"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9537.55 +26.01
  • 1 EUR = 10545.7 +68.60
  • 1 RUB = 149.88 +1.21

ЯШИЛ МАЙДОНЛАPНИ САҚЛАШ ВА КЎПАЙТИPИШ – ДОЛЗАPБ ВАЗИФА

Атроф-муҳитга экологиянинг салбий таъсирини камайтиришда ўсимлик қоплами – чор-атрофимизнинг кўкаламзорлаштирилиши, яъни "яшил” ҳимоя қатлами муҳим аҳамиятга эга.

Ўсимликлар атмосферани чанг ва ифлослантирувчи моддалардан тозалайди, инсоннинг мақбул яшаш муҳитини яратади ва таъминлайди. Шаҳарларда табиий ҳудудлар – ўрмон массивлари, сув ҳавзаларини сақлаш, ўсимликлар билан қопланган майдонларни кўпайтириш муҳим вазифа саналади.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда шаҳар ва аҳоли пунктларининг замонавий қиёфасини яратиш, архитектурасини яхшилаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди. Бунда ушбу ҳудудларни кўкаламзорлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу нуқтаи назардан, янги таҳрирдаги "Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш лозимлигини давр тақозо этмоқда. Амалдаги қонун айрим муаммоларни юзага келтираётган бир қатор камчиликларга эга. Масалан, ундаги "ўсимлик дунёси объектлари” тушунчасининг талқини ўсимликларнинг хилма-хил турларини асраш нуқтаи назаридан уларнинг биологик хусусиятларини тўлиқ қамраб олмаган. Ботаника, дендрология боғлари ва бошқа ўсимлик дунёси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни тартибга солувчи нормалар мустаҳкамланмаган. Янги таҳрирдаги қонуннинг қабул қилиниши ва амалга оширилиши атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш тизимини такомиллаштиришга, табиий ўсимликлар ва уларнинг ўсиш муҳитини, ёввойи ҳолда ўсувчи ва манзарали дарахтлар мажмуаларини сақлашга, ўрмон фонди ерларидан ташқаридаги ўсимлик дунёси объектларидан оқилона ва барқарор фойдаланишни таъминлашга, миллий қонунчиликка халқаро норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек шартнома ва конвенцияларнинг ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида халқаро амалиётда кенг қўлланилаётган нормаларини имплементация қилинишига, ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлигини оширишга, ҳуқуқ-тартиботни таъминлашга ҳамда ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш, ундан фойдаланиш ва такрор етиштириш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик ва жисмоний шахсларнинг жавобгарлигини кучайтиришга хизмат қилади.

Мамлакатимиз ҳудудларида табиий-иқлим шароитларнинг турли туманлиги ва ўзгарувчанлиги архитектура объектларини лойиҳалаш ва амалга оширишда шаҳар муҳитининг микроклиматик режимини таҳлил қилишни тақозо этади. Архитекторларнинг вазифаси ҳудуднинг маҳаллий иқлим шароитларига пассив ҳолда мослашиш эмас, балки атроф муҳитнинг табиий шароитларидаги мавжуд камчиликларни бартараф этувчи самарали тадбирларни ишлаб чиқишдан иборатдир.

Шаҳар ва қишлоқлардаги яшил майдонларнинг сақланиши ва кўпайтирилиши шовқин ва иссиқлик таъсири даражасини пасайтиришни, микроиқлимни яхшилашни таъминлайди, инсонларнинг фаол дам олиши учун имкониятларни яратишга ҳам хизмат қилади.

Мамлакатимизда табиий ўсимлик дунёсини сақлаш учун амалга оширилаётган чора-тадбирларни ушбу жараёнларга фуқаролик жамиятини кенг жалб қилган ҳолда изчил рўёбга чиқариш ҳар бир фуқаронинг мақбул атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқи принципини мустаҳкамлашга ҳамда табиий ресурслардан келгуси авлодларга зиён етказмаган ҳолда оқилона фойдаланишга қаратилгандир.

Жуманазар АТОЖОНОВ,

Зафар ХАНИЯЗОВ,

Ўзбекистон Pеспубликаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари.

(Фото - http://sensorika.uz)

Янгиликни бўлишинг: