"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8535.74 +16.32
  • 1 EUR = 9566 -86.52
  • 1 RUB = 132.57 +0.67

МАPД ЙИГИТЛАP ХИЗМАТГА ОТЛАНИШДИ

Муҳтарам Президентимизнинг 2015 йил 23 декабрдаги "Ўзбекистон Pеспубликаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида шу кунларда юртимизнинг барча туманларида йигитларни муддатли ҳарбий хизматга тантанали равишда кузатиш маросимлари бўлиб ўтмоқда. Хусусан, туман Мудофаа ишлари бўлимида ҳам Президентимизнинг ушбу қарорида белгиланган муҳим вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида йигитларни муддатли ҳарбий хизматга кузатиш тадбирларини уюшқоқлик билан ўтказишга пухта ҳозирлик кўриб қўйилди.

Туман мудофаа ишлари бўлими бошлиғи, подполковник Ф.Ю.Мусулмонов билан суҳбатимиз айнан шу ҳақда бўлди.

- Ҳурматли Фахриддин Юсубиллаевич, бу йилги ёшларни муддатли ҳарбий хизматга чақирув тадбирларига тайёргарлик ишларининг аввалги йиллардагидан фарқи борми?

- Албатта, фарқи бор! Чунки, бу йил мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллигини нишонлаймиз. Бугунги чақирилувчилар мустақилликнинг шонли 25 йиллигини Миллий армия сафида нишонлашади. Шу боис ҳам йигитларни Ватан ҳимоясига кузатиш маросимини янада жўшқинлик билан ўтказиш, тантанали кузатиш маросими руҳи ёшларнинг қалбида бир умр сақланиб қолиши учун ҳарбий ватанпарварлик, туғилган ерга, ота-онага меҳр-муҳаббат мавзуларига алоҳида эътибор қаратилди.

- Авваллари фарзанди ҳарбий хизматга чақирилаётган ота-онани қандайдир ғам босарди. "Ўғлимнинг насибаси қайси юртларга сочилган экан”, деб ҳавотирланиб юришарди.

- Тўғри айтасиз, мустақилликдан аввал шундай хавотир билан ота-оналар фарзандларини қайғуриб юришлари табиий ҳол эди. Бунга оталаримиз, акаларимиз тақдири яққол мисол. Чунки, мустабид тузум даврида ҳарбий хизматга чақирилувчининг билими қай даражада, соғлиги-чи, бу жиҳатлар инобатга олинмаган.

- Бугун-чи, ота-оналар ўз фарзандларини ҳарбий хизматга кузатиш пайтида ўзларини қандай тутишади?

- Айтсам, гапларим муболағадай туюлиши мумкин, лекин бу – ҳақиқат! Ота-оналар жондан азиз ўғилларини худди мароқли саёҳатга кузатаётгандай, қувониб-қувониб, оқ фотиҳалар билан Ватан ҳимоясига йўллайдилар.

Фарзандини ҳарбий хизматга кузатгани келган ота-оналар ёшларни муддатли ҳарбий хизматга чақирув ишларига тайёргарлик йилдан-йилга такомиллашиб бораётганини таъкидлашади.

Бу борада чақирилувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш, ҳам жисмоний, ҳам ақлий салоҳияти жиҳатдан кучли, билимдон ва соғлом ёшларни танлаб олишга алоҳида эътибор берилади. Ҳарбий тактик машғулотлари, замонавий ахборот технологиялари ҳамда жисмоний тайёргарлиги бўйича тест синовларидан муваффақиятли ўтган, ҳар томонлама соғлом ёшларгина аскар деган шарафли номга сазовор бўлишади.

Шу сабабли бугун юртимиздаги ҳар бир ота-она фарзандини ҳарбий хизматга жон-жон деб юборишаяпти. Мустақилликдан  аввал иложи бўлса, ўғлини ҳарбий хизматдан олиб қолиш учун соғлом фарзандига "ногирон” деб ҳужжат тайёрлаганлар ҳам кўп эди. Бугун эса тамоман бошқача манзарани кўрасиз. "Менинг ўғлим нима учун армия хизматига олинмади?” деган савол билан мурожаат қилувчилар кўпайган.

- Албатта, бунинг сабаблари ҳам бор-да, шундай эмасми?

- Худди шундай! Мамлакатимизда мудофаа соҳасининг ўзига хос қонуний асослари яратилганлиги, Қуролли Кучлар тизимида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар боис, халқимиз учун она Ватанга хизмат қилиш, уни ҳимоя этиш нафақат Конституциявий, балки ҳақиқий фуқаролик бурчига айланди. "Мудофаа тўғрисида”ги "Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги, "Ўзбекистон Pеспубликаси Қуролли Кучлари резервидаги хизмат тўғрисида”ги Қонунларнинг қабул қилингани, ҳарбий хизмат муддати бир йил қилиб белгилангани ҳамда ҳарбий хизматнинг муқобил тури – сафарбарлик чақируви резерви ташкил қилингани ўзининг ижобий самарасини берди. Юқоридаги Қонунлар билан бирга Ўзбекистон Pеспубликаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони И.Каримов томонидан имзоланган қатор Фармон ва қарорлар ҳам Миллий Армиямизнинг қиёфаси, куч-қудрати, жанговар салоҳияти ва имкониятлари билан бирга ҳарбий қисмлардаги маънавий-ахлоқий муҳитни тубдан ўзгартириб юборди. Бу эса бугунги Ўзбекистон ёшлари қалбида она Ватан ҳимоячиси бўлишдек шарафли хизматга ва ҳарбий ҳаётга ҳурмат-эътибор ҳамда ҳавасни уйғотди.

- Ҳар йилги муддатли ҳарбий хизматга туманимиздан қанча ёшлар чақирилади ва улар қўшимча имтиёзларга эга бўлишяптими?

- Туманимизда ҳарбий ҳаётга қизиқиш катта, Миллий армия сафида хизмат қилишни ўзларига шараф деб билувчи ёшлар жуда кўп. Ўтган 2015 йилда ана шундай ёшлардан 71 нафари мустақил юрт ҳимоячиси бўлишдек бахтга эришган эдилар. Ана шу  ёшлардан 25 нафари Президентимизнинг 2012 йил 31 майдаги "Ўзбекистон Pеспубликаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тегишли тавсияномаларига эга бўлишди. Бундай тавсияномаларга эга бўлган собиқ аскарлар ўзлари танлаган йўналишлар бўйича олий ўқув юртларига ўқишга киришда тўплаш мумкин бўлган максимал балларнинг 27 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёздан фойдаланадилар.

Бу йилги муддатли ҳарбий хизматга 100 нафарга яқин ёшларимиз жўнаб кетиш учун тайёр туришибди.

- Сафарбарлик чақируви резервида ҳарбий хизматни ўтаган ёшлар учун ҳам имтиёзлар борми?

- Ҳарбий хизматнинг бу турида ҳам  хизмат қилиш истагини билдирган ёшлар сафи йил сайин ошиб бормоқда. Ҳар йили камида 600 нафарга яқин ёшлар сафарбарлик чақируви резерви қисмларида ҳарбий хизматни ўтаб қайтишмоқда. Имтиёзларга келсак, ҳарбий хизматни СЧPда ўтаган ёшлар махсус тест синовлари ҳамда ҳарбий-жисмоний машғулотлардан муваффақиятли ўтсалар, Қуролли Кучлар қисмларида ҳамда ИИБларида шартнома асосида сержант лавозимида хизматни давом эттиришлари, ўзларига она Ватан ҳимоячиси бўлишдек шарафли касбни танлашлари мумкин.

- Муддатли ҳарбий хизматга чақирилган ва Қуролли Кучлар сафида ўз йигитлик бурчларини адо этиш учун жўнаб кетишга тайёр туманимиз ёшларига тилакларингиз.

- Аввало, Ватанимиз сарҳадлари дахлсиз, она юрт тупроғи тинч бўлсин. Қалбларида буюк Ватаннинг буюк келажагига ишонч, меҳр ва садоқат туйғулари ила ҳарбий хизматга отланаётган ёшларимиз ана шу ТИНЧЛИККА, миллатлараро ТОТУВЛИК ва фарзандларимиз БАХТ-САОДАТИга хизмат қилсинлар!

- Сермазмун суҳбатингиз учун ташаккур, омон бўлинг!


Суҳбатдош: Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: