"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8314.85 +14.80
  • 1 EUR = 9408.25 -3.29
  • 1 RUB = 123.85 -2.39

МАҚСАДИМИЗ – АЁЛ-ҚИЗЛАPНИ ЁТ ҒОЯЛАPДАН ҲИМОЯ ҚИЛИШ

Таҳририятимизнинг бугунги меҳмони – туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Марям Аҳмедова билан суҳбатимиз аёл-қизлар ўртасида диний-экстремистик ғоялар тарқалишининг олдини олиш ва диний вазиятни соғломлаштириш борасида туман хотин-қизлар қўмитаси томонидан режалаштирилган ва айни пайтда амалга оширилаётган ишлар хусусида.

- Марям Аҳмедовна, айтинг-чи, хотин-қизларнинг диний-экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолишларининг олдини олиш мақсадларини ифода этувчи қонуний асослар борми?

- Аввало шуни айтиш керакки, аёл-қизларимизнинг давлат ва жамият қурилишидаги фаол иштирокини таъминлашга, айниқса, ўзининг ва фарзандининг соғлигини сақлашга қаратилган Президент Фармонлари ва ҳукумат қарорларидан ташқари, маҳаллий ҳокимият органлари томонидан қабул қилинган қарорларнинг ҳам мазмун ва моҳияти аёл шаъни, қадр-қиммати, оиласи мустаҳкамлиги масаласини ўзида мужассам этган.

Ўзбекистон Pеспубликаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 6 октябрдаги "Хотин-қизлар ўртасида диний-экстремистик ғоялар тарқалишининг олдини олиш ва диний вазиятни соғломлаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги 195-сонли баёни асосида қабул қилинган Қорақалпоғистон Pеспубликаси Вазирлар Кенгашининг  2015 йил 7 январь кунги "Аёллар маслаҳат марказлари”ни ташкил этиш тўғрисида”ги баёни ва ушбу ҳужжатларнинг қарорлари иловаларида тасдиқланган чора-тадбирлар режаси изчил амалга оширилмоқда. Шунингдек, "Аёллар маслаҳат маркази” Низоми тасдиқланиб, амалиётга жорий этилди.

- Бундай марказ туманимизда ҳам ташкил этилдими? Агар ташкил этилган бўлса, бу марказ ўз фаолиятини қачондан бошлаган?

- Юқорида мен таъкидлаган ҳукумат баёни қарори иловасида тасдиқланган чора-тадбирлар режасига мувофиқ туманимизда ҳам "Аёллар маслаҳат маркази” ташкил этилган. 2016 йилдан бошлаб, хотин-қизларга тиббий-психологик ва ижтимоий масалаларда консультатив хизмат кўрсатувчи "Аёллар маслаҳат маркази” фаолият олиб бормоқда. Марказ ўз Низоми ва пухта ишлаб чиқилган иш режасига эга.

- Марказнинг чора-тадбирлар режасидан асосан қандай вазифалар ўрин олган?

- Асосан хотин-қизлар ўртасида диний-эстремистик ғоялар тарқалишининг олдини олиш ва диний вазиятни соғломлаштириш – Марказ фаолиятининг асосини ташкил қилади. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, бир ҳафта, бир ой давомида, ҳатто йил давомида доимий бажарилиши лозим бўлган вазифалар мазмун-моҳияти ҳам аёл-қизларнинг оилада, жамиятда фаоллигини ошириш, ўзининг халққа фойдаси тегадиган фаол шахс эканлигини, эл-юрт орасида юқори мавқега эга шахс сифатида шакллана оладиган мавқега эришишини англатиш, аёллар руҳиятини кўтарадиган, ўзига, келажакка ишончини орттирадиган "Аёл борки, олам мунаввар”, "Аёл – маънавият гулшани”, "Маърифатли аёл жасорати”, "Аёл – ҳаёт гултожи” каби адабий-мусиқий кечалар, байрам тадбирларини ташкил этиш масалалари муҳим ўрин тутади.

- Алоҳида режа асосида ўтказилиши режалаштирилган тадбирлар ҳам борми?

– Албатта, бундай тадбирлар ҳам Марказ иш режасига киритилган ва бу тадбирлар йил давомида умумтаълим мактаблари, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ўқувчи-қизлари ўртасида учрашув, суҳбат, давра суҳбати шаклларида ўтказилади. Хусусан, таълим муассасаларида қизлар билан илгари диний-экстремистик оқимга аъзо бўлиб, жиноят содир этган, эндиликда пушаймон бўлган аёл-қизлар билан учрашувлар ташкил этиб, диний билимсизлик, кўр-кўрона ғараз ниятли кимсаларга эргашишнинг салбий оқибатлари хусусида видеолавҳалар, ҳужжатли фильмлар намойиш этиш режалаштирилган.

- Аёл-қизлар ўртасида алоҳида хонадонларга йиғилиб, "халфа ўқитиш”, "зиёфат” каби маросимларни ўтказиб, ҳар хил диний адабиётларни тарғиб қилиш ҳолатларига Марказ қандай муносабат билдиради?

- Ўша сиз айтган аёллар йиғинларида ўқиладиган диний адабиётлар ҳақиқий ислом динига  оидми ёки зид? Энг аввало шуни билиш зарур бўлади. Биринчидан, "халфа ўқитиш” маросими динимизда мавжуд эмас. Бу кимларнингдир шахсий  манфаати туфайли пайдо бўлган. Иккинчидан, "халфа” онахонларимиз кимлардандир кўчириб олиб, диний маросимлар ташкил этиб, маййит чиққан хонадонларда диний китоблар ўқишлари жоиз эмас. Учинчидан, уларнинг қўлларидаги диний китоблар ҳақиқий ислом ақидаларини тарғиб этиб, аёлларимизни ҳидоятга бошлаётирми ёки бунинг тескарисими? Марказ ўз фаолиятида ана шу масалаларга жиддий эътибор қаратади. Агар аёлларни йиғиб, ҳақиқий ислом динига зид, динимизни бузиб талқин қилувчи адабиётларни тарғиб қилаётган шахс бўлса, бундай шахсларга нисбатан ўзини-ўзи бошқариш органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари орқали уч босқичда – профилактик суҳбат, расмий огоҳлантириш, маъмурий жавобгарлик тизимида чора кўриш амалиётини жорий этиш белгиланган.

- "Аёллар маслаҳат маркази”нинг ишчи гуруҳи аъзолари маҳаллаларда ўтказилаётган тўй-маъракалардаги исрофгарчиликлар ва тартибсизликларга барҳам бериш бўйича қандай амалий ишларни олиб боришади?

- Бу борадаги ишларимиз жуда кенг қамровли. Туман ИИБ, "Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси, "Юсуф Эшон бобо” жомеъ масжиди, туман хотин-қизлар қўмитаси вакилларидан иборат аёллар масалалари юзасидан ишчи ҳайъат тузганмиз. Бу ҳайъат аъзолари тўй ва бошқа оилавий тадбирларни ихчам ва камчиқим қилиб ўтказиш, уларни диний маросимларга айлантирмасликка қаратилган тушунтириш ва профилактик тадбирларни тизимли равишда ташкил этади ва амалга оширишни таъминлайди.

- Бундан кўринадики, "Аёллар маслаҳат маркази” назаридан аёллар ҳаётига доир ҳеч бир масала четда қолмайди, шундайми?

- Албатта, шундай. Ишсиз аёллар бўйича аниқ маълумотлар тўплаш, улар учун янги иш ўринларини ташкил этиш, бу масалаларни Халқ депутатлари туман Кенгаши сессияларида кўриб чиқиш учун ҳавола этиш, маҳаллаларда  аёллар аудиторияларини ташкил этиб, диний мутаассиблик ва экстремизмнинг, одам савдосининг салбий оқибатлари ҳақидаги видеофильмлар намойишини ташкил этиш, уй бекалари ва вақтинча ишсиз аёллар маънавиятини юксалтириш, депутат аёллар ва маънавият тарғиботчилари бўлган аёллар иштирокида турли мавзуларда ўқувчи-қизлар билан давра суҳбатлари, савол-жавоб кечаларини ўтказиш Марказнинг доимий диққат марказида.

Бундан ташқари, Марказ аёлларнинг жамиятга фаол аралашувини таъминлаш мақсадида янги иш ўринларини ташкил этиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг касаначилик ва уй меҳнати билан шуғулланишлари учун имкониятлар яратиш, айниқса, аёл-қизлар ўртасида мулкдорлар сафини кўпайтириш, яъни хусусий тадбиркорлик фаолиятини бошлашларида йўл-йўриқлар кўрсатади.

"Аёллар маслаҳат маркази”нинг  ташкил этилиши ва ўз фаолиятини юқорида қайд этиб ўтилган мезонлар асосида олиб бориши, менимча аёллар ҳаётига оид  кўпдан-кўп муаммоларни, энг муҳими, аёллар ўртасида диний-экстремистик ғоялар тарқалишининг  олдини олиш ва диний вазиятни соғломлаштириш имконини беради.

- Марказ ўз фаолиятини қаерда олиб боради ва унинг раҳбари ким?

- "Аёллар маслаҳат маркази” ўз фаолиятини туман ҳокимлиги биносида, туман хотин-қизлар қўмитаси офиси ҳузурида юритади. Марказга туман хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассиси Адолат Йўлдошева жамоатчилик асосида раҳбарлик қилади.

- Сермазмун суҳбатингиз учун ташаккур.

Суҳбатни "Менинг оилам” газетаси махсус мухбири, журналист Pобия ЙЎЛДОШЕВА ёзиб олди.

Янгиликни бўлишинг: