"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7790.2 +7790.00
  • 1 EUR = 8888.62 +8888.00
  • 1 RUB = 115.07 +115.00

“Обод турмуш йили“ янгиликлари

ОИЛАВИЙ ТАДБИPКОPЛАP САФИ ОШМОҚДА

Манғит шаҳрининг "Дўстлик” маҳалласида яшовчи дурадгор-уста Ботир Камолов оилавий тадбиркорлик билан шуғуллана бошлаганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. У янги иморат қурувчиларнинг буюртмалари асосида эшиклар, дераза ромлари ва бошқа рўзғорбоп буюмлар ясашни йўлга қўйди. Шу билан бирга ҳунар ўрганишни хоҳлаган маҳалла ёшларига дурадгорлик сирларини ўргатмоқда.

 

ЭЪТИБОP ЯХШИ БЎЛГАЧ

Назархон ОФЙ ҳудудида аҳолининг иш билан бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор берилади. ОФЙнинг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Гулжаҳон Ибрагимованинг саъй-ҳаракатлари боис, овулда 20 нафардан зиёд киши касаначилик фаолияти билан шуғулланиши учун шароит яратиб берилди. Бундан ташқари, 40 дан зиёд оилада оилавий тадбиркорлик йўлга қўйилган. Хитой технологияси асосида ҳудуднинг "Қуламет ўй” мавзесида бунёд этилган ғишт заводида эса 45 нафар ёшлар доимий иш билан таъминланишди.

 

Пиллакорлар иши қизғин

"Тошёп” овулидаги мавжуд 5 та фермер хўжаликларида айни кунларда ғўза парвариши билан бир қаторда 84 қути ипак қурти ҳам илғор тажрибалар асосида парвариш қилинаяпти. Ипак қуртлари парвариши мутахассислар томонидан мунтазам назорат қилиниб, тавсиялар бериб борилаяпти. Тошёплик пиллакорлар режадаги сифатли хом ашёни етиштиришлари учун етарли озуқа базаси мавжуд.

 

БАЙPАМГА МУНОСИБ СОВҒА

Туманимизда "Обод турмуш йили”нинг йирик қурилишларидан бири – Қипчоқ қишлоғида қад ростлаётган замонавий қулайликларга эга бўлган мусиқа ва санъат мактаби биносидир. Бу янги мактаб 150 ўқувчи ўринга мўлжалланган бўлиб, уни "Амударё махсус қурилиш” МЧЖ қурувчи-бунёдкорлари барпо қилмоқдалар. Бу янги қурилиш объектида 2 миллиард 462 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилади. Қурилиш-монтаж ишларини тажрибали қурувчи-муҳандис Pаҳимбой Тожибоев бошқариб, мувофиқлаштириб бормоқда.

Янги мусиқа ва санъат мактаби қурилиши Мустақиллигимизнинг 22 йиллиги байрамига битказилиб, бу улуғ байрамга муносиб совға тайёрланади.

 

ЧОPВАЧИЛИК PИВОЖИ

"Тўлқин” овулидаги "Амударё соҳили” фермер хўжалиги чорвачилик ва пахтачиликка ихтисослашган бўлиб, бу ерда  Польшадан келтирилган сут  маҳсулотлари етиштириш йўналишидаги 110 бош йирик шохли зотдор қора-ола моллар зооветеринария қоидаларига мувофиқ парвариш қилинмоқда. Тажрибали ветеринар Кенжабой Абдуллаев махсус келтирилган зотдор моллар уруғлари билан мазкур Польша зотидаги сигирларни сунъий усулда уруғлантириб, ўтган 2012 йил давомида 80 бош соғлом бузоқ олишга эришди.

 

УPУШ ФАХPИЙЛАPИГА ЭҲТИPОМ

9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати  билан Манғит шаҳридаги   "Чордара” маҳалласида истиқомат қилувчи уруш фахрийларидан Ўтепберган бобо Адилов ва Холбой бобо Бекмановлар хонадонларида маҳалла фаоллари бўлишиб, уларга миллий чопон-тўн кийдирилди ва турли ширинликлар совға қилинди. Шунингдек, Президентимиз Фармонига мувофиқ уларнинг ҳар бирига 500 минг сўмдан совға пули берилди.

Мана шундай тадбир Навоий маҳалласида ҳам бўлиб, маҳаллада истиқомат қилувчи уруш фахрийларидан Собир бобо Нуруллаев ва Йўлдош бобо Тожимуродовларга маҳалла фаоллари номидан қимматбаҳо совғалар ва ҳар бирига 500 минг сўмдан пул ҳадялари берилди.

 

БИP ОИЛА ФАPЗАНДЛАPИДАЙ

Туркманистон давлати билан чегара ҳудудда жойлашган Амир Темур номли овулда 3312 нафар турли миллат вакиллари аҳил-иноқ истиқомат қилишмоқда. Уларнинг 2545 нафари ўзбеклар, 63 нафари қозоқлар, 19 нафари қорақалпоқлар, 683 нафари туркманлар ва рус-татар миллатларига мансуб кишилардан иборат бўлса-да бир-бирлари билан дўст-биродар, қуда-анда бўлиб яшаяптилар.

Тўйи, маъракаси, қувончи бир овул одамлари 9 та фермер хўжалиги пахта далаларида кўзланганидай ҳосил ундириш мақсадида ҳамжиҳатликда меҳнат қилишмоқда ва 130 қути ипак қуртларини тунни-кунга улаб парвариш қилишмоқда.

 

ижтимоий муҳофаза

Туман бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш Маркази томонидан Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг 1991 йил 27 майдаги "Ўзгалар парваришига муҳтож якка-ёлғизларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги 2012-сонли Фармонига ва 2011 йил 30 майдаги 1542-сонли қарорига мувофиқ ўзгаларнинг парваришига муҳтож 143 нафар якка-ёлғиз пенсионер ва ногиронларга хизмат кўрсатиш ишлари амалга оширилмоқда.

Якка-ёлғиз пенсионерлар ва ногиронлардан 18 нафарига 17 нафар ижтимоий ходим бириктирилган бўлиб, улар ўзгалар ёрдамига муҳтож кишиларга сидқидилдан хизмат қилишмоқда.

Якка-ёлғиз пенсионерлар ва ногиронлар ижтимоий ходимлар ёрдамидан мамнун бўлишмоқда.

 

ҚИШЛОҚДАГИ АГPОФИPМА

 

"Бўзёп” ОФЙнинг "Оланг овул” маҳалласида яшовчи Анвар Тожибоев "Микро-кредитбанк”нинг Манғит филиалидан 4,5 миллион сўмлик имтиёзли кредит олиб, паррандачилик фермаси ташкил этишга киришганида кўпчилик ферма истиқболига ишонмаганди. 2011 йилда 5 минг та товуқ боқиш учун мўлжалланган  қўра қуриб, "Тожибоев Ўролбой” агрофирмасини давлат рўйхатидан ўтказиб, иш бошлаган Анвар Тожибоев қисқа вақт ичида паррандачилик етти хазинанинг бири эканлигини амалда исботлади. Агрофирма ўз харажатларини қоплаш билан бирга Анвар Тожибоевнинг оила аъзолари ва яна 4 нафар киши доимий иш билан таъминланди. Агрофирмада етиштирилиб, ички бозоримизни тўлдираётган паррандачилик маҳсулотлари сифатидан харидорлар мамнун.

www.amunews.uz

Янгиликни бўлишинг: