"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9550.76 +42.11
  • 1 EUR = 10620.5 +11.10
  • 1 RUB = 156.59 +2.57

СУВ – БЕБАҲО НЕЪМАТ!

Оламда тоза сувдан кўра қимматлироқ, азизроқ нарса бўлмаса керак. Усиз ҳаёт йўқ, бўлиши ҳам мумкин эмас. Буни ҳар бир киши тушуниб етиши, доимо эсда тутиши ва сувни эҳтиёт қилиши ҳам фарз, ҳам қарз. Сувни қадрлаш – ҳаётни ҳимоя қилиш, соғликни, фаровонликни, табиат гўзаллигини ҳимоя қилиш дегани. Чунки, биз ким, қайси соҳа вакили бўлмайлик, ҳаётимиз сув билан боғлиқ.

Сайёрамиздаги тоза сувни сақлаб қолиш айни кунда бутун инсониятни жиддий ташвишга солиб турган муаммолардан биридир. Ҳозирги кунимиз, келажагимизнинг фаровонлиги ва соғлом ҳаёт тарзимиз, атроф-муҳит гўзаллиги ва тозалиги – сувга боғлиқ эканлигини кўпчилик англамайди, сувни ҳеч қачон тамом бўлмайдиган бойлик деб ўйлайди. Асосий чучук сув манбаи бу – дарёлардир. Бизнинг асосий сув манбаимиз Амударё ва Сирдарё ҳисобланади. Ҳозирги кунда бу иккала дарёнинг сув захираси камайиб бормоқда. Инсонлар ўз қўллари билан табиий мувозанатнинг бузилишига сабабчи бўлмоқда. Бу сувга бўлган талабнинг ўсишига олиб келаётгани ҳаммага равшан.

Бундан ташқари, сувдан тежаб-тергаб фойдаланмаслик, исрофгарчиликка йўл қўйилаётгани ҳам сув танқислигининг келиб чиқишига сабаб бўлувчи омиллардир.

Ҳозир айни кунда туманимиз деҳқонлари кузги-қишки шўр ювишни давом эттирмоқдалар. Келгуси йил ҳосили учун муҳим бўлган бу тадбирни амалга ошириш жараёнида Амударёмизнинг зилол сувлари исроф бўлаётган ҳолларга ҳам дуч келамиз. Бу арзимасдек кўринса-да, аслида бебаҳо бойлигимизнинг увол бўлаётганидир.

Дунёда неча миллионлаб аҳоли чучук сув танқислигидан азият чекаётган даврда биз бундан тегишли хулоса чиқариб, табиий сув захираларимиздан тежаб-тергаб фойдаланишимиз лозим.

 

Нусрат КАМОЛОВ,

76-сонли мактаб ўқитувчиси.

(Фото - http://tashkent.uz)

Янгиликни бўлишинг: