"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9455.24 +21.66
  • 1 EUR = 10438.6 +84.00
  • 1 RUB = 147.25 +1.25

“ФАPЗАНДИМ – ДАВЛАТИМ”, ДЕГАН ОНАЛАP

Ўзбек халқи учун Оила қадрияти барча қадриятлардан азиз. Ўзбек учун оила – энг аввало меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат, эътибор ва мурувват, қон-қариндошлик, авлодлар бардавомлиги илдиз отгувчи муқаддас қўрғон. Ана шу қўрғоннинг ободлигидан маҳалла ранг олади, Ватан гуллаб-яшнайди. Шунданми, ўзбек оилаларининг пир-у бадавлат момо ва  боболари оиланинг мустаҳкамлиги учун, авлодлар бардавомлиги учун умрларини бахш этадилар. Ўнта бўлса ўрни, қирқта бўлса қилиғи бошқа фарзандларини кўзлари қароғида асрайдилар, фарзанди-жонларининг соғлом, баркамол инсонлар бўлиб етишмоқларини истаб яшайдилар.

Яхши ният, яхши тилак ҳар кимга йўлдош бўлса, Аллоҳнинг сийловига мушарраф бўлади, деганлари нақадар рост. Куюк кўпир овулида яшовчи Ҳайитбой оға Кетебоев ҳамда Гулора опа Абатовалар ўғиллари Бахтжонни уйлантириш тўйида ёр-биродарлари, қариндошларининг яхши тилакларига "илоҳо омин!” – дейишдан чарчашмади. Ҳатто:

- Эгиз-эгиз ўғил-қиз неваралар билан атрофингиз тўлиб кетсин! – десалар,  Гулора опа қувончдан яшнаб:

- Худойим ёрлақаб 10 та эгизак берса ҳам минг-минг шукрона билан ўзим улғайтираман-а! Айнанайин тилингдан бовурим-ай! – деганди.

Қаранг-а, Ҳайитбой оға билан Гулора опа хонадонига янги 2016 йил катта қувонч бошлаб келди.

- Қўша-қўша давлатли бўлдик, - дейди бир йўла учта эгизак невараларнинг  момо ва бувасига айланган Ҳайитбой оға билан Гулора опа. – Бир фарзандимиз Аллоҳнинг инояти билан бешов бўлди-я!

Фарзандини давлатим, бойлигим, деб қувончларини эл-юрт билан баҳам кўраётган Ҳайитбой оға билан Гулора  опанинг ўғли Бахтжон ва келини Гуласал бири-биридан ширин икки қиз ва бир ўғилнинг ота-онаси бўлишди. Чақалоқларга Алия, Альфия, Айдос деб исм қўйишди.

Жажжи қизалоқларни "Барчинларим, Тўмарис қизларим, митти Айдосни Алпомишим!” – деб қўлидан қўймай, эркалаб-суйиб ўтирган Ҳайитбой оға билан Гулора опага дилимизда ҳавас уйғонди.

Хитой овулида яшовчи онахон Шукуржон эна ва Қўзибой ота Оллоёровларнинг ўғли Ғуломжон ва келинлари Сабоҳатой эса бир йўла уч нафар қизалоқларнинг ота-онаси бўлишди. Ойша, Фотима, Зуҳра исмли қизалоқлар айни кунда соғлом ва тетик улғайишмоқда.

- Қизалоқларим – ширин қандларим, - дейишади Қўзибой ота билан Шукуржон эналар анчагина улғайиб, талпинчоқ бўлиб қолган невараларига меҳр билан.

- Фарзанд – кўнгил ганжинаси, - дейди Шукуржон эна. – Уни ўғил ёки қиз деб ажратиш – гуноҳ. Қолаверса, фарзандинг, агар у ўнтами, қирқтами, ундан ҳам ошиқми, ўрни ҳам қилиғи ҳам бошқача-да. Энг муҳими эса Аллоҳ берган ана шу ганж-у марваридни соф асраб-авайлашда, уларнинг хулқини, феълини яхши фазилатлар билан зийнатлашда.

Неваралар қувончидан хонадонлари обод, кўнгиллари обод бу инсонларга дилда ҳавасимни яширмадим. Беихтиёр дилдаги ҳавас шеърий сатрларга кўчди:

Ватаннинг бир гўшаси – Амударёда,

Полвонлар улғаяр тенгсиз дунёда.

Авлодлар баркамол, бахти зиёда –

"Алпомиш ўғлонга ўхшайди” бари.

 

Бири ўзбек, бири қозоқ онаси –

Обод маконларнинг гул-у лоласи.

Бағрини тўлдириб турган боласи –

Қон-қардош элимга ўхшайди бари.

 

Бир ҳовлида яшар бобо, невара,

Балки қирқ ё эллик..., юзта чевара.

Дунёга келса-да неча эвара

Битта хонадонга сиғади бари!

Кўрдингизми, азизлар! Бизнинг халқ шундайин танти, шундайин бағрикенг, шундайин жўмард! Ана шу феъли учун Аллоҳ унга асл, илиги тўқ, меҳр-оқибатли фарзандлар ато этади ва яна ато этаверади. Ана, қаранг-да, Хитой овуллик Қўзибой  ота ва Шукуржон эналарнинг Алпомиш ўғли Ғуломжон билан Сабоҳатларнинг Барчин қизларига бир боқинг! Соғлом, кўзлари чақноқ! Эна-бувасига, ота-онасига, ҳаётга, Ватанга талпиниб-талпиниб улғайишаётир қизалоқлар.

Ҳайитбой оға Кетебоев билан Гулора опа Абатоваларнинг исми жисмига монанд ўғиллари Бахтжон билан Гуласалхон келиннинг бағрини тўлдирган Алия,Альфия, Айдос исмли чақалоқларнинг ниҳоятда соғломлик уфуриб турган юзчаларидан суйгингиз келдими? Албатта, улар бир куни улғайиб жасоратли, мард-у майдон бўладилар, элим, юртим, деб ёниб яшагувчи баркамол фарзандлар бўлишади.

Бугун эса бу жажжи кичкинтойлар она Ватан ардоғида, ғамхўрликлари соясида соғлом улғайишмоқда. Момо ва бувалари, ота-оналари меҳридан, она Ватан муҳаббатидан куч олиб, кун сайин кўзларни қувонтириб, ҳаётга, Ватанга талпиниб-талпиниб улғаяётган гўдаклар камолидан бир куни улар улғайган оила бағри, она юрт бағри обод бўлишига ишончимиз комил.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ

олган суратлар.

Янгиликни бўлишинг: