"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8039 +176.83
  • 1 EUR = 9347.75 +265.41
  • 1 RUB = 118.05 +5.41

2015 йилда Амударё туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишлари тўғрисида

Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг 14-сессиясида туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Б.Эрназаровнинг ҳисоботи

Истиқлол йилларида мамлакатимизда "Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари” тамойили изчил амалга оширилмоқда. Бу борада қатор янги қонунлар қабул қилиниб, мавжуд қонунчиликка ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилмоқда.

Маълумки, 2014 йилда Конституциямизнинг 103-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, унга мувофиқ, вилоят, туман ва шаҳар ҳокими тегишли халқ депутатлари Кенгашига вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ҳамда долзарб масалалари юзасидан ҳисоботлар тақдим этиши, улар бўйича халқ депутатлари Кенгаши томонидан тегишли қарорлар қабул қилиниши белгиланган эди. 2015 йил 10 июндан кучга кирган "Ўзбекистон Pеспубликасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Pеспубликасининг Қонуни билан Ўзбекистон Pеспубликасининг 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунига янги 251-модда қўшилиб, унга кўра ҳокимнинг вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботини халқ депутатлари Кенгаши томонидан эшитиш амалиёти жорий қилинди.

Айтиш керакки, бу ўзгаришлар давлат ҳокимияти ва бошқарувини такомиллаштириш ҳамда янада демократлаштириш, маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятининг шаффофлигини кафолатлаш, депутатлик назорати институтини мустаҳкамлаш, партиялараро рақобатни кучайтиришда муҳим аҳамият касб этиб, маҳаллий Кенгашларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги ролини янада оширади ва ижро органларининг масъулиятини кучайтиради.

Ўтган 2015 йил нафақат мамлакатимиз, балки туманимиз учун ҳам одамларимизнинг муносиб ҳаёт даражаси ва сифатини таъминлаш, аввало муҳим ислоҳотларни, кўзлаган режаларамизни амалга ошириш йўлида катта бурилишлар ясаган йил бўлди.

Олиб борилган ишлар натижасида 2015 йилда тумандасаноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 122,7 млрд. сўмни ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан ўсиш суръати 116,7 фоизга, шундан ҳудудий саноат корхоналарининг ишлаб чиқариш ҳажми 57,0 млрд. сўмни ташкил қилиб, ўсиш суръати 109,9 фоизга, халқ истеъмол молларини ишлаб чиқариш ҳажми 43,2 млрд. сўмни ташкил қилиб, ўсиш суръати 102,6 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришҳажми 189,5 млрд. сўмни ташкил қилиб, ўсиш суръати 109,6 фоизга, капитал қўйилмалар ҳажми 58,6 млрд. сўмни ташкил қилиб, ўсиш суръати 102,4 фоизга, қурилиш ишлари ҳажми 56,8 млрд. сўмни ташкил қилиб, ўсиш суръати 100,4 фоизга етди.

2015 йилда туман мақсадли дастурлари ижроси бўйича жами 12 млрд. 407 млн. сўмлик 183 та лойиҳа амалга оширилиб, 632 та янги иш ўринлари яратилди, уларга эса 5 млрд. 964 млн. сўм тижорат банклари кредитлари ажратилди.

2015 йил учун ишлаб чиқилиб, тасдиқланган Саноат салоҳиятини ривожлантириш Дастурига жами қиймати 3 млрд. 221 млн. сўмлик 14 та лойиҳа киритилиб, улардан 10 таси қурилиш йўналиши бўйича (қиймати 2 640,0 млн. сўм), 4 таси енгил саноат ҳамда бошқа йўналишлар бўйича (қиймати 581,0 млн. сўм) лойиҳалар эди. Уларда йил давомида жами 198 та янги иш ўринларини яратиш белгилаб олинган эди, амалда дастур ижроси 100 фоизга тўлиқ бажарилиб, 202 та янги иш ўринлари яратилди.

Мазкур лойиҳаларга жами 2 млрд. 502,0 млн. сўмлик инвестициялар киритилиб, шундан тижорат банклари маблағлари 1 млрд. 640,0 млн. сўмни, лойиҳа ташаббускорларининг ўз маблағлари эса 862,0 млн. сўмни ташкил қилди.

Туманда 2015йил якунида ҳаракатдаги баҳоларда 112,7 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 2014 йилга нисбатан (солиштирма нархларда) ўсиш суръати 116,7 фоизни ташкил этди.

2015 йилда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида жами 7 млрд. 228 млн. сўмлик инвестицияларни жалб қилиш ҳисобидан 112 та лойиҳани амалга ошириш ҳамда 233 та янги иш ўринлари ташкил этиш режалаштирилиб, амалда йил якуни билан хизмат кўрсатиш ва сервис йўналишида умумий қиймати 7 млрд. 266 млн. сўм миқдорида жами 112 та лойиҳалар амалга оширилди ва 236 та янги иш ўринлари яратилиб, умумий Дастурнинг йиллик ижроси тўлиқ бажарилди.

Жумладан, 1 та мини футбол майдончаси қуриб битказилди, 1 та уяли алоқа хизматига тўловларни қабул қилиш шохобчаси, 40 та савдо дўкони, 19 та умумий овқатланиш шохобчаси, 1 та молия хизмати кўрсатиш маркази, 1 та новвойхона, 5 та сартарошхона, 3 та дорихона, 3 та кийим тикиш ва таъмирлаш устахонаси, 1 та пойабзал тикиш ва таъмирлаш устахонаси, 1 та тегирмонда донни майдалаш, 11 та автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчалари, 2 та автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаси ва 5 та бошқа маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ишга туширилди.

Ушбу шохобчаларни ташкил қилиш жараёнида тижорат банклари томонидан 2 млрд. 551 млн. сўмлик кредитлар ажратилди.

Мазкур лойиҳалар томонидан ушбу даврда 315,9 млн. сўмлик хизматлар кўрсатилди.

Озиқ-овқат дастурига 2015 йилда жами қиймати 2 млрд. 692 млн. сўмлик 57 та лойиҳа киритилиб, шундан қорамолчилик йўналишида 2 млрд. 329 млн. сўмлик 38 та лойиҳа, паррандачилик йўналишида 65,0 млн. сўмлик 1 та лойиҳа, балиқчилик йўналишида 204,0 млн. сўмлик 10 та лойиҳа ва асаларичилик йўналишида 94,0 млн. сўмлик 8 та лойиҳалар киритилган эди.

Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш натижасида 571 бош қорамол, 3000 та парранда олиб келиш, 80 та асалари уялари ва 28,4 гектар сунъий сув ҳавзаларида балиқ боқишни ташкил қилиш ва уларда жами 194 та иш ўринлари яратиш режалаштирилиб, амалда дастур ижроси тўлиқ таъминланди.

Шулар қаторида бугунги кунда туманда иқтисодиётнинг барча тармоқларида фаолият кўрсатиб келаётган корхона ва ташкилотларнинг мавжуд дебитор ва кредитор қарздорликларини қисқартириш борасида амалга ошираётган ишларга ҳам тўхталиб ўтмоқчиман.

Жорий 2016 йилнинг 1 январь ҳолатига қишлоқ хўжалиги корхоналарининг хизмат кўрсатувчи ва таъминотчи корхоналардан жами қарздорлиги 7 млрд. 643,4 млн. сўмни ташкил қилади.

Жумладан, қишлоқ хўжалиги корхоналарининг нефть маҳсулотларидан 3 млрд. 224,4 млн. сўм, "Қишлоқхўжаликкимё” ҲАЖдан 3 млрд. 278,2 млн. сўм, электр таъминоти корхонасидан 361,5 млн. сўм, машина-трактор паркларидан 110,5 млн. сўм, "Амударё Агротехсервис МТП” ДАЖдан 22,6 млн. сўм, ўсимликларни ҳимоя қилиш отрядидан 323,4 млн. сўм, "Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг” АЖдан 322,8 млн.сўм қарздорлиги мавжуд бўлиб, 2015 йилнинг 1 январь ҳолатига нисбатан мавжуд қарздорлик 355,6 млн. сўмга камайтирилган.

Ўзбекистон Pеспубликаси Вазирлар Маҳкамаси топшириқлари асосида ҳаракатдаги фермер хўжаликларининг хизмат кўрсатувчи ва таъминотчи ташкилотлардан дебитор ва кредитор қарздорликларини камайтириш юзасидан туман ишчи гуруҳи ташкил қилинди ва иш олиб бормоқда.

Шунингдек, коммунал соҳада истеъмолчиларнинг таъминотчи корхоналар олдидаги қарздорлигини камайтириш бўйича ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда. Амударё туман электр таъминоти корхонаси 2015 йилда истеъмолчиларга 16 551,6 млн. сўмлик электр энергияси етказиб берган бўлиб, жами 16 605,6 млн. сўм миқдорида тўловлар ундирилган.

Ўтган йил давомида 2113 та хонадон фойдаланган электр энергиясидан 880 млн. 378 минг сўм, 410 та улгуржи истеъмолчи 780 млн. 330 минг сўм, 1703 та маиший истеъмолчи 100 млн. 48 минг сўм қарздорлиги сабабли электр тармоғидан ажратилган.

2015 йил давомида аҳолига 7 623,0 млн сўм, улгуржи истеъмолчиларига 1 473,9 млн. сўм, жами 9 096,9 млн. сўмлик табиий газ етказиб берилди. Истеъмолчилардан жами 9 740,9 млн. сўм миқдорида тўловлар ундирилган.

Ўтган йил давомида 3504 та хонадон табиий газдан жами 747,1 млн. сўм миқдорида қарздорлиги сабабли газ тармоқларидан ажратилган, шундан йил давомида қарздорлиги қайта ҳисоб-китоб қилинган 2887 та хонадондан жами 582,87 млн. сўм ундирилиб, табиий газ тармоқларига қайта уланди. 499 та истеъмолчилардан мавжуд 290,47 млн. сўм миқдоридаги қарздорликни ундириш учун суд ва нотариал идораларига мурожаат қилиниб, 470 та истеъмолчилардан 264,8 млн. сўм қарз ундирилишига эришилди.

2015 йилда туман бўйича истеъмолчиларга жами 528,3 млн. сўмлик, жумладан, аҳолига 424,3 млн. сўм, улгуржи истеъмолчиларга 104 млн. сўм миқдорида ичимлик суви етказиб берилди. Истеъмолчилардан жами 633,5 млн. сўм тўловлар ундирилишига эришилди.

Туман ҳокимлиги ва тегишли мутасадди ташкилотлар коммунал тўловлардан қарздорликни бартараф қилиш бўйича тизимли равишда иш олиб бормоқдалар.

Туманда 2015 йилга янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури ишлаб чиқилиб, йил давомида 5296 та янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш режалаштирилган эди.

Дастурга кўра амалда 5337 та янги иш ўринлари ташкил этилди, режа 100,8 фоизга бажарилди. Яратилган иш ўринларининг 86,1 фоизи қишлоқ жойларига тўғри келади.

Жумладан, мақсадли дастурларга мувофиқ 787 та, тижорат банкларининг кичик корхоналар ва микрофирмаларни ташкил қилишга ажратган кредитлари ҳисобидан 2073 та, якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобидан 281 та, уй меҳнатининг барча шаклларини ривожлантириш ҳисобидан 935 та, фермер хўжаликларини ривожлантириш ҳисобидан 1261 та янги иш ўринлари яратилди.

Туманимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, жумладан коллеж битирувчиларини эгаллаган мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштириш борасида ҳам қатор ижобий ишлар амалга оширилди.

2014-2015 ўқув йилида туманимизда мавжуд 7 та касб-ҳунар коллежларини 2571 нафар ўқувчи ўз йўналишлари бўйича битирди. Битирувчиларни ишга жойлаштириш мақсадида уч томонлама шартномаларнинг сифатлилигига эътибор қаратган ҳолда мос йўналишдаги ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорликни ташкил этиб, ўз мутахассисликлари бўйича амалиёт ўташлари учун туманда фаолият кўрсатаётган 614 та корхона, ташкилот ва муассасаларга бириктирилди. Бу кўрсаткич ўртача хар бир корхонага 4,1 нафардан тўғри келди.

Коллеж битирувчиларини ишга жойлаштириш юзасидан уч томонлама шартномалар тузиш 98,9 фоиз амалга оширилди, чунки турли сабабларга кўра четга чиқиб кетган ёки мунтазам дарсга қатнашмаган 29 нафар битирувчи билан шартномалар тузилмади. Туман ҳокимлиги, иқтисодиёт бўлими ҳамда Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази томонидан коллеж битирувчиларини доимий бўлган иш ўринларига ишга жойлаштириш мунтазам равишда мониторинг қилиб борилмоқда. Бугунги кунгача касб-ҳунар коллежларининг 2571 нафар битирувчиларидан 2568 нафарининг бандлиги таъминланди.

Шундан: 2376 нафари доимий иш ўрни билан таъминланган бўлса, 118 нафари тижорат банкларидан 700 млн. сўмликдан ортиқ имтиёзли кредитлар олиб, ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлади. 74 нафар битирувчилар эса олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиндилар. Қолган 3 нафар битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини оширишда ҳудудий корхоналар томонидан экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни экспортга жўнатишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Туманимизда ҳам бу соҳага эътибор қаратилиши натижасида кейинги 3-4 йил давомида ҳудудий корхоналар томонидан маҳсулотлар экспорти йўлга қўйилмоқда.

2015 йил учун туманимиздаги 6 та корхонага 2101,0 минг АҚШ доллари миқдорида экспорт прогнози белгиланган эди, белгиланган экспорт прогнози топшириғини бажариш мақсадида олиб борилган ишлар натижасида 2015 йилги топшириқ 2152,3 минг АҚШ доллари миқдорида, яъни 102,4 фоизга бажарилиши таъминланди.

Ҳудудий корхоналар томонидан маҳсулотлар экспорт ҳажмини ошириш мақсадида олиб борилган ишлар натижасида ўтган 2015 йилда экспортёр корхоналар сафига "Жумамурод Нонбой” фермер хўжалиги янгидан киритилиб, фермер хўжалиги томонидан 143,7 минг долларлик қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорт қилишга эришилди.

Туманда ўтган 2015 йил сарҳисоб қилиниб, 2016 йилга мўлжалланган экспорт прогнози белгилаб олинди. Жорий 2016 йилга белгиланган туманнинг экспорт прогнози 2622,1 минг долларни ташкил қилади.

2015 йилда ижтимоий соҳада ҳам қатор ишлар амалга оширилди. "Кексаларни эъзозлаш йили” туман дастури ижросини таъминлаш учун 16 млрд. 474 млн. сўм, 88 минг АҚШ долларидан ошиқроқ маблағ сарфланиши режалаштирилган бўлиб, амалда давлат дастури бандларида белгиланган вазифаларга сарфланган маблағлар 18 млрд. 490 млн. 400 минг сўм, 88 минг 50 АҚШ долларини ташкил этди, яъни режа 113 фоизга бажарилди.

Кексаларимизни ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий томондан қўллаб қувватлаш мақсадида йил давомида уларнинг ҳолидан хабар олиб турилди, турли тадбир ва байрамларда совға-саломлар улашилди.

1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, шунингдек ёлғиз ва ижтимоий мададга муҳтож кекса кишиларнинг уйларини ҳашар йўли билан жорий таъмирлаш, зарур ҳолларда эса мукаммал таъмирлашни амалга оишириш мақсадида ҳар бир фуқаролар йиғинларида ҳар йили бир нафардан жами 141 нафар кишини қамраб олган ҳолда 2015-2017 йиллар мобайнида ҳаётга татбиқ қилиниши кўзда тутилган махсус чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, 2015 йилга мўлжалланган бандлари тўлиқ амалга оширилди.

19 нафар уруш ва меҳнат фронти фахрийлари муҳтарам Президентимиз томонидан "Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги” эсдалик юбилей медали, телевизор, уяли алоқа телефони ҳамда бир марталик пул мукофоти билан тақдирландилар.

2016 йилнинг "Соғлом она ва бола йили” деб белгиланиши муносабати билан шу номда қабул қилинадиган Pеспублика дастурига таклифлар ҳамда туман дастури лойиҳаси тайёрланмоқда. Ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни шакллантириш, она ва бола саломатлигига эътибор қаратишдек кенг қамровли вазифаларни бажариш кўзда тутиладиган мазкур дастурнинг ижроси йил давомида назоратга олинади.

Туманда жами 82 та умумий ўрта таълим мактаблари, 37 та мактабгача таълим муассасалари, 3 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, 2 та мусиқа ва санъат мактаби ҳамда "Баркамол авлод” болалар марказида ёш авлодга сифатли таълим-тарбия бериб келинмоқда.

2014-2015 ўқув йилида туманимиздаги мактабларнинг 9-синфини жами 3075 нафар ёшлар, жумладан 1525 нафар қизлар тамомлаб, уларнинг барчаси академик лицей ва касб-ҳунар коллежларига ҳужжат топшириб, таълимнинг кейинги босқичига тўлиқ жалб қилинди.

Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида 2015-2016 ўқув йилида 719 та фан тўгараклари ташкил қилинган бўлиб, уларга 13152 нафар ўқувчи жалб қилинган. Шунингдек умумтаълим мактабларида ташкил қилинган 435 та спорт тўгаракларига 9642 нафар ўқувчи, спорт мактабларида спортнинг 20 тури бўйича ташкил қилинган тўгаракларга 1138 нафар иштирокчи, мусиқа ва санъат мактабларида ташкил қилинган 15 та тўгаракларга 262 нафар ўқувчилар мунтазам равишда қатнайдилар.

Бир сўз билан айтганда, туманимизда келажагимиз эгалари бўлмиш ёш авлодга замон талабларига мос таълим-тарбия берилмоқда.

2015 йилда туманимизда тиббиёт соҳасида ҳам бир қанча ишлар амалга оширилди. Бугунги кунда туманимиз аҳолисига даволаш-профилактика муассасалари малакали тиббий хизмат кўрсатмоқда. Тиббий хизмат сифатини янада ошириш, тиббиёт ходимларининг касбий салоҳиятини кўтариш мақсадида малака ошириш ўқишлари ҳамда тиббиёт муассасаларини янги асбоб-ускуналар билан таъминлаш ишлари тизимли равишда амалга оширилмоқда.

Туман бўйича биргина 2015 йилда Марказий шифохона фтизиатрия бўлимида 1,5 млрд. сўм бюджет маблағлари ҳисобидан капитал таъмирлаш, Қипчоқ овулида 45 ётоқ ўринли Силга қарши кураш диспансери биносида 2,5 млрд. сўмлик реконструкция ишлари амалга оширилди.

"Саломатлик-3” лойиҳаси бўйича замонавий рақамли компьютерлаштирилган рентген аппаратлари ўрнатилиб, ишга туширилганлигини, "Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остида биргина 2015 йилнинг ўзида туманимизда 3 марта Pеспублика ихтисослашган илмий марказлари юқори малакали тиббий ходимлари иштирокида бепул тиббий кўриклар ташкил қилинганлигини инобатга оладиган бўлсак, туманимизда бу соҳага ҳам катта эътибор берилаётганлигининг гувоҳи бўламиз.

Соғлиқни сақлаш тизимига қаратилаётган алоҳида эътибор сабабли туманимиз тиббиёт соҳасида бир қанча ижобий кўрсаткичларга эришилди, бунга биргина мисол: 2009 - 2015 йиллар давомида Амударё туманида оналар ўлими умуман қайд қилинмади.

Ўтган 2015 йилда пудрат ташкилотлари томониданинвестиция дастурига асосан бюджет маблағлари ҳисобидан жами қиймати6,4 млрд. сўм бўлган 10 та объект (3 та ижтимоий объект, 7 та сув тармоқлари объектлари) қурилиши режалаштирилиб, 6,4 млрд. сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди ҳамда барчаси фойдаланишга топширилди.

Туманимизда аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи катта эканлиги ҳисобга олиниб, жами узунлиги 7,9 км. бўлган сув тармоғи қурилиши ва Манғит шаҳар 2-сув кўтариш насос станцияси реконструкцияси учун 1 млрд. 611,3 млн. сўм ажратилиб, ушбу қурилиш ишлари "Амударё қурилиш” МЧЖ, "Амударё махсус қурилиш” МЧЖ, "Манғит инвест максимум” МЧЖ томонидан сифатли амалга оширилди.

Шунингдек, намунавий лойиҳа асосида уй-жойлар қурилган 3 та массивига инвестиция дастурига мувофиқ қурилиш қиймати 265,8 млн. сўмлик, жами узунлиги 2,212 км. сув тармоғи қуриш ишлари бажарилди.

Бундан ташқари, 2015 йилда болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 55-сонли мактабга спорт зали ва 9-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида реконструкция ишлари амалга оширилиб, бу ишларга жами 2 млрд. 307,8 млн. сўм ажратилди.

Ўтган 2015 йил давомида "Чойкўл” овули ва "Уйшин” маҳалласи ҳудудларида маданият ва аҳоли дам олиш марказлари фойдаланишга топширилди.

Ҳукуматимиз қарорларига асосан Манғит шаҳри Гулзор маҳалласида смета баҳоси 6 млрд. 64 млн. 695 минг сўм бўлган 4 қаватли, 48 квартирали "Камолот” уйлари қурилиб, белгиланган тартибда имтиёзга эга бўлган ёш оилаларга берилди.

Осиё тараққиёт банки маблағи ҳисобидан 1 млн. 402 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилиб, туманимизнинг Бўз ёп овулида қурилиши режалаштирилган 20,7 км. узунликдаги сув тармоғининг 18,2 км. қисми қурилди. Сув тармоғи қурилиши давом қилдирилмоқда.

Шунингдек, туманда 3 та массивда 75 та, яъни, Босув массивида 40 та, Тақирқалъа массивида 15 та, Вахум массивида 20 та намунавий лойиҳалар асосидаги уй-жойлар қурилиши режалаштирилиб, 12 млрд. 715,1 млн. сўм маблағ ажратилди. Йил давомида 59 та уй қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Давлат ва маҳаллий аҳамиятдаги йўлларни тўла ва жорий таъмирлаш бўйича 2015 йилга жами 3 млрд. 267,9 млн. сўм маблағ ажратилиб, кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

2016 йилги Инвестиция дастури бўйича давлат бюджетидан 11 та объектга 6 млрд. 185 млн. сўм маблағ ажратилган эди. Ўрта қалъа овулидаги 57-сонли мактабни реконструкция қилиш ва қўшимча 60 ўқувчи ўринли хоналар қурилиши, Оқ олтин овулидаги 71-сонли мактабни реконструкция қилиш ҳамда қўшимча 160 ўқувчи ўринли хоналар қурилиши, шунингдек, Оқ олтин овулидаги 7-мактабни, Куюк кўпир овулидаги 14-мактабни, Бобур номли овулдаги 48-мактабни, Қипчоқ овулидаги Амударё агробизнес касб-ҳунар коллежи биносини капитал таъмирлаш ишлари режалаштирилган. Бундан ташқари, болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Тўлқин овулидаги 32-сонли мактабга ва Қиличбой овулидаги 34-мактабга спорт заллари қурилиши кўзда тутилмоқда.

Аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган талабини қондириш мақсадида жорий йилда Манғит шаҳрида 6,7 км. узунликдаги сув тармоғи реконструкция қилиниб, халқасимон сув тармоғи яратилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, Ўрта қалъа овули PУ-1 сув иншоотидан Тош ёп аҳоли пунктигача 2,1 км. узунликда сув тармоғи қурилиши ва сув хавзасига қўшимча насос ўрнатиш ишлари амалга оширилади. Ушбу объектлар бўйича тендер савдоси ўтказилмоқда ва шартномалар тузилмоқда.

Шунингдек, жорий йилда Ободонлаштириш бошқармаси ҳисобидаги 7 та кўчанинг 3,69 км. қисмини жорий ва мукаммал таъмирлаш ишларига 845,7 млн. сўм ажратилган.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида туманимиз фермерлари бу йил ҳам давлатга пахта, ғалла ва пилла топшириш бўйича шартномавий режаларини Pеспубликамизда биринчи бўлиб, ортиғи билан бажардилар.

Жорий йилда фермер хўжаликлари тасарруфидаги ер майдонлари ҳажмлари янада мақбуллаштирилиб, туманимизда фаолият юритаётган фермер хўжаликлари сони 528 тага етказилди. Улар тасарруфидаги ер майдонлари ўртача 61,4 гектарни ташкил қилди.

Муҳтарам Президентимиз мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида таъкидлаганидек, "Биз озод ва обод Ватанимиз мустақиллигининг қутлуғ 25 йиллиги кенг нишонланадиган 2016 йилга катта мақсад ва режалар билан қадам қўйдик. Янги тарихимизнинг энг ёрқин саҳифасини ташкил этадиган ана шу буюк санага ҳар томонлама муносиб ва салмоқли ҳисса қўшиш Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси учун улкан шарафдир”.

Фурсатдан фойдаланиб, Сиз – азиз депутатларни, туманимиз фаолларини 2016 йилга белгиланган иқтисодий ва ижтимоий дастурларни амалга оширишда фаол иштирок этган ҳолда туманимиз ва мамлакатимизнинг иқтисодий ривожига, аҳоли турмуш фаровонлигининг янада яхшиланишига ҳисса қўшишга чақираман. Бу йўлда барчангизга соғлик, оилаларингизга бахт, ишларингизга муваффақиятлар тилайман!

Янгиликни бўлишинг: