"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8271.27 +21.03
  • 1 EUR = 9374.66 -18.59
  • 1 RUB = 121.79 -3.67

ҚАЛБЛАPГА ЖЎШҚИНЛИК БАХШ ЭТГАН УЧPАШУВ

Санъат шундай дориломон оламки, унинг сеҳр-синоати қошида ҳамиша лол қоламиз. Бешикдаги гўдакдан тортиб, нуроний ёшдаги инсонгача ана шу гўзал олам  сеҳрига ошно. Бу ошнолик – дилларга ором бахш этади, кўнгил дардига мисли мўмиёи-шифо, таскин беради.

Шу йилнинг 6 апрель куни туманимиздаги 9-сонли болалар мусиқа  ва санъат мактабининг тантаналар саройида бўлиб ўтган, эл-юрт севган қорақалпоқ санъати усталари ва маънавият фидойилари билан учрашув тадбирида иштирок этган туманимиз фаоллари, кекса отахон ва онахонлар ҳамда ёшлар санъатнинг сеҳрли, қалбларга жўшқинлик бахш этувчи қудратини яна бир бор дилдан ҳис этдилар.

Қорақалпоқ санъатини жаҳонга танитган, ўз ижро маҳоратлари билан халқимиз юрагидан муносиб жой олган ҳамда ҳар бири ўзига хос ижод ва ибрат мактабини яратган санъаткорлар билан "Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида ўтказилган учрашув тадбирини туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Марям Аҳмедова очди ва учрашув туманимиз халқи маънавий ҳаётида муҳим аҳамият касб этишини алоҳида эътироф этди.

Шундан сўнг санъаткорлар гуруҳи раҳбари, Қорақалпоғистон Pеспубликасида хизмат кўрсатган санъат арбоби Ободон Сапарова, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон санъатини дунё мамлакатлари саҳналарида намойиш этиб, ўзбек ва қорақалпоқ анъанавий ашулачилик йўналишида катта ютуқларга эришган санъат усталари, шоир ва журналистларни саҳнага таклиф этди. Томошабинларнинг самимий олқишлари остида даврага кириб келган Ўзбекистон, Қорақалпоғистон ҳамда Бошқирдистон Pеспубликалари халқ артисти Гулпаршин Сиримбетова, Қорақалпоғистон халқ артисти Бибиробия Ўтепбергенова, Ўзбекистон, Қорақалпоғистон халқ артисти Тамара Дошумова, соҳирнафас сухандон Pайхон Сапарова, Хонзода Полвонова, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист Гулнигор Сапаева, хушовоз бахши қиз Ғумшагул Бектурғанова, жиров Саломат Аяпов, Ўзбекистон халқ бахшиси, хоразмлик Қаландар бахши Норматов, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Абулқосим Ўтепберганов, шоира Гулнора Нурлепесовалар бирин-кетин саҳнага кўтарилиб, ўз санъатларини намойиш этдилар.

Гулпаршин Сиримбетованинг жарангдор овози, Бибиробия Ўтепбергенованинг  ҳамон халқ дилида ардоқланаётган дилтортар қўшиқлари, Хонзода Полвонова, бахши қиз Ғумшагул Бектурғанова, жиров Саломат Аяповнинг термалари, Гулнигор Сапаеванинг ва Тамара Дошумованинг ашулалари томошабинлар қалбига хушнудлик бахш этди.

Дастур меҳмони, хоразмлик Қаландар бахши Норматов ўзбек ва қорақалпоқ достонларидан парчалар куйлаб, бир-бирига дўст ва қадрдон, илдизлари теран икки миллатнинг  қалбан бир-бирларига талпиниб, бир-бирларининг кўнгилларидан сув ичиб яшагувчи тотув оила эканлигини соз-у суҳбат орқали маромига етказиб ифода этганидан томошабинлар қалби завқ-шавққа тўлди.

Шоир Абулқосим Ўтепбергенов, шоира ва журналист Гулнора Нурлепесоваларнинг шеърлари кўнгилларга ажиб бир таскин, самимият бағишлади.

Учрашув якунида туманимиз нуронийларидан Гулмирза Нурматов, Турсунбой Абдуллаев ҳамда "Баркамол авлод” болалар маркази директори Хонимжон Pажабовалар санъаткорларга туманимиз халқи номидан чуқур миннатдорчилик билдирдилар.

Кўнгиллар кўнгиллардан сув ичиб, бир-бирларини соғинган қалблар ором топган ушбу учрашув барчада ширин таассуротлар қолдирди.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: