"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9490.77 +22.73
  • 1 EUR = 10455 -115.20
  • 1 RUB = 148.82 -1.13

МУЛКИ ШЕЪP ҲОҚОНИ – НАВОИЙ ҲАЗPАТ

Улуғ шоир ва олим, буюк мутафаккир ва давлат арбоби Низомиддин Мир Алишер Навоий ўз даврининг энг зиёли кишиси, илм ва маърифат ҳомийси сифатида тарихда муҳрланиб қолди.

Алишер Навоий нафақат туркий дунёда, балки бутун жаҳонда  довруғ қозонди. Ўзбек тилининг асосчиси бўлган Навоий бобомиздан бизга ниҳоятда улкан, бебаҳо маънавий мерос қолган.

Мана, неча асрдирки, Навоий яратган бетакрор асарлар ҳали-ҳануз асрлардан-асрларга ўтиб келмоқда. Улуғ бобомиз ўз асарларида шарқона одоб-ахлоқ, миллий тарбия, инсон туйғулари, унинг камоли, орзу-истаклари, ватанпарварлик, инсон эркинлиги масалаларига жиддий эътибор қаратади.

Юртбошимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек: "Инсон қалбининг қувонч-у қайғусини, эзгулик ва ҳаёт мазмунини Навоийдек теран ифода этган шоир жаҳон адабиёти тарихида камдан-кам топилади”.

Навоий 60 йиллик умри давомида тўхтовсиз ижод қилиб, бемисл мерос қолдирди. У Низомий Ганжавий, Абдураҳмон Жомий ва Ҳисрав Деҳлавий анъанасини давом эттириб, ўзининг энг буюк шоҳ асари бўлмиш "Хамса”ни яратади.

Навоий "Хамса”ни мисли кўрилмаган бир қисқа фурсатда ёзиб тугаллади. 1483 йили бошланган иш 1485 йили ниҳоясига етказилди.

Навоий асарларига биз ҳар куни мурожаат қиламиз. Унинг асарлари бир уммонки, ҳар гал шу уммонга шўнғиганимизда биз Навоийни янада теранроқ англаб, ҳайратимиз ошади, кўз ўнгимизда дунёнинг қадри ўсади, оламнинг моҳиятини, ҳаётнинг бебаҳо ва бетакрорлигини тушуниб борамиз. Жаҳоннинг ҳар бурчагида яшовчи халқлар ҳалигача унга мурожаат қилишади.

Навоийнинг ҳеч бўлмаса бир байтини билмаган, ўқимаган, уни севмаган одам, у ҳақда мақола, шеър ёзмаган киши бўлмаса керак.

Халқимиз Алишер Навоий бобомизга чуқур эҳтиром, ихлос ва ҳавас қилиб, ўз фарзандларига Навоийдек покдомон инсон бўлсин, деган эзгу умидлар билан Алишер исмларини қўймоқдалар.

Алишер Навоий йили деб эълон қилинган 1991 йил юртимиз тарихида қутлуғ, унутилмас сана бўлиб қолди. Шу йили халқимизнинг асрий орзу-умидлари амалга ошди. Алишер Навоий юртни, диёрни кўркам, ҳосилдор боғлар оғушида кўришни орзу қилар эди. Жаннатмакон юртимиз Тошкентда Низомиддин Мир Алишер Навоий ҳайкали ва ниҳоятда сўлим ва гўзал миллий боғ барпо этилган. Ахир улуғ бобомизнинг ўзлари:

Ким бу боғ ичра хиромон эрур,

Барчаси бир-бирига меҳмон эрур, - деб одамларни бир-бирига меҳрибон шафиқ бўлишга, дўст-биродарликка чақирган эдилар.

"Бу ер йиллар, асрлар давомида катта халқ тантаналари, қарияларимизга, ёш авлодимизга, халқимизга малҳам, руҳий мадад берадиган севимли  ва мароқли бир оромгоҳга айланади”, - деган Юртбошимизнинг катта умиди бугунги кунда тўла-тўкис амалга ошди.

Ҳар йили Алишер Навоийнинг таваллуд кунида миллатимиз фахри бўлган улуғ бобокалонимизни ёдга олиб, унинг ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилиб, боғда шеърият, ғазалхонлик байрами ўтказилади. Бу кун юртимизнинг барча гўшаларида ўзгача шукуҳ билан кутиб олинади ва катта тантана билан нишонланади.

Шунинг ўзиёқ халқимизнинг юксак маърифат ва маънавият соҳиблари эканлигидан, буюк бобомизга бўлган чексиз эҳтиромидан далолатдир.

Навоийнинг ҳар бир сўзи бир китоб. Унинг асарлари устида ҳозиргача олимлар илмий ишлар олиб бормоқдалар.

Бир лаҳза ҳам халқ ғам-у ташвишидан ажралмаган ҳолда қалам тебратган Навоий бизга Ватанни, онани севишни, улуғлашни, эзгуликни, одамийликнинг жамики эзгу фазилатларини ўз асарлари орқали ўргатди.

Ҳамон Навоий асарларига ҳар соҳада мурожаат этиб, ундан дастуриламал сифатида фойдаланиб, яшаш сирларини ўрганмоқдамиз.

Унинг:

"Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила.

Айламак бўлмас адо онинг  ҳақин юз ганж ила” – деган ҳикмати ўқувчилик йилларидаёқ синфимиздаги доска тепасига осилиб турарди ва биз ёшлар учун ҳаётимиз шиорига айланиб қолган.

Буюк бобомизнинг асарларини ёш авлодга ўргатиш, уларда қонимизда Навоийдек буюк зот қони оқаётганлигидан фахр туйғусини уйғотиб, унинг бебаҳо асарларидаги орзу-истакларини амалга ошириб яшашга ҳамиша бурчлимиз.

 

Насиба ЭШМУPОДОВА,

55-сонли мактаб ўқитувчиси.

(Фото - http://sv.zarnews.uz)

Янгиликни бўлишинг: