"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9455.24 +21.66
  • 1 EUR = 10438.6 +84.00
  • 1 RUB = 147.25 +1.25

ЖИСМОНИЙ ВА ЮPИДИК ШАХСЛАPНИНГ МУPОЖААТЛАPИ ЭЪТИБОPСИЗ ҚОЛМАЙДИ

Истиқлол йилларида мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва унинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада самарали ҳуқуқий база яратилди. Аввало, Конституциямизда белгилаб берилган нормалар асосида мамлакатимизда инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни ҳамда қадр-қиммати энг олий қадрият даражасига кўтарилди.

Ўз навбатида фуқароларимиз онг-тафаккурида юз бераётган ушбу ўзгаришлар ва бугун кундалик ҳаётимизда рўй бераётган янгиланишлар миллий қонунчилигимизни замон талабларидан келиб чиқиб такомиллаштириб боришни тақозо этаяпти.

Хўш, шу пайтгача амалда бўлган «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун ўрнига қабул қилинган янги қонуннинг янгилиги нимада?

Таъкидлаш лозимки, бугунги кунгача фуқаролар мурожаати 2002 йил 13 декабрда қабул қилинган «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири асосида тартибга солинар эди. Аммо ушбу қонунда юридик шахсларнинг мурожаати борасида қоидалар белгиланмаган, шунингдек, электрон мурожаатлар ҳам назарда тутилмаган эди.

Янги қонуннинг мақсади - фуқароларнинг давлат органларига мурожаат этиши тартибини янада такомиллаштириш, шунингдек, юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш билан боғлиқ ижтимоий муносабатларни тартибга солишдаги ҳуқуқий бўшлиқни тўлдиришдан иборат.

5 боб, 31 моддадан иборат «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонунда аввалги қонунга нисбатан бир қатор янгиликлар бўлиб, улар қуйидагиларда акс этади.

Биринчидан, тобора ривожланиб бораётган фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқларини таъминлаш, жумладан, юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш билан боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солишдаги ҳуқуқий бўшлиқ тўлдирилди.

Иккинчидан, мамлакатимизда ахборот технологиялари ривожланиши билан боғлиқ равишда кенг тарқалаётган «электрон мурожаат» турининг ҳуқуқий мустаҳкамланиши таъминланди.

Учинчидан, давлат органларининг, мансабдор шахсларнинг мурожаатларни кўриб чиқиш ва ҳал этишдаги масъулияти оширилди.

Тўртинчидан, қонунда амалиётда дуч келинаётган такрорий мурожаат, мурожаатнинг дубликати, қўшимча мурожаатлар масалаларига аниқлик киритилиб, таъриф берилди ва уларни кўриб чиқишнинг тартиби белгиланди.       Бу давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан мурожаатларни кўриб чиқишда ҳуқуқни қўллашнинг ягона амалиётини жорий қилиш имконини беради.

Қонуннинг номи аввалги қонунга нисбатан бирмунча ўзгартирилди ва кенгайтирилди. Бунда хорижий тажрибалар ҳам ўрганилиб, унинг миллий қонунчилигимиз билан уйғун, илғор жиҳатларига эътибор берилди. Қонунда янги субъект - юридик шахслар киритилишини ҳисобга олган ҳолда уни амалдаги қонунчилик терминологияси билан мувофиқлаштириб, бир-бирига мутаносиб номланиши мақбул деб топилди.

«Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонунда фақат фуқаролар эмас, балки юридик шахсларнинг ҳам мурожаатлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланди. Зеро, қонун ҳужжатларида фақат фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган эди. Шуларни ҳисобга олган ҳолда, қонунда юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишдаги қонунбузарлик учун тегишли маъмурий ва жиноий жавобгарликни белгилаш мақсадида Ўзбекистон Pеспубликаси Жиноят кодексининг 144-моддасига ва Ўзбекистон Pеспубликасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 43-моддасига тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Шу билан бирга, давлат органлари ва муассасалари масъул ходимларининг ҳам жисмоний, ҳам юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларга бўлган эътиборини, бу борадаги масъулиятини оширишни назарда тутувчи Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар қонун устуворлигини таъминлашнинг самарали ҳуқуқий механизмлари такомиллашувига, шунингдек, давлат органлари мансабдор шахсларининг фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш борасидаги масъулиятини янада кучайтиришнинг таъсирчан чораси яратилишига оид ғоялари билан мос эканлиги ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

Бир сўз билан айтганда, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини оширишга, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини бутун чоралар билан таъминлашга, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг мурожаатлар ўз вақтида ҳамда ҳар томонлама кўриб чиқилиши учун жавобгарлигини кучайтиришга хизмат қилади.

Э.Турсунов,

Ўзбекистон Pеспубликаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази тингловчиси.

(Фото - http://www.parliament.gov.uz)

Янгиликни бўлишинг: