"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8039 +176.83
  • 1 EUR = 9347.75 +265.41
  • 1 RUB = 118.05 +5.41

БОБУP ҒАЗАЛЛАPИ СЕҲPИ

Асрлар давомида дунё аҳлини лол қолдириб келаётган, миллий санъатимиз барқарорлигини таъминлаётган сабаблардан бири – беқиёс тафаккур қудрати акс этган асарлар яратган буюк олим ва адибларимизнинг ижод маҳсуллари бўлса, иккинчи сабаб эса шундай бебаҳо санъат намуналарини ардоқлаб сақлаб, аждодлардан-авлодларга бутун теранлиги, гўзаллиги ва жозибаси билан етказиб келаётган халқимизнинг маънавий меросимизга бўлган мислсиз ихлосидир.

Миллий санъатимизнинг муҳим қисми бўлган мумтоз ашулалардан қай бирини тингламанг, асрлар давомида сайқалланиб келаётган бу санъат асарларидаги пурмаъно ғазал, жозибадор куй ва соҳир овоз таъсиридан роҳатланамиз ва ифтихор ҳисларини туямиз. Сабаби, миллий қадриятларга содиқ қолиб, бебаҳо маънавий меросини бизчалик асраб-авайлаб келаётган халқлар  ер юзида унча кўп эмас.

Буюк Алишер Навоий ва Бобур ғазаллари асосида яратилган ашулаларни тинглаганимизда юқорида айтилган фикрлар қайта-қайта ёдимизга келади. Маълумки, бошқа машҳур мумтоз адабиётимиз вакиллари сингари бу икки буюк шоир мислсиз ғазаллар битганликлари билан биргаликда мусиқа илмининг ҳам зукко билимдонлари бўлишган.

Уларнинг асарларини бир маротаба ўқиб, уларда ифода қилинган фикрларни уқиб олдим, деган одам ўзини қанчалик олим санамасин, қаттиқ адашади, чунки, бу ғазалларда олам-олам маъно, ҳис-туйғу ифода қилинганки, уларни фақат қайта-қайта ўқиш орқалигина тушунишимиз, ҳис қилишимиз мумкин.

Агар пухта фикр қилсак, Бобур шеърияти ёр ва диёрдан ажралган шахс ҳиссиётларининг ифодасидан иборатдир. Ҳатто оддий табиат манзараси ёки нарсалар ифодаланган байтларда ҳам шу туйғулар таъсирини кўрамиз.

Қовун бирлан узумнинг ҳажридан кўнглимда ҳар су.

Оқар сувнинг фироқида кўзимдан гар дам оқар су.

Қовун келтирилиши ва бунинг Бобурга қандай таъсир қилганлиги ҳақида "Бобурнома”да ҳам ёзиб қолдирилган, лекин бу ерда шоир қовун ва узум воситасида она юртининг беқиёс табиатига ишора қилиб, ўзининг  қалби тубидаги соғинчини ифода қилади. Ҳиндистонда ҳам турфа хил мевалар етилади, лекин бирортаси ҳам юртимиз неъматларининг ўрнини босолмаслиги таъкидланади.

Бу байтда ҳар су (ҳар томон) ва оқар су (оқар сув) сўзлари бирга келиб, ийҳом санъатини пайдо қилган. Ийҳом – шеърий санъатлар ичида энг қийини ва қадрланувчиси саналади.

Юқорида айтиб ўтган фикримизнинг исботи сифатида яна Бобур байтларига мурожаат қиламиз.

Хазон яфроғи янглиғ гул юзинг ҳажрида сарғардим.

Кўриб раҳм  айлағил, эй лола-руҳ, бу чеҳраи зардим.

Шоир куз фасли манзарасини кўз олдига келтириб, ўз  умрининг  кузини – хазон фаслини ҳис қилади ва ёр тимсоли сифатида тақдири азалга шундай мурожаат этади, хазон япроғи, хажр, чеҳраи зард (сариқ юз) каби ғамли ташбиҳлари орқали кўнглида кечаётган юрт соғинчини  ифода этади.

Сен, эй гул, қўймадинг саркашлигингни сарвдек ҳаргиз,

Аёғингга тушуб барги хазондек мунча ёлбордим.

Шоир қишин-ёзин кўм-кўк либосини ечмайдиган сарв тимсолида ўзи етолмаган орзу-ниятларининг юксаклигини кўради, ўзини эса тўкилган япроқ сифатида ҳис қилади. Чунки, тўкилган япроқ жудолик  рамзидир. Саркашлик сифатида эса қисматнинг ўжарлигини, қанчалар илтижо қилмасин, тақдир уни аянчли, умидсиз аҳволда қолдираётганини афсус билан қайд этади.

Шоирнинг кўнглини тож-тахт учун талашиб, уни она юртидан айрилишга сабаб бўлган амаки-ю тоғалар қилмишидан афсусланиш ҳисси чулғайди ва бир дақиқа улардан ўзининг қутулганига шукур қилади:

Хазондек қон ёшим, сариғ юзимдин эл танаффурда,

Ба ҳар ранге, биҳамдиллаҳ, улусдан ўзни қутқордим.

Яъни, менинг қонли ёшимдан, сариқ  юзимдан эл нафратланса ҳам майли, мен бундан хурсандман, мен улардан ўзимни қутқардим.

Шоир бошига тушган омадсизликни ўзининг бахт юлдузи йўқлигидан кўради, чунки, мунажжимларнинг фикрича, ҳар бир кишининг бир юлдузи бўлади ва тақдири шунга боғлиқ кечади:

Не толеъдур менгаким, ахтари бахтим топилмайди,

Фалак авроқини ҳар нечаким дафтардек ахтардим.

Фалак варақларидан бахт ахтари (юздузи)ни тополмаган шоир бутун умри кечинмаларини эсга олади, чеккан машаққатларини, яхши-ёмон одамларни кўз олдига келтиради ва улус мен ҳақда не деса деяверсин, бунинг мен учун аҳамияти йўқ, чунки, мен ҳар турли яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам кўрдим, дейди. Улуғ даҳоларнинг тафаккур маҳсуллари каби Бобурнинг бу ғазалидаги фикрлари фақат замондошлари эмас, балки бизга ва келгуси авлодларга ҳам қаратилгандир. Шунинг учун биз улуғ шоиримизни севамиз, ғазалларини кўнгиларда ардоқлаб сақлаб, қўшиқ қилиб айтиб юрамиз.

Аҳмад НАФАСОВ,

"Жайхун илҳомлари”

ННТ раиси.

(Фото - http://anons.uz)

Янгиликни бўлишинг: