"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8535.74 +16.32
  • 1 EUR = 9566 -86.52
  • 1 RUB = 132.57 +0.67

“Биз — буюк юрт фарзандларимиз!”

2016 йил 17 апрель куни туманимизда мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланиб "Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остидаги ёшлар фестивали ўтказилди. Фестивал ёшларни мамлакатимизда мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар, демократик ўзгаришлар билан яқиндан таништириш, уларда Ватан тақдирига нисбатан дахлдорлик ва шукроналик туйғусини шакллантириш, ўсиб келаётган ёш авлодни "оммавий маданият”нинг зарарли таъсиридан сақлаш, келажагимиз эгаларини миллий қадриятларимизга ҳурмат ва садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида ташкил қилинди.

Туманимизнинг минглаб ёшлари қамраб олинган фестивал доирасидаги тадбирларда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Зуҳра Ашурова, хонанда Тошпўлат Маткаримов, актёр Умид Шодмонов, ЎзP ФА физика институти илмий ходими Азизбек Болтабоев, Ёшлар медиа маркази ходими Ўткир Нўъмонов ва бошқалар иштирок этишди.



Дастлаб Амударё академик лицейида "Одам савдоси – давр муаммоси”, "Диний экстремизм ва терроризм – ёшлар келажагига таҳдид” лойиҳалари доирасида ёшлар иштирокида учрашув бўлиб ўтди.



Учрашувда инсон, унинг шаъни, қадр-қиммати, осойишта турмуши ҳамда келажагига таҳдид солаётган одам савдоси ва ёт ғоялар таъсиридан ёшларни асраш, уларни соғлом эътиқод ва миллий қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш ҳамда турли диний оқимлар таъсиридан асраш мавзуларида маърузалар тингланди.


9-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида "Сиз севган қаҳрамонлар” лойиҳаси доирасида ёшларнинг кино ва театр актёрлари ҳамда эстрада хонандалари билан ижодий учрашуви ўтказилди.



Учрашувда сўз олганлар давлатимиз томонидан ёшларга яратиб берилган имкониятлар, шарт-шароитлар ҳақида тўхталиб, ёшларни она Ватанимиз равнақи йўлида сидқидилдан хизмат қилишга чорлади. Иштирокчилар севимли қаҳрамонларига ҳаёти ва ижодий фаолиятига оид саволлар билан мурожаат қилдилар ва тегишли жавоблар олдилар.



Манғит иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида "Замонамиз қаҳрамонлари” лойиҳаси доирасида турли соҳаларда ютуқларга эришган ёшлар, давлат мукофотлари соҳиблари иштирокида учрашувлар ўтказилди.



Учрашувда Ватанимиз ишончи, эл-юрт суянчи бўлмиш иқтидорли ёшлар ўзларига қаратилаётган эътибор ва яратиб берилаётган имкониятлар учун Юртбошимизга миннатдорчилик билдирдилар.

"Нуронийлар эъзозимизда” лойиҳаси доирасида эса патронаж ёшлар гуруҳлари томонидан туманимизнинг 5 та ҳудудида яшовчи 5 нафар уруш қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийлари, ёлғиз қариялар ва ногирон кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларнинг уй юмушларига кўмаклашилди. Фестивал меҳмонлари ҳам нуронийларнинг оилаларига ташриф буюриб, уларга эсдалик совғалари топширдилар ва дуоларини олдилар.



Бундан ташқари, 300 нафар туманимиз ёшлари Элликқалъа туманида ўтказилган якуний гала-концертда иштирок этиб қайтишди.

Ёшларни юрт истиқболи йўлида бирлаштириш, уларни янада юксак марралар сари чорлаш мақсадида ташкил қилинган фестивал, унинг доирасида ўтказилган барча тадбирлар иштирокчиларда олам-олам таассуротлар қолдирди.

Ғ.Ешниёзов

Янгиликни бўлишинг: