"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8312.64 -2.85
  • 1 EUR = 9456.46 +47.75
  • 1 RUB = 125.22 +1.15

ЖИСМОНИЙ ВА ЮPИДИК ШАХСЛАPНИНГ МУPОЖААТЛАPИ – ЖАМИЯТ КЎЗГУСИ

Ўзбекистон миллий қонунчилик тизими яна бир янги қонун билан бойиди: «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2014 йил 29 октябрда қабул қилинди, Сенат томонидан 13 ноябрда маъқулланди ва Президентимиз томонидан 3 декабрда имзоланди. 4 декабрь куни ОАВда эълон қилинди ва шу кундан кучга кирди. Шу тариқа илгари ушбу муносабатларни тартибга солган «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун ўз кучини йўқотди.

Янги қонун 5 боб, 31 моддадан иборат бўлиб, давлат органлари ва муассасаларига жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солади.

Шуни айтиш лозимки, давлат органлари, муассасалари ёки халқ вакилларига мурожаат қилиш конституциявий ҳуқуқ бўлиб, уни амалга ошириш тартиб-таомиллари айни шу қонунда янада тўлдирилди.

Ушбу тўлдиришнинг бирламчиси ва мазкур қонундаги ўзига хос янгилик давлат органлари ва муассасаларига мурожаат қилиш хуқуқига юридик шахслар ҳам эга бўлганидадир.

Аввалги қонундан фарқли ўлароқ, мурожаатлар шаклига электрон шакл ҳам киритилди. Эндиликда мурожаатлар оғзаки, ёзма ва электрон шаклда бўлиши мумкин.

Янги қонунга кўра мурожаатларга қўйиладиган талаблар такомиллаштирилди. Жисмоний шахснинг мурожаатида унинг фамилияси (исми, отасининг исми), яшаш жойи кўрсатилган ва мурожаатнинг моҳияти баён этилган бўлиши, юридик шахснинг мурожаатида эса унинг тўлиқ номи, жойлашган ери (почта манзили) кўрсатилган ва мурожаатнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак. Яна бир янгилик мурожаатлар давлат тилида ва бошқа тилларда берилиши мумкинлиги бўлди (6-модда). Ёзма мурожаат мурожаат этувчи жисмоний шахснинг имзоси ёки мурожаат этувчи юридик шахс раҳбарининг ёхуд ваколатли шахсининг имзоси билан тасдиқланган бўлиши, борди-ю, жисмоний шахснинг ёзма мурожаатини мурожаат этувчининг имзоси билан тасдиқлаш имкони бўлмаса, бу мурожаат уни ёзиб берган шахснинг имзоси билан тасдиқланиб, унинг фамилияси (исми, отасининг исми) ҳам қўшимча равишда ёзиб қўйилиши керак. Электрон мурожаат электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва идентификацион реквизитларга эга бўлган электрон ҳужжат шаклида бўлиши керак. Ушбу маълумотлар кўрсатилмаган ёки улар ҳакида ёлғон маълумотлар кўрсатилган, шунингдек, имзо (электрон рақамли имзо) билан тасдиқланмаган мурожаатлар аноним саналади. Бу ҳолатлар мурожаатларнинг кўрмай қолдирилишига асос бўлади (20-модда).

Мурожаатларни кўриб чиқишда жисмоний ва юридик шахс тўғрисидаги мурожаатга тааллуқли бўлмаган маълумотларни аниқлашга йўл қўйилмайди.

Давлат органига келиб тушган мурожаатлар ушбу орган томонидан ёки унинг мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича мажбуриятлар зиммасига юклатилган мансабдор шахси томонидан кўриб чиқилади. Мурожаатлар тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилиши лозим.

Жисмоний ва юридик шахслар ўз мурожаатларини улар кўриб чиқилгунига қадар ва кўриб чиқилаётган вақтда мурожаат юзасидан қарор қабул қилингунига қадар ёзма ёки электрон шаклда ариза бериш орқали қайтариб олиш ҳуқуқига ҳам эга бўлди (18-модданинг 11-қисми).

Ариза ва шикоят масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади. Истисно тариқасида, зарур ҳолларда мурожаатни кўриб чиқиш муддати давлат органи раҳбари томонидан узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда мурожаат этувчи хабардор қилинади. Таклиф бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.

Қонуннинг 23-моддасида мурожаатни кўриб чиққан давлат органи мурожаат этувчига кўриб чиқиш натижалари ҳамда қабул қилинган қарор ҳақида мурожаат кўриб чиқилганидан сўнг ёзма ёки электрон шаклда дарҳол хабар қилиши шартлиги белгиландики, бу ҳам жисмоний ва юридик шахслар манфаатларига хизмат қилади. Шунингдек, мурожаатларга жавоблар, мумкин қадар, мурожаат этилган тилда баён қилиниб, унда кўрсатилган ҳар бир масала бўйича важларни рад этувчи ёки тасдиқловчи аниқ асосларни ўз ичига олган бўлиши керак (заруратга қараб қонун ҳужжатлари нормаларига ҳаволалар қилинган ҳолда). Айни пайтда мурожаат жавобидан мурожаат қилувчи норози бўлса, давлат органининг раҳбари ёки ваколатли шахси унинг устидан шикоят бериш тартибини тушунтириши шарт.

Шуни ҳам унутмаслик лозимки, мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик, худди шунингдек, туҳмат ва ҳақоратдан иборат мурожаат берганлик белгиланган тартибда маъмурий (МЖТКнинг 40-41-моддалари), жиноий (ЖКнинг 139, 140, 158-моддалари) жавобгарликка сабаб бўлади.

Бир сўз билан айтганда, мазкур қонуннинг қабул қилиниши ва кучга кириши мамлакатимизда фуқаро ва давлат бир-бирига нисбатан ўзаро ҳуқуқдорлиги ва бурчдорлигининг ёрқин намунаси бўлиб, бу амалда давлат деб аталмиш ижтимоий-сиёсий тузилманинг зиммасидаги ижтимоий вазифаларига тўла мос келади.

М.АБДУҲАКИМОВ,

А.АШУPОВ,

Бош прокуратура бошқарма катта прокурорлари.

(Фото-http://navoiyvetservis.uz

Янгиликни бўлишинг: