"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7883.99 -26.37
  • 1 EUR = 9150.95 -156.16
  • 1 RUB = 124.89 -2.72

ҚЎШИҚЛАPИ ЭЛГА МАНЗУP

Шундай қўшиқлар борки, қанча тингласак ҳам тўймаймиз, ҳар бир жумла сўзи, оҳанги юрагимизнинг туб-тубига етиб боради, бу долғали дунёда қадрини гоҳ англаб, гоҳ  англамай яшаётганимиз – мўътабар ва мукаррам зот – онамиз сиймосини кўз ўнгимизда гавдалантиради, унинг пойи – қадамига жонимизни нисор этсакда кам эканлигига иқрор этади, жисмимизда жўш уриб оқаётган қон гўё ўша ҳаётбахш оҳангларга қоришиб  кетгандай вужудимиз тозаради, ҳаётга теранроқ нигоҳ билан боқамиз.

Бу қўшиқлар барчамизга ёруғ дунёда яшаш бахтини инъом этган азиз ва буюк зот – онажонларимиз ҳақидаги қўшиқлардир. Улар аслида кўнглимизда шундай туйғуларни жунбушга келтира олгани билан ҳам қадрлидир.

Она! Унга ашъор битмаган шоир, кўнгилларни сел қилиб, энг нозик пардаларда куйлашни истамаган ҳофиз бормикан, дунёда?

Сизга қўшиқ айтаман,

Дил мадорим онажон...

Яқиндагина туманимиз аҳли Амударё телевидениеси орқали томоша қилган, 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланиб туман Маданият ва спорт ишлари бўлими томонидан тайёрланган махсус концерт дастурида таниқли хонанда Анвар Худойберганов ижро этган "Дил мадорим онажон” қўшиғи ҳеч бир тингловчини бефарқ қолдирмади, деб ўйлаймиз.

Сўзлари содда, самимий, баландпарвоз ташбеҳларсиз, кўнгилга яқин руҳда ёзилган шеърга мос мусиқа басталаб, юксак маҳорат билан ижро этган мазкур қўшиғи учун Анвар Худойберганов жорий йилнинг бошида "Отам – суянган тоғим, онам – меҳр булоғи...” кўрик-танловида туман босқичи ғолиби, 25 февралда бўлиб ўтган Қорақалпоғистон республикаси босқичида эса фахрли учинчи ўрин соҳиби бўлган эди.

Болалигидан санъатга қизиқиб, ёқимли овози билан элимизга манзур бўлган кўплаб қўшиқларни ижро этиш билан бирга, "Учқун” ашула ва рақс халқ дастасига бадиий раҳбарлик, пуфлаб чалинадиган чолғу оркестри раҳбарлиги мутахассислиги бўйича 30 йилга яқин вақт мобайнида 9-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида болаларга сабоқ бериш жараёнида ва ўзининг ижро маҳорати учун ҳам унинг эришган ютуқлари, ғолиб бўлган нуфузли кўрик-танловлари кўп. Бироқ "Отам – суянган тоғим, онам – меҳр булоғи...” кўрик-танловидаги муваффақияти ҳофиз учун энг улкан мартаба бўлди. Боиси, Худойберган Жумамуродов шеърига ўзи куй басталаган, туғишган акаси Шомурод ака йўл-йўриқлари билан мусиқаси сайқалланиб,  маромига етказилган мазкур қўшиқни Анвар Худойберганов онасининг вафотидан сал олдин, энг аввал унга айтиб берган, волидасини қувонтирган, дуосини олган эди. Асли барчаси санъат йўлини тутган ўғиллар, неваралар янги ижод маҳсулини энг аввал санъатни жондан севувчи, зурриёдларининг санъатдаги ҳар бир ютуқларидан, янги қўшиғидан кўнгли осмон қадар юксаладиган, уларни ҳам ота, ҳам она бўлиб камолга етказган бағрикенг аёл – Марям момога тақдим этишар, маслаҳатларини олиб, камчиликларини тузатишар, онахоннинг дуосини олиб, кейин саҳнага чиқишарди. Чунки санъат соҳасида билимли бўлмаса-да, Мурод бахши номи билан таниқли бўлган бахшининг қизи Марям момо куй-қўшиқларни баҳолашда жуда дидли эди.

- Бизни асли санъатга қизиқтириб, рағбатлантириб, шу кунларга етказган  ҳам онам эдилар. Ҳозир Наврўз – умумхалқ байрамига тайёргарлик қизғин кетаяпти. Туман миқёсида ўтказиладиган театрлаштирилган байрам томошаси бадиий раҳбари сифатида зиммамдаги масъулият жуда салмоқли. Бироқ онамнинг дуолари менга доим куч бериб туради, - дейди таниқли хонанда Анвар Худойберганов.

Биз ҳам ундан халқимизга манзур бўладиган кўплаб қўшиқлар кутиб қоламиз.

 

Ойгул PАЖАБОВА.

Суратда: Анвар Худойберганов.

Янгиликни бўлишинг: