"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9061 +179.00
  • 1 EUR = 10092.1 +163.70
  • 1 RUB = 138.47 +1.62

КОЛЛЕЖ БИТИPУВЧИЛАPИГА ЯНА БИP ИМКОНИЯТ

Ўзбекистон Pеспубликаси Марказий банки бошқарувининг қарори билан "Тижорат банклари томонидан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига микрокредитлар бериш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди.

Мазкур Низом билан тижорат банклари томонидан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига миллий валютада микрокредит бериш тартиби белгиланди.

Ушбу Низомнинг  мазмун-моҳиятини кенг халқ оммасига етказиш мақсадида таҳририятимизга "Микрокредитбанк”нинг Манғит филиали бошқарувчиси ўринбосари Элмурод Қурбоновни таклиф қилиб, унга бир нечта саволлар билан мурожаат этдик.

- "Тижорат банклари томонидан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига микрокредитлар бериш тартиби тўғрисида”ги Низом ҳақида кенгроқ тушунча берсангиз.

- 5 та боб ва 33 та банддан иборат ушбу Низомда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун давлат рўйхатидан ўтган ёки юридик шахс устав фондида (устав капиталида) 50 фоиз ёки ундан ортиқ акцияга (улушга) эга бўлган Ўзбекистон Pеспубликаси касб-ҳунар коллежларида ўқишни якунлаган кунидан бошлаб 3 йилдан ортиқ вақт ўтмаган битирувчиларнинг кредитлаш субъектлари ҳисобланиши кўрсатилган.

Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун микрокредитлар банклар томонидан тўловлилик, муддатлилик ҳамда пул маблағларини муайян мақсадда ишлатиш ва қайтариш шартлари асосида берилади.

- Микрокредитлар қанча миқдорда ва қанча муддатга берилади?

- Кредитлар юридик шахс ташкил этмаган ҳолда фаолият юритаётган қарз олувчиларга энг кам иш ҳақининг  200 бараваригача,  юридик шахс ташкил этган ҳолда фаолият юритаётган қарз олувчиларга эса энг кам ойлик иш ҳақининг 300 бараваригача миқдорда қайтириш муддатини узайтириш ҳуқуқисиз берилади.

Шунингдек, микрокредит қарз олувчига кредит ажратилаётган лойиҳанинг ўзини-ўзи қоплаши ҳисобга олинган ҳолда: фаолиятини бошлаш учун айланма маблағларни шакллантиришга, инвестиция лойиҳасининг техник иқтисодий асосини ишлаб чиқишга – 12 ой муддатгача, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлашни ташкил этиш учун айланма маблағларини тўлдиришга, шунингдек, асбоб-ускунларни сотиб олишга – 2 йил муддатгача, инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун эса 3 йилдан ортиқ муддатга берилади.

- Микрокредитлар беришда имтиёзлар кўзда тутилганми?

- Микрокредитлар уруғликлар, минерал ўғитлар ва ўсимликларни  кимёвий ҳимоя қилиш воситаларини сотиб олиш, чорвачилик, қуён боқиш, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичиликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш бўйича кўрсатиладиган техник хизматлар учун тўловларни амалга ошириш, енгил конструкцияли ва муқобил ёқилғи манбалари ҳисобига ишлайдиган иссиқхоналарни қуриш, мева сабзавотчиликда ишлатиладиган қишлоқ хўжалик техникалари ва механизмларини сотиб олиш, бевосита ишлаб чиқариш соҳаси – маҳсулотлар ишлаб чиқариш, хом-ашё ва материалларни тубдан қайта ишлаш, ҳунармандчиликни ривожлантириш, касаначилик меҳнатини ташкил этиш, бинокорлик материаллари ишлаб чиқариш ва қуриш, хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш – аҳолига маиший, тиббий, сайёҳлик-экскурсия ва меҳмонхона хизмати кўрсатиш, автомобиллар ва бошқа техникаларни таъмирлаш бўйича хизмат кўрсатиш, транспорт хизмати кўрсатишни ривожлантириш учун 6 ойлик, янги боғ ва токзорларни барпо этиш, илғор замонавий технологияларни, шу жумладан томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш учун 12 ойлик имтиёзли давр билан берилади.

Микрокредит бўйича имтиёзли давр муддати шартномага асосан узайтирилиши мумкин.

- Микрокредитдан фойдаланганлик учун фоиз ставкаси қанча миқдорда белгиланган?

- Микрокредитдан фойдаланганлик учун фоиз ставкаси миқдори Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси даражасидан юқори бўлмаган миқдорда, банкнинг имтиёзли кредитлаш жамғармаси ҳисобидан микрокредит ажратилган тақдирда Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасининг 50 фоизи миқдорида белгиланади.

- Имтиёзли давр ўрнатилган ҳолда берилган микрокредит бўйича асосий қарзни тўлаш қачон бошланади?

- Имтиёзли давр ўрнатилган ҳолда берилган микрокредит бўйича асосий  қарзни тўлаш имтиёзли давр тугагандан кейинги ойдан бошланади. Имтиёзли даврда микрокредит бўйича фақат фоизлар ҳисобланади ва тўланади.

- Микрокредит олиш бўйича буюртма бериш ва микрокредитни расмийлаштириш қандай амалга оширилади?

- Қарз олувчилар микрокредит олиш учун банкка буюртма тақдим этади. Буюртма "Микромолиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Pеспубликаси Қонунининг 11-моддасида кўрсатилган талабларга мувофиқ расмийлаштирилиши лозим.

Буюртмага қуйидаги хужжатлар илова қилинади:

- қарз олувчининг  банк ҳисоб-варағига пул тушумлари прогнози кўрсатилган бизнес – режа;

- қарз олувчининг тегишли давлат солиқ инспекциясига тақдим қилган охирги ҳисобот даври учун бухгалтерия баланси (1-сон шакл), 90 кундан ортиқ муддатдаги қарзларга доир солиштириш далолатномалари, молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот (2-сон шакл), янги ташкил этилган юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар, юридик шахс ташкил этмаган ҳолда фаолият юритаётган деҳқон хўжаликлари бундан мустасно;

- қарз олувчига тегишли касб-ҳунар коллежи дипломининг нотариал тасдиқланган нусхаси;

- тегишли кредит таъминоти турларидан бири.

Кредит олувчилар буюртмани ахборот тизими орқали электрон шаклда беришлари мумкин.

Қарз олувчи томонидан мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида қуйидаги кредит таъминоти турларидан бири тақдим этилади:

мол-мулк ва қимматли қоғозлар гарови;

банк ёки суғурта ташкилотининг учинчи шахс кафолати;

қарз олувчи томонидан олинган микрокредитни қайтармаслик хатарларининг банк фойдасига суғурта қилинганлиги тўғрисидаги суғурта полиси;

таъминотнинг қонун хужжатларида назарда тутилган бошқа турлари.

Микрокредит ҳисобига сотиб олинган мулк баъзи ҳолатларда ўз қийматининг 70-80 фоизи миқдорида мазкур микрокредит бўйича гаров предмети бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Банк буюртмани олганидан сўнг уч иш куни ичида уни кўриб чиқиши ва микрокредит бериш ёки микрокредит беришни асослантирилган ҳолда рад этиш ҳақида қарор қабул қилиши шарт.

- Буюртма банк томонидан кўриб чиқилаётганида нималарга эътибор берилади?

- Буюртма банк томонидан кўриб чиқилаётганда қуйидагиларнинг таҳлили амалга оширилади:

- буюртма берувчининг  (кредит олувчининг) даромадлари етарлилигини аниқлаш;

- буюртмада баён этилган маълумотларнинг бир-бирига зид бўлмаслиги;

- банк олдидаги мажбуриятларни буюртма берувчи томонидан ўз вақтида бажариш имкониятининг мавжудлиги.

Микрокредит бериш асослантирилган ҳолда рад этилган тақдирда, банк буюртма берувчига бу ҳақда ёзма шаклда маълум қилиши шарт.

Буюртмани кўриб чиқиш натижаларига  кўра микрокредит бериш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, банк ва қарз олувчи ўртасида ёзма шаклда шартнома тузилади ҳамда қарз олувчи томонидан тақдим этилаётган кредит таъминоти тури  қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда расмийлаштирилади.

- Мониторинг ўтказишдан мақсад нима?

- Банклар микрокредитдан фойдаланишнинг муддати давомида доимий мониторинг ўтказади. Мониторинг қарз олувчининг шартнома шартларини бажариши учун ёрдам кўрсатишга йўналтирилиши керак.

Мониторинг ўтказиш жараёнида қарз олувчининг молиявий хўжалик фаолияти, тузилган шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажараётганлиги, ишлаб чиқариш ҳажми, ноишлаб чиқариш харажатлари ва йўқотишлари, фойдаси, айланма маблағлари динамикаси ҳамда товар-моддий бойликлар захираси ва бошқа муҳим ҳолатлар таҳлил қилиб борилади.

Микрокредитдан белгиланган мақсадларда фойдаланмаслик ҳолатлари аниқланган тақдирда, банк қарз олувчига келгусида кредит беришни рад этишга ёки  кредит суммаси ва унга ҳисобланган фоизларни муддатидан олдин  қайтариб олишга ҳамда шартномада белгиланган шартлар асосида жарима белгилашга ҳақлидир.

- Кредит ўз вақтида қайтарилмаган тақдирда қарз олувчига нисбатан қандай чоралар қўлланилиши мумкин?

- Қарз олувчининг гаров таъминоти микрокредит бўйича асосий қарз ва унга ҳисобланган фоизларни қайтаришга қурби етмаган тақдирда, банк мазкур қарз бўйича ундирувни Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 4 декабрдаги 422-сонли қарори билан тасдиқланган банкларнинг кредитлари бўйича қарздорлик ўз вақтида қайтарилмаган тақдирда ундирувни қарздорларнинг ликвидли мол-мулкига қаратиш тартибига мувофиқ қарз олувчининг ликвидли мол-мулкига қаратиши мумкин.

– Янги Низом бўйича берган тушунчаларингиз учун ташаккур! Ишонамизки, ушбу Низом тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланадиган коллеж битирувчилари учун муҳим янгилик бўлди.

- Саломат бўлинг!

"Тараққиёт кўзгуси” газетаси мухбири Алламберган ЖУМАНИЁЗОВ суҳбатлашди.

(Фото - http://www.uzpsb.uz)

Янгиликни бўлишинг: