"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9550.76 +42.11
  • 1 EUR = 10620.5 +11.10
  • 1 RUB = 156.59 +2.57

ШОИP ҚАЛБИДАГИ СОҒИНЧ ТАPОНАЛАPИ

Соғинч. Бу туйғу инсонни ўйлатади, сўзлатади. Баъзан ҳароратли, қайноқ тафти билан дилларга ором бахш этади. Баъзан...

Баъзан соғинч ўти билан куйдиради одамни. Айниқса, ёр ва она Ватан соғинчи юракларни куйдиради, нигоҳларни толдиради, ўртаб юборади.

Турсунбой  Ўрозимбетов (Аллоҳ раҳмат қилсин!) ана шу соҳир туйғуни ҳар хил ҳолатларда, болалик, ёшлик ва кексалик паллаларида ўз бошидан ўтказган, гоҳ туғилган она юртидан олисда, Pоссия ўрмонларида собиқ совет армияси аскари, гоҳ илм излаган талаба бўлиб қадрдон Аму элини, киндик қони томган тупроқ ҳиди-ю, сўлим боғ-роғлари тароватини, жондан азиз халқи, овул-у маҳалласини фарзандлик меҳри ила севиб ва соғиниб, талпиниб яшаган беором қалб соҳиби эдилар. Шоир оғамиз бутун умрини ёш авлод таълим-тарбиясига бағишлади ва бутун умр бўйи қалб кечинмаларини шеърий сатрларга жо этиб, яқинларига, шогирдларига назмий ҳадялар улашиб яшади. "Ёшликдан бирга ўйнаб, копток тепишган” болаликдаги дўстларини самимий соғинч кўшкларида ардоқлади шоир. "Баъзан сафарларда бирга ётиб, тунлари давра қуриб, гулхан ёқишган” ёр-у биродарларига интилиб, юрагида ўтли соғинчлар асради ва дўст-у ёронларини бирдай самимият билан уйига чорлади:

"Бир келинг уйимга, уйларим тўлсин, соғинчдан гирёна кўзларим тўлсин”, - дея яхшиларнинг пойи қадамларига бор меҳрини тўшаб, ашъорлар битди Турсунбой оға.

Шоирнинг "Армиядан мактублар” туркум шеърларини бир ўқинг-а!

"Қишлоқда ҳам, армияда ҳам,

Фақат сенсан хаёлларимда”

Кўзлари қароғида асралган ёр соғинчи бор бу сатрларда. "Армия бу – темир интизом”, - дея давом этади шоирнинг "Армиядан мактублар”и. Ва ушбу туркум шеърлар ниҳоясида собиқ совет армияси билан мустақил Ўзбекистоннинг миллий армияси ўртасидаги тафовутларга тўхталаркан, бугунги Истиқлол фарзандлари учун яратилган шарт-шароитлардан кўнгли тоғдай юксалади.

Шоирнинг "Хитой қишлоғим”, "Меҳмонлар келди”, "Жонажон ўлкам”, "Зиёда қизим”, "Сени излаб”, "Соғиндим”, "Туркман қизга” каби шеърларида ҳам она Ватанга муҳаббат, оталик меҳри, дўстлик, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик ғояси катта маҳорат билан куйланганки, шоир шеърларини ўқиш асносида ҳар бир сатр ичра ўзингизни, юрак талпинишларингизни ҳис этиб турасиз. Худди шоир сизнинг энг қадрдон одамингиздай, сирдошингиздай туюлади... Шоир сатрлари ила қалбингизга жўшқинлик иниб, она юрт кенгликлари аро сингиб кетасиз гўё. "Пахтакор қиз” билан дилдан суҳбат қуриб, "Ҳашарчи дўстлар” давраси томон ошиқасиз. Сўнг, сўнг дилингизни байрамона руҳ чулғаб олади.

Яна байрам келар, юртга шон келар,

Йигирма тўрт ёшли Ватан гуркирар.

Турсунбой дер, илҳом келар, шеър келар,

Шоирларнинг қалам суришин кўринг!

Азизлар, дунё – ўткинчи, дунё – ёлғончи, - деймиз. Ўткинчилиги аён, рост-у ёлғони ноаён дунё бу. Ёшларнинг севимли устози, қалби ҳамиша уйғоқ шоир оғамиз кечагина биз билан ҳамнафас эдилар. Яқиндагина:

- Улни – уяга, қизни – қияга қўндирдим, энди ижоддан бошқа ташвишим қолмагандай, бир назмий гулдаста туздим, нашриётга топширдим, халққа манзур келармикан? - дея ўта камтарлик билан таҳририятга шеър келтирган эдилар-а. Шоир оғанинг "Соғинч тароналари” илк шеърлар тўпламини варақлаб, муборакбод этгани шошилганимизда эса... Турсунбой оға Ўрозимбетов ортида ўтли соғинчлар қолдириб, оламдан ўтибдилар.

Қўлимизда "Соғинч тароналари” билан фалакнинг гардиши олдида бош эгдик.

Афсус, Турсунбой оғамизга янаги байрамларда "қалам суриш” насиб этмади. Аллоҳ шоир оғамизнинг охиратларини обод қилиб, қолганларга сабр ва хайр-барокат берсин!

 

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: