"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8314.85 +14.80
  • 1 EUR = 9408.25 -3.29
  • 1 RUB = 123.85 -2.39

СУPУНКАЛИ ГЕПАТИТДАН ЎЗИНГИЗНИ ҲИМОЯ ҚИЛИНГ

Вирусли гепатит В, С ва Д - юқумли касалликлар бўлиб, бунда вируслар айнан жигар ҳужайраларини жароҳатлайди. Бу вируслар  одам организмига қон ва жинсий йўллар орқали ўтади.

Касаллик асосан гепатитга чалинган  беморлардан юқади. Вируслар кўплаб миқдорда уларнинг ахлати, пешоби, сўлаги, нафас йўлларининг шилимшиқ моддалари, қони, шаҳвати, жинсий аъзо ажралмаларида  сақланади. Вирусли гепатитнинг В, С ва Д турлари гиёҳвандлар игна ва шприцлардан умумий фойдаланганда, қўзғатувчилари - вирусларни  ташиб юрувчи шахслар билан жинсий алоқада бўлганда, организмга вирус билан зарарланган қон ва қон маҳсулотлари қуйилган-да, тиш чўткаси, соқол олиш, тирноқ олиш ва тозалаш анжомларидан умумий фойдаланилганда, етарли даражада зарарсизлантирилмаган тиббий асбоблар орқали турли хил тиббий (стоматологик, гинекологик, жарроҳлик ва бошқа) муолажалар олганда юқиши мумкин. Бу касаллик онадан болага ҳомиладорлик даврида ва туғиш пайтда юқиши мумкин.

Организмга вирус тушиши билан касаллик бирданига бошланмайди, дастлаб вирус организмда кўпая бошлайди. Бу жараён клиник белгиларсиз кечади ва касалликнинг яширин даври дейилади. Гепатитнинг В, С, Д, турларида яширин давр 6 ойгача давом этиши мумкин.

Касалликнинг бошланғич даврида дармон қуриши, иштаҳанинг йўқолиши, кўнгил айниши, овқатлангандан кейин қайт қилиш каби ҳолатлар кузатилади.  Баъзида касаллик оёқ бўғимларининг оғриши ва грипп кўринишида ҳам намоён бўлиши мумкин. Шунингдек, беморнинг пешоби қизаради (меъёрда пешоб тўқ сариқ рангда бўлади).

Касалликнинг сарғайиш даври 1-2 ҳафта давом этади. Бу даврда аввал кўзнинг шиллиқ пардаси, тирноқ ва тери сарғаяди. Вирусли гепатитнинг В, С турларида кўпинча яққол сариқлик белгилари кузатилмайди.

Касаллик кўп холларда яширин кечади. Касалликнинг вақтида аниқланмаслиги ва даволанмаслиги жигар фаолиятининг етишмовчилиги, жигар циррози каби оғир асоратларни  юзага келтириши мумкин. Шуни унутмаслик керакки, касалликнинг яширин ва бошланғич даврларида ва яққол белгиларсиз кечадиган турларида бемор атрофдагилар учун ўта хавфли бўлади. У ўзи билмаган ҳолда оила аъзоларига ва яқинларига касалликни юқтириб қўйиши мумкин.

Вирусли гепатит В касаллигининг олдини олишда энг самарали восита бу – эмлашдир. Ҳозирги вақтда болалар эмлаш календарига мувофиқ гепатит В га қарши эмланади. Гепатит С га қарши вакцина ҳали ишлаб чиқилмаган. Агар ўзингизга, оила аъзоларингизга, энг муҳими, фарзандингизга касаллик юқмасин, десангиз шахсий гигиена қоидаларига риоя қилинг. Яъни тиш чўткаси, соқол олиш, тирноқ тозалаш асбобларидан фақат шахсий тарзда фойдаланинг, ҳар гал укол  олаётганингизда бир марталик шприцлардан фойдаланишни унутманг.

Тиббий муолажа олаётганингизда зарарсизлантирилган асбобларнинг ишлатилишига қатъий эътибор беринг, гиёҳванд моддаларни ҳаттоки таътиб ҳам кўрманг. Ичкиликбозлик, кашандалик каби ярамас иллатлардан йироқ бўлинг ва ўзингизни, фарзандларингизни гепатит В га қарши эмлатинг.

Соғлигингиз ўз қўлингизда. Уни доимо авайлаб-асрашга ҳаракат қилинг. Инсон бахти, саодати ва камоли  унинг саломатлигига боғлиқдир.

 

Давронбек Гулмирзаев, туман ДСЭНМ санитария шифокори.

(Фото - http://oboleznjah.ru)

Янгиликни бўлишинг: