"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8374.1 -18.96
  • 1 EUR = 9410.81 -136.15
  • 1 RUB = 126.18 -1.32

КУЧЛИ ФУҚАPОЛИК ЖАМИЯТИ САPИ

Мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида давлат ва жамият ҳаётини янада демократлаштириш, фуқаролик жамияти асосларини мустаҳкамлаш йўлида ислоҳотлар жараёни кечмоқда.

Хусусан, давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан фуқаролик жамияти институтларининг асосий бўғини ҳисобланган маҳалла институтига, ўзини ўзи бошқариш органларига берилган жиддий эътибор самарали натижаларни бермоқда. Бугунги кунда иқтисодиётнинг барча соҳаларида маҳалланинг ўрни ва роли сезиларли даражада ошиб бораяпти. Чунки, ўзини ўзи бошқариш органлари мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётидаги ўрни ва мавқеини янада мустаҳкамлай бориб, барча жараёнларда олиб борилаётган ислоҳотларда фаол қатнашаётганлиги барчамизга маълум.

Ўтган давр мобайнида мамлакатимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган 50 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Pеспублика Кенгаши томонидан ҳар йили "Ўзбекистон Pеспубликасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини янада оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастури” ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилмоқда.

Бундан ташқари, Кенгаш томонидан фуқаролар йиғинлари фаолиятига оид ижобий тажрибаларни оммалаштиришга қаратилган танловлар ташкил этиш ҳамда фуқаролар йиғинларига берилган ваколатларни кенг амалиётга жорий этишга қаратилган ўқув семинарлар ўтказиш бўйича ҳам муҳим қарорлар қабул қилиб келинмоқда. Хусусан, Pеспублика мувофиқлаштирувчи Кенгашининг 2015 йил 31 декабрдаги 2-сонли мажлис баёнига кўра, республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида фуқаролар йиғинлари фаолиятидаги муҳим жараён ҳисобланган «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида туман (шаҳар) ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ҳамда фуқаролар йиғинлари ходимларининг чораклик ҳисоботларини эшитишни ташкил этиш ва ўтказишнинг тартиб-тамойиллари» мавзусидаги ўқув семинарини ўтказиш белгиланган эди.

Жорий йилнинг 2 март куни туманимизда шу мавзуда ўқув семинари ва намунали ҳисобот йиғилиши ўтказилди.

Мазкур ўқув семинарга ҳоким ўринбосарлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман Кенгаши аъзолари, тумандаги давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, барча фуқаролар йиғинлари раислари ва масъул котиблари, ОАВ вакиллари ҳамда соҳанинг фаол экспертлари таклиф этилди.

Семинарда белгиланган дастурга асосан фуқаролар йиғинларида чораклик ҳисобот йиғилишларини ўтказиш ва унда туман (шаҳар) ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ҳамда фуқаролар йиғинлари ходимларининг фуқаролар йиғини фаолиятига оид масалалар юзасидан чораклик ҳисоботларини эшитиш тартиб-тамойилларига бағишланган маърузалари тингланди.

Маърузалар орқали семинар иштирокчиларига фуқаролар йиғинларида ҳисобот берувчи масъулларнинг ҳисобот бериш мажбурийлиги, уни тайёрлаш ва ҳисоботни эшитиш жараёнидаги ташкилий ишлар, ҳисобот йиғилишларини расмийлаштириш ҳамда уларни тегишли бошқарув идораларига юбориш, унинг натижаларини ўрганиш тартиб-қоидалари бўйича тавсиялар берилди.

Қизғин баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтказилган семинарда соҳадаги назариётчи экспертларнинг фикр-мулоҳазалари ва тажрибали маҳалла фаолларининг амалий таклифлари асосида фуқаролар йиғинларида тизимли равишда ҳисобот йиғилишларини ўтказиб бориш борасида эришилган ютуқлар ҳамда камчиликлар муҳокама этилди. Келгусида ушбу тартибга тўла риоя этиш орқали эришиладиган натижалар мисоллар орқали тушунтириб ўтилди.

Шундан сўнг, туман ҳокимининг биринчи ўринбосари томонидан "Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғини вакиллар йиғилишига ҳисобот тақдим этиш бўйича намунали йиғилиш ўтказилди.

Мазкур намунали йиғилишда семинар иштирокчилари ҳамда "Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғинидан сайланган вакиллар иштирок этишди.

Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари вакиллар олдидаги ҳисоботида фуқаролар йиғини ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича олиб борилаётган амалий тадбирлар, хусусан, ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва санитария ҳолатини яхшилаш, аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож, кам даромадли қатламларини моддий қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик фаолияти субъектларини ташкил этиш ва уларни ривожлантириш, ҳудуддаги аҳолининг, айниқса, коллеж битирувчиларининг бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар, коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари томонидан  кўрсатилаётган хизматларнинг сифати ҳамда ҳудуддаги деҳқон ва фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган фаолият аниқ рақамларда акс эттирилди.

Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари ҳисоботида баён этилган тадбирлар юзасидан маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари ўз муносабатларини билдирдилар.

Шунингдек, вакиллар томонидан ҳудуддаги айрим муаммо ва камчиликлар бўйича туман ҳокимининг биринчи ўринбосарига ҳамда бошқа давлат ва нодавлат ташкилотлари раҳбарларига бир қатор таклиф ва тавсиялар билдириб ўтилди.

Туман ҳокимининг ҳисоботини эшитиш орқали фуқаролар туманда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида атрофлича маълумотларга эга бўлдилар.

Қизғин баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтказилган семинар ва ҳисобот йиғилишида келгусида ҳам фуқаролар йиғинларининг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлашга хизмат қилувчи бу каби йиғилишларни тизимли равишда ўтказиб бориш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

Туман ҳокимлигининг

ахборот хизмати.

Янгиликни бўлишинг: