"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9433.34 -13.65
  • 1 EUR = 10354 +21.20
  • 1 RUB = 145.75 -1.19

СОҲИБҚИPОН PУҲИ ҚЎЛЛАГАН ВАТАН

Қадимий Мовароуннаҳр диёри серҳосил замини, табиий бойликлари билан дунёга машҳур бўлган. Бу ҳудудда Абу Pайҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек, Бобур сингари буюк шахслар етишиб чиққан. Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик сингари саркардалар яшаб, халқини, юртини дунёга танитганлар. Улуғ бобокалонимиз Амир Темур ўз юртини мўғул босқинидан ҳимоя қилиб қолмасдан, балки қисқа фурсатда кўплаб халқларни мўғул истибдодидан халос этди ва улкан, қудратли давлатни барпо қилди. Самарқанддай гўзал масканни ўзига пойтахт қилиб, унда тенгсиз, ҳашаматли, салобатли иморатлар бунёд этиб, жумлаи жаҳонни лол қолдирди.

Биз бугун яшаётган мустақил Ўзбекистон давлатидаги тарихий шаҳарлар, гўзал маконларнинг кўпчилиги Темурийлар даврида вужудга келди. Темурийлар даври ҳар соҳада уйғониш даври бўлди. Ер юзининг кўпгина давлатлари билан иқтисодий, сиёсий алоқалар ўрнатилди. Буюк ипак йўли қайтадан тикланиб, унинг  савдо карвонлари учун доимо очиқ ва бехатар бўлиши таъминланди. Афсуски, биз кўп йиллар давомида ана шундай буюк зотга, дунёга машҳур давлат арбобига ҳаққоний баҳо бериш имконидан маҳрум бўлиб яшадик. Шўро  даврида буюк бобокалонимизни қонхўр жаллод, золим, деб номини қораладилар. Шўро тузуми соҳибқирон ҳаётига оид ҳақиқатларни халқдан яшириб келди. Мустақилликка эришгач, буюк бобомиз номи қайта тикланди. Унинг маҳобатли ҳайкаллари қад ростлади. Янги музейлар, истироҳат боғлари яратилди. Амир Темур қабри обод қилинди.

Мана бу йил улуғ бобомизнинг 680 йиллик юбилейи муносабати билан юртимизда буюк саркарда номига бағишлаб, театрларда саҳна кўринишлари, беллашувлар кенг кўламда ўтказилмоқда. Буларнинг барчаси муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан амалга оширилмоқда. Биз ёшлар бу улуғ бобомизга ўхшаб халқимизга ўрнак бўладиган, элимизга, юртимизга нафи тегадиган ўғил-қизлар бўлишимиз керак, деб ўйлайман. Ҳар биримизнинг хулқимизда бобомизга ўхшаш жиҳатлар бўлиши керак.

Амир Темурни англаш – ўзлигимизни англаш демакдир. Амир Темурни улуғлаш – тарихан теран илдизларимизга, маданиятимизга, қадриятимизга асосланиб, буюк келажагимизга ишончимизни мустаҳкамлаш демакдир.


Жаҳонгир НУPИМОВ, Манғит иқтисодиёт коллежи ўқувчиси.

Янгиликни бўлишинг: