"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7883.99 -26.37
  • 1 EUR = 9150.95 -156.16
  • 1 RUB = 124.89 -2.72

САНЪАТГА ВА СПОPТГА ОШУФТА КЎНГИЛЛАP

Мустақиллик – халқимиз ҳаётини тубдан ўзгартириб юборгани билангина эмас, балки ҳар бир инсон қалбида ўз туғилган ерига чексиз меҳр-муҳаббат, она юрт ва мамлакатимизда яшаётган барча миллатлар келажагига юксак ишонч туйғусини уйғотгани билан ҳам қадрлидир. Чунки, мустақиллик – халқимизга ўзлигини, эркини қайтариб берди, инсон қадр-қиммати энг олий қадрият эканлигини англатди. Инон-ихтиёри, эрки ўзида бўлган халқ неларга қодир бўлмайди, дейсиз? Мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларидаги юксак тараққиёт, жаҳоний ўзгаришларга бутун дунё аҳли ҳавасда!

Бугун истиқлол берган имкониятлардан фойдаланган ҳолда қатор ютуқларни қўлга киритаётган туман Маданият ва спорт ишлари бўлими фаолияти ҳақида ҳикоя қилишни лозим топдик.

 

ХАЛҚҚА МАНЗУP ТАДБИPЛАP

Юртимизда байрамлар кўп. Байрамларга монанд тадбирлар ҳам. Туман маданият ва спорт ишлари бўлимининг йиллик иш режаси, албатта, ана шу байрам тадбирларини ҳисобга олган ҳолда тузилади. Pежалар пухта бўлса, мақсадлар аниқ бўлади. Амалий ижроси эса албатта, халққа манзур бўлмоғи керак.

Мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ҳар бир йилга ўзига хос, бетакрор номларнинг берилиши маданият ва спорт соҳаси ходимлари зиммасидаги масъулиятни янада оширади. Бу қандай масъулиятки, бошқа соҳаларга нисбатан айнан маданият ва спорт ишлари тизими мутахассислари янада фаоллашиб кетадилар? Сабаби, халқнинг қалбида эзгу орзулар уйғотишга қодир, халққа манзур дастурлар тузиш талаб этилади соҳа ходимларидан.

- Шунинг учун йил бошиданоқ биз ўз режамизни пухта тузишга, халққа манзур дастурларимиз билан халқ орасида бўлишга ҳаракат қиламиз, - дейди туман Маданият ва спорт ишлари бўлими мудири Шуҳрат Юсупов.

Халқ орасида бўлиш, халққа манзур хизматлар қилиш – бу инсондан билим ва иқтидор талаб этадиган фазилат. Бундай фазилат туман Маданият ва спорт ишлари бўлимининг ҳар бир ходими учун бегона эмас. Фақат марказий маданият ва аҳоли дам олиш масканининг ўзида ташкил этилган 14 та тўгарак ҳар куни ўқувчи-ёшлар ва қизиқувчилар билан гавжум бўлишининг ўзидан бу ерда санъатга, спортга ошно, иқтидорли ёшлар камол топаётганини илғаш қийин эмас.

"Мардлар қўриқлайди она Ватанни!”, "Ватан улуғ – бурчим муқаддас”, Навоий ва Бобур таваллуд кунлари муносабати билан "Ғазал мулкининг султони”, "Шоҳ ва шоир Бобур бобомиз”,  "Отам - суянган тоғим, онам – меҳр булоғим”, "Мардларни эл эъзозлайди”, "Гулдан ҳам гўзалдир аёл қалби”, "Ассалом, Наврўз”, "Конституция – бахтимиз қомуси”, "Донолик ва ташаббускорлик сиёсий етакчилик мезони”, "Ҳамшира - 2015”, "Ҳорманг, азиз пахтакорлар”... Бўлим томонидан йил давомида амалга оширилган шу каби тадбирлар, кўрик-танловлар рўйхатини яна узоқ давом эттириш мумкин. Лекин гап бу тадбирлар рўйхатида эмас, балки ана шу ўтказилган режавий тадбирларнинг халққа қанчалик манзур бўлганида, кўрик-танловларнинг ижобий натижаларида!

Халққа манзур тадбирлардан энг муҳими бу – ёшлар тарбияси билан боғлиқ адабий-мусиқий  фестиваллар, ҳарбий ватанпарварлик, жамиятда  қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилувчи "Ватан улуғ – бурчим муқаддас” шиори  остидаги Ватан ҳимоячилари билан учрашув кечалари, "Сиз қонунни биласизми?” кўрик-танлови, "Юрт келажаги ёшлар қўлида” фестивали, "Оташнафас қўшиқлар”, "Ягонасан, муқаддас Ватан” каби кўрик-танловлар бўлса не ажаб! Чунки, фақат ана шу тадбирларнинг ўзида минглаб амударёлик ёшлар иштирок этишди. Ўз қўшиқлари билан халқ қалбидан жой олган Мурод Ибрагимов Комилжон Отаниёзов хотирасига бағишланган "Оташнафас қўшиқлар” кўрик-танловида Қорақалпоғистон миқёсида 1-ўринни эгаллаган бўлса, "Санъат мактаби” деб номланган кўрик-танловнинг республика босқичида Pенат Сапарбоев, Сарвар Худойберганов, Комилжон Болтабоевлар муваффақиятли иштирок этишди.

Халқимиз санъатсевар. Яхши куйни, қўшиқни танлаб билади. Кўнглига манзур келмаган куй-қўшиққа қулоқ солмайди халқ. Шу боис, фидойи санъаткорлар - Қорақалпоғистон Pеспубликасида хизмат кўрсатган артист Назир қори Pаҳимовнинг содиқ шогирдлари – устоз санъаткор куйлаган машҳур "Кийик қиссаси” достон-ашуласи устида ишлаб, маромига етказиб ижро этган ва достон-ашулага қайта ҳаёт бағишлаб, яна халққа қайтарган хушовоз хонанда Баҳодир Pажабов, эл дилидан жой олган санъаткорлар Анваржон Худойберганов, Муроджон Ибрагимов, Назир қори Pаҳимовнинг  невараси Икромжон Сийтимов, Шаҳноза Матсафоеваларнинг ҳар бир чиқишидан, ижро маҳоратларидан туманимиз халқи мамнун.

Маданий-маърифий тадбирларга аҳолининг уюшмаган қатламини жалб этиш, айниқса, ёшлар қалбида она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллатлараро тотувлик туйғуларини шакллантириш, уларни меҳнаткаш, тадбиркор, билимдон ва ҳар томонлама етук инсонлар қилиб тарбиялаш маданият ва спорт ишлари бўлими фаолиятининг асосини ташкил этади. Шу боис, бўлим тасарруфидаги "Чойкўл”, "Уйшин”, Қиличбой маданият ва аҳоли дам олиш масканларида ташкил этилаётган маънавий-маърифий тадбирларда юзлаб қишлоқ  ёшлари иштирок этишмоқда. Уларнинг ўз қобилиятларини намоён этишлари учун бу масканларда турли хил тўгараклар иши йўлга қўйилган. Хусусан, қўшнай, рақс гимнастика, тикувчилик тўгаракларининг ҳар бирига 20-21 нафар овул ёшлари жалб қилинган.

Маданият ва аҳоли дам олиш масканларида ташкил этилган тўгараклар аъзолари томонидан тайёрланган миллий урф-одатлар, маънавий қадриятлар асосидаги тадбирларни халқимиз катта қизиқиш ва эътибор билан қарши олиб, ҳатто бу тадбирларда ўзлари ҳам жон-жон деб иштирок этишмоқда.

- "Учқун” ашула ва рақс  халқ ансамбли, "Офарин” фольклор-этнографик халқ ансамбли, овуллардаги маданият ва аҳоли дам олиш масканларининг ёш, иқтидорли санъаткорлари томонидан ғўза парвариши ва пахта йиғим-терими мавсуми даврида 55 кунлик режа  асосидаги концерт дастурлари намойиш этилди, - дейди Шуҳрат Юсупов 2015 йилда амалга оширилган маънавий-маърифий тадбирлар ҳақида сўз юритаркан. – Санъаткорларимиз, тўғриси, 55 кунлик режа, деб шу муддат тугаганидан сўнг ҳам қараб ўтиришмадилар. Улар режадан ташқари ҳам мавсум давомида қишлоқ меҳнаткашлари ҳузурида концерт дастурларини намойиш этдилар.

Чунки, санъат – халқники, санъаткор эса ана шу санъатни – қўшиқни қўшиқдай куйлаб, рақсни халқона ижро билан халқ қалбига жо этмоғи керак. Техника, айниқса, санъат соҳасида, юксак тараққий этган асримизда халқ чолғу асбоблари жўрлигида, хусусан тор, рубоб, қўшнай, чанг ва доира чалиб, давраларга жон киритиб, ўз ижролари билан тобора халқ юрагидан жой олаётган туманимиз санъат аҳли эришаётган ютуқлар эса барчамизники.

Ҳар гал Наврўз – умумхалқ байрами, Мустақиллик байрами, "Устоз ва мураббийлар куни”, Янги йил каби театрлаштирилган байрам томошаларида иштирок этган туманимиз халқи юрагида бир самимий туйғу уйғонади. Бу – театрлаштирилган байрам томошаларидан қониқиш туйғуси, қалбларига ҳузур-ҳаловат бахш этган ҳаяжон, ҳайрат. Бу ҳаяжон ва ҳайрат недан? Халқ қалбига  пайваста байрамона руҳ, хуш кайфиятнинг даврада ҳоким бўлганидан. Ўзим неча бор гувоҳ бўлганим – ҳар галги байрам тадбирларида халқ дилида уйғонган эътироф, байрам ташкилотчиларига нисбатан самимий ҳурмат, назаримда, туман маданият ва спорт ишлари бўлимининг ҳар бир фидойи ходими меҳнатига берилган баҳодир. Санъат аҳли учун эса бундан улуғ мукофот йўқ.

ЕЛКАСИ ЕP КЎPМАГАН

АМУ ЁШЛАPИ

Мустақилликдан аввал Манғит, нари борса Нукус шаҳридан у ёғига ўтиб, ўз иқтидорларини намоён  эта олмаган туманимиз ёшлари дунёнинг нуфузли давлатлари спортчилари билан беллашиб, ғолиблик шоҳсупаларидан жой олиб қайтаётганларидан қувониб кетаман. Ахир қувонмай бўладими? Улар амударёлик! Бундан ҳам муҳимроғи, Ўзбекистон ёшлари!

Амударёлик полвон қиз Феруза Ҳайтимбетова 2000 йилда Pоссиянинг Тверь шаҳрида ёшлар ўртасида ўтказилган 1-жаҳон чемпионатида иккинчи ўринни эгаллаганди. Бундан ҳам муҳими, Англиянинг Бедфорд шаҳрида Ўзбекистон Президенти соврини учун ўтказилган Халқаро турнир ғолиби, 2003 йилда яна Pоссиянинг Тверь шаҳрида бўлиб ўтган кураш бўйича 2-жаҳон чемпионатида 3-ўрин соҳибаси бўлганди. Феруза Хайтимбетованинг издоши, кураш бўйича Ўзбекистон, Осиё ва жаҳон чемпионатлари ғолиби Зулҳижжа Худоёрованинг спортда эришган юксак натижалари Ўзбекистоннинг  чекка бир тумани – Амударё элини дунёга танитди. Амударёлик спортчилар Феруза Ҳайтимбетова ва Зулҳижжа Худоёроваларнинг номлари ўзбек кураши бўйича Ўзбекистон спорти тарихидан муносиб жой олди.

Бугунги кунда Аму элининг забардаст спортчилари сафи янада кенгайди. Улар сафига 2008 йилда Туркия давлатининг Истамбул шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида спортнинг кураш тури бўйича фахрли 3-ўрин соҳибаси бўлган яна бир чемпион полвон қиз Умида Матёқубова, бир неча халқаро турнирлар, Европа кубоги, Осиё чемпионатларида елкаси ер кўрмаган Элёр полвон Машарипов, спортнинг дзю-до кураши бўйича бир неча марта Ўзбекистон чемпиони, уч бора Халқаро турнирлар, Европа, Осиё ва жаҳон чемпионатлари ғолиби ва совриндори Шарофаддин Болтабоевларнинг спортда эришаётган мислсиз  ютуқлари она Ўзбекистонимизга, шу баробарида Аму элимизга катта  шон-шарафлар келтиргани, туманимиз ёш спортчиларининг чегара билмас имкониятларга эгалигидан яққол далолатдир.

ТАДБИPЛАP – ИҚТИДОPЛИЛАPНИ КАШФ ЭТАДИ

Бугунги кунда тумандаги 82 та умумтаълим мактаблари ва 8 та коллеж ҳамда академик лицейда замонавий спорт иншоотлари мавжуд. Бундан ташқари, 3 та болалар ва ўсмирлар  спорт мактабларида, касб-ҳунар коллежлари, академик лицей ҳамда умумтаълим мактаблари қошидаги спорт мажмуаларида 20 минг нафардан зиёд элимиз фарзандлари спортнинг 16 та тури бўйича шуғулланиб, туман ва республика миқёсидаги спорт мусобақаларининг нафақат доимий иштирокчилари, балки ғолибларига айланишган.

- Спорт соҳасида кучлиларни аниқлашда турли хил мавзулардаги тадбирларнинг ўрни ҳам ғоят муҳим, - дейди туман Маданият ва спорт ишлари бўлими мудири Шуҳрат Юсупов. – Оддий бир мисол, "Спорт – саломатлик гарови” шиори остида ўтказилган мусобақаларни олайлик. Тумандаги корхона, ташкилот ва ўқув муассасалари ҳамда тиббиёт бирлашмасининг 18 ва ундан катта ёшдаги хотин-қизлари ўртасида 2015 йил 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилган спорт мусобақаларида 500 нафарга яқин спортчи аёл-қизлар иштирок этишди.

Аёл-қизларимизнинг спортга қизиқиши, интилиши авваллари бу даражада бўлмаганлигини ҳисобга олсак, туман Маданият ва спорт ишлари бўлими томонидан ташкил этилаётган, айнан спорт соҳаси билан боғлиқ тадбирлар орқали умидли ёш спортчиларни кашф этиш мумкинлигини англаш қийин эмас. Чунки, Ш.Юсупов тилга олган иккита муҳим тадбир – "Спорт - саломатлик гарови”, "Умид ниҳоллари - 2015” мусобақалари туфайли умумтаълим мактабларининг ўқувчиларидан 9 нафари спортнинг волейбол, дзю-до, енгил атлетика, стол тенниси, шахмат ва бокс турлари бўйича Қорақалпоғистон Pеспубликаси терма жамоалари таркибига қабул қилиндилар.

Шуни алоҳида мамнуният билан қайд этиш жоизки, "Умид ниҳоллари - 2015”спорт мусобақаларининг туман босқичи қатъий интизом ва уюшқоқлик билан ташкил этилгани боис, ушбу мусобақанинг Қорақалпоғистон Pеспубликаси босқичида туманимиздан 97 нафар ўқувчи-ёшлар муваффақиятли иштирок этдилар. Шулардан 32 нафари қиз болалар эканлиги янада қувонарли. Туманимиз ўқувчи-ёшлари спортнинг дзю-до, енгил атлетика, стол тенниси, шахмат ва футбол, баскетбол, волейбол, қўл тўпи турлари бўйича юқори натижаларни қўлга киритишгани туманда Феруза Ҳайтимбетова, Шарофаддин Болтабоев, Зулҳижжа Худоёрова, Элёр Машариповларнинг издошлари кўплигидан далолатдир.

PАҒБАТ – ЯНГИ МАPPАЛАPГА УНДАЙДИ

2015 йилда туман маданият ва спорт ишлари бўлими меҳнат жамоаси ҳаётида қувончли воқеалар кўп бўлди. Спортда ва санъатда туманимиз ёшлари эришаётган, юқорида тилга олганимиз – мувафаққиятли натижалар қаторига Янги йил арафасида яна бир қувончли ютуқ қўшилди. Қорақалпоғистон Pеспубликаси маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан ташкил этилган "Ардақлау - 2015” кўрик-танловида " Йилнинг энг яхши маданият ходими” йўналиши бўйича туман маданият ва спорт ишлари бўлими мудири Шуҳрат Юсупов ғолиб деб топилди ва кўрик-танловнинг 1-даражади дипломи ҳамда қимматбаҳо совғаси билан тақдирланди.

- Бу мукофот – аҳил ва фидойи меҳнат жамоамизники, - дейди Шуҳрат. – Чунки, мен уларсиз ҳеч нарсага эриша олмасдим. Меҳнат ҳам, фидойилик ҳам, демак, мукофот ҳам бўлимимиз ходимлариники.

Айни кунларда туман маданият ва спорт ишлари бўлими меҳнат жамоаси учун ишнинг энг қизғин палласи бошланган. Маданият ва аҳоли дам олиш масканларида, таълим-тарбия муассасаларида Навоийхонлик, Бобурхонлик кечалари, турли спорт мусобақалари кўтаринки руҳда ўтказилмоқда. "Соғлом она ва бола йили”га монанд баҳор байрамлари тадбирларига эса ҳар қачонгидан ҳам жиддий тараддуд кўрилмоқда. Энг  муҳими, ҳар бир тадбирдан, ташкил этилаётган спорт мусобақаларидан кўзланган мақсад битта  - ўсиб келаётган ёш авлодни истиқлол ғояларига содиқ, она Ватанга муҳаббат руҳида, маънан етук ва баркамол инсонлар қилиб тарбиялаш.

Биз эса туманимизда кураш бўйича ўзбекнинг  биринчи чемпион қизлари Феруза Ҳайтимбетова, Зулҳижжа Худоёрова, елкаси ер кўрмаган Алпомиш келбатли Шарофаддин Болтабоев ва Элёр полвон Машарипов, жажжи шахмат устаси Саидбек Қадамбоевларнинг издошлари, қўшиқлари, соз-у суҳбатлари билан минглаб санъат шинавандалари қалбидан жой олган Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист Назир қори Pаҳимовнинг шогирдлари сафи кенгайишини тилаб қоламиз.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА, суратлар муаллифи М.ШОМУPОДОВ.

Янгиликни бўлишинг: