи юридик шахсларга имкони борича соддалашган, ихчамлашган солиқ тизими жорий этилиб, уларнинг солиқ ҳисоблари, ҳисоботлари ва солиқ тўлаш муддатлари ихчамлаштирилди.

Тўртинчи босқич 2008 йилнинг 1 январидан, яъни Ўзбекистон Pеспубликаси Солиқ кодексининг амалда кучга киритилиши билан бошланди ва ҳозирги кунгача давом этиб келмоқда.

Солиқ ислоҳотининг ҳозирги босқичида солиқ тўловчи юридик ва жисмоний шахсларга имкони борича соддалашган, ихчамлашган солиқ тизими жорий этилиб, уларнинг солиқ ҳисоблари, ҳисоботлари, солиқ тўлаш муддатлари ихчамлаштирилмоқда ва солиқ юки мунтазам равишда йилдан йилга камайтирилмоқда.

Мустақиллигимиз эълон қилингандан кейинги 25 йил ичида мамлакатимизда эл-юрт, халқ фаровонлиги юксалди. Мана шу муваффақиятларимизда албатта солиқ тизимининг ўрни бениҳоя катта. Мамлакатимиз тараққиёти йўлидаги мустаҳкам кўприк вазифасини адо этаётган ушбу соҳа ривожида бизнинг  туманимиз солиқ инспекцияси ходимларининг ҳам муносиб ҳиссалари бор.

Биз туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Жавлон Ўразметов билан суҳбат уюштириб, унга бир нечта саволлар билан мурожаат қилдик.

- Амударё тумани  Қорақалпоғистон Pеспубликасидаги энг катта туманлардан бири ҳисобланади. Туман Давлат солиқ инспекцияси жамоаси, яъни кадрлар таркиби ҳам шунга яраша бўлса керак?

- Ҳақиқатан ҳам, туманимиз йирик туманлардан бири бўлганлиги сабабли Қорақалпоғистон Pеспубликаси Давлат солиқ бошқармаси томонидан 2015 йил 1 январь куни тасдиқланган  штатлар жадвали бўйича  инспекциямизда 43 та штат мавжуд бўлиб, шундан асосий штатлар бўйича ишловчилар сони 33 нафарни, хизмат кўрсатувчи ходимлар сони 6 нафарни, техник хизмат кўрсатувчилар сони 4 нафарни ташкил этади. Жамоа  раҳбарият, 9 та шўъба ва 5 та бўлимдан ташкил топган.

- Бюджет даромадлари давлатимиз хазинасини бойитувчи манба ҳисобланади. Давлатимиз қанчалик бой бўлса, фаровонлигимизнинг ҳам юксалишини биз ҳозирги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган катта бунёдкорлик  ишларида яққол кўриб турибмиз. Айтингчи, туман бюджетининг даромадлар қисми қандай бажарилаяпти?

- Бюджет даромадлари бўйича 2015 йил учун белгиланган прогноз кўрсаткичи 6 778,4 млн. сўмни  ташкил қилиб, ҳақиқатда 7 001,6 млн. сўмга, яъни бу борадаги режа  103,4 фоизга бажарилди. Бу кўрсаткич олдинги йилнинг мос даврига нисбатан 13,4 фоизга кўп бўлди.

- Жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларни солиққа тортиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида гапирсангиз?

- Жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларни солиққа тортиш бўйича бир қанча ишлар амалга оширилаяпти. 2015 йилнинг 1 январь ҳолатига 724 нафар якка тадбиркор якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланиш мақсадида рўйхатдан ўтган. Шундан 2 нафар якка тадбиркор Ўзбекистон Pеспубликаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 2 сентябрдаги 413-сонли Қарорига асосан импортёр сифатида туман давлат солиқ инспекциясида рўйхатдан ўтган.

Якка тартибда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар учун солиқ тўлаш бўйича белгиланган режалар тўлиғи билан бажарилаяпти.

- Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг 2013 йил 24 январдаги "Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳисоб-китоблар механизмини янада тартибга солиш тўғрисида”ги ПҚ-1910-сонли Қарори ижросини таъминлаш ҳамда нақд пул маблағларининг банкдан ташқари муомаласини янада қисқартириш борасида қандай назорат тадбирлари  амалга оширилмоқда?

- Туман Давлат солиқ инспекцияси томонидан ҳудудларда нақд пул тушумларини назорат қилиш ва ҳукумат қарорлари ижроси юзасидан бир қанча ишлар амалга оширилди.

Туман ҳудудида нақд пул тушуми имкониятига эга бўлган 711 та савдо ва пуллик хизмат кўрсатувчи шохобчалар фаолият юритиб, инкассация бўлимлари орқали банк кассаларига кунлик нақд пул тушумларини топшириб келмоқда.

- Савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш объектларида тўлов терминалларининг ўрнатилиши бўйича ҳам гапириб ўтсангиз?

- Туман ҳудудида 2015 йил 31 декабрь ҳолатига савдо ва пуллик хизмат кўрсатувчи 663 та шохобчада тўлов терминаллари ўрнатилган.

Туманда алкоголли маҳсулотлар савдоси билан шуғулланувчи, яъни лицензияга эга бўлган савдо шохобчаларининг сони жами 35 тани ташкил қилмоқда. Уларда ҳам тўлов терминалларидан тўла фойдаланилмоқда.

- Туман Давлат солиқ инспекциясининг ташкилий назорат инспекторлик шўъбасида мурожаатларга қандай муносабатда бўлинмоқда?

- Ўзбекистон Pеспубликаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 январдаги 12-сонли қарорига мувофиқ туман Давлат солиқ инпекциясида ижро интизомига алоҳида эътибор берилаяпти. 2016 йилнинг 1 январь ҳолатига инспекциямизда жами 13357 та ҳужжат рўйхатга олинган бўлиб, шундан 4835 таси юқори ташкилотлардан, 28 таси туман ҳокимлигидан ва 1325 таси тумандаги бошқа ташкилотлардан келиб тушган ҳужжатлардир. Туман Давлат солиқ инспекциясига келиб тушган мурожаатлар ўз вақтида кўриб чиқилиб, ижроси тўлиқ таъминланмоқда.

Туман Давлат солиқ инспекциясига 2016 йил 1 январь ҳолатига фуқаролардан ёзма равишда 54 та  мурожаат келиб тушган. Ёзма равишда келиб тушган 54 та мурожаатдан 53 таси ДСИ томонидан белгиланган тартибда ўрганиб чиқилган ва хат эгаларига ёзма равишда жавоб юборилган.

2015 йил давомида туман Давлат солиқ инспекциясининг 515-49-02 рақамли ишонч телефонига жами  52 та хабар келиб тушган.

Шундан 50 та хабар бўйича тегишли чоралар кўрилган ва мурожаат эгасига ёзма равишда жавоб хати   тақдим этилган. 2 та мурожаат кўриб чиқилмоқда.

Биз бундан кейин ҳам соҳамизни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшишга, иқтисодиётимиз тараққиётига ўз улушларини қўшаётган тадбиркорларимиз фаолиятини қўллаб-қувватлашга эътиборимизни янада кучайтирамиз.

Суҳбатни "Тараққиёт кўзгуси” газетаси мухбири Алламберган ЖУМАНИЁЗОВ ёзиб олди.

(Фото - http://turkistonpress.uz)

Янгиликни бўлишинг: